Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:25

Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ишчи гуруҳининг Москва йиғилишида Ўзбекистон масаласи


13 декабр куни Россия ахборот воситалари Москвада Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтиши тўғрисида хабар тарқатди. Маълумотларга кўра, йиғилишда Ўзбекистонни ташкилотга қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш масаласи муҳокама қилинган. Бундай ҳамкорликдан Тошкент ҳукуматига нима етади-ю, халққа нима?

Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилишдан Ўзбекистон ҳукумати қандай мақсад кўзламоқда?

Британиядаги “Economic Intelligence Unit” тадқиқот маркази таҳлилчиси Анна Уолкер фикрича, бундан сиёсий мақсад кўзланмоқда:

“Бу сиёсий нуқтаи назардан аввало ҳукуматга фойдали. Ўзбекистонни аъзоликка қабул қилиш орқали ташкилот ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаётганини кўрсатишга уринади. Аммо келишув шартларини бажаришни унчалар хоҳлашмайди”, – деди британиялик таҳлилчи.

Иқтисодий масалалар бўйича ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Ориф Хошимов ҳам Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиши ортида аввало сиёсий мақсад ётишини айтади:

“Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган режим Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ҳамжамиятига қўшилиш орқали икки мақсадга эришди. Аҳолининг жуда катта қисми қашшоқликда яшаётганидан фойдаланилди. Қашшоқ яшаётган халқ Ўзбекистоннинг Россия билан ёки қўшни мамлакатлар билан алоқалари яхшиланиши ўз турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатади, деган нотўғри фикрга боради. Бу биринчидан. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ҳамжамиятига қўшилиши мамлакатда бугунги кунда ҳукмронлик қилаётган режимнинг хавфсизлигини ўз-ўзидан яқин тўрт-беш йилга таъминлайди. Бу ерда ҳеч қандай иқтисодий сабабларни кўрмаяпман”, – дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи.

Анна Уолкерга кўра, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиши оддий ўзбекистонликлар ҳаётида сезиларли ўзгаришга олиб келмайди:

“Назаримда, бу ўзбекистонликлар ҳаётида сезиларли ўзгариш ясамайди. Ўзбекистон шу пайтгача қатор иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлган. Аммо келишувлар шартларини камдан-кам ҳолда тўлиқ бажарган. Шу боис, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиши оддий одамларга наф келтиради, дея олмайман. Ўзбекистон ҳукумати шартномалар имзолаганидан кейин ҳам янги савдо тарифлари жорий этган, савдони назорат қилиш бўйича, маҳсулотлар импорти бўйича янги тартиблар жорий қилиб келган”, – дейди британиялик таҳлилчи.

Ориф Хошимов фикрича, Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлардаги иқтисодий ва ижтимоий вазият турли даражада бўлгани боис улар ўртасидаги интеграциянинг самара бериши эҳтимолдан анча йироқ:

“Қандай иқтисодий интеграция самара беради? Қачонки интеграцияда қатнашаётган томонларнинг иқтисодий курсаткичлари бир-бирига яқин даражада бўлсагина. Россия ва унинг атрофида бирикаётган мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёт даражалари бир хил эмас. Бутунлай бошқа-бошқа. Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ҳамжамиятига аъзо мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёти, аҳолининг турмуш даражаси, мамлакатнинг бозор иқтисодиётига кириб борганлик даражаси бир-биридан кескин фарқ қилади. Ўзбекистон шароити учун энг қулай вариант – Марказий Осиёда интеграция жараёнларини чуқурлаштиришдир”, – дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ҳақида қисқача маълумот. 2000 йил 10 октябрда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида Евроосиё ҳамкорлик ташкилотини тузиш тўғрисида ҳужжат имзоланган. Ташкилотга Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси ва Тожикистон аъзо бўлган. Арманистон, Молдова ва Украина эса ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
XS
SM
MD
LG