Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:32

АҚШ Россиядаги портлашни қанотли ракеталар дастурига алоқадор деб ҳисобламоқда


Портлаш содир бўлган Нёнокса яқинидаги Севмаш верфида турган атом сувости кемаси. 2017 йилда олинган сурат.
Портлаш содир бўлган Нёнокса яқинидаги Севмаш верфида турган атом сувости кемаси. 2017 йилда олинган сурат.

Оқ Уйнинг юқори лавозимли расмийси президент Дональд Трампнинг Твиттердаги олдинги изоҳларини такрорлади: Вашингтон Россиянинг товушдан тез учувчи қанотли ракеталар дастури 8 августда камида беш кишининг бошига етган портлашга алоқадор деб ҳисоблайди.

Исмини ошкор қилишни истамаган расмийга кўра, Вашингтон буни ядро портлаши деб ҳисоблашга тайёр эмас, лекин ўша портлашда радиоактив унсурлар бор эди, деб билади.

Архангельскдаги ҳарбий-денгиз полигони яқинидаги Нёнокса шаҳарчасида рўй берган портлашдан сўнг аҳолини 14 августда кўчириш режалаштирилган эди, лекин кейинчалик бу қарор бекор бўлди.

Аммо Росгидромет об-ҳаво агентлиги 13 августда тарқатилган хабарларга қўшимча равишда яна бир далилни келтирди. Унга асосан, Оқ денгиз бўйидаги Нёнокса полигонида синов вақтида нафақат заҳарли ракета ёнилғиси, қолаверса, нима экани аниқланмаган радиоактив модда ҳам ажралиб чиққан.

The New York Times газетаси 12 августда Америка разведкасининг исмини ошкор қилмаган расмийларидан иқтибос келтириб маълум қилишича, афтидан, Россия, “янги турдаги ядро двигатели бор қанотли ракета”ни синовдан ўтказмоқда, ўша портлаш “минтақадаги Чернобиль АЭСи фожасидан кейинги энг қўрқинчли ядро фалокати” бўлган бўлиши мумкин.

АҚШ президенти Дональд Трамп 12 августда Твиттерда НАТО экспертлари Skyfall деб атаётган ракета прототипи синови муваффақиятсиз бўлганини ёзди, аммо ҳеч қандай исбот келтирмади.

Ўтган ҳафтада рўй берган фожиа маҳаллий ва федерал амалдорларнинг ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ва синовдан айнан нима ўтказилаётганига оид чалкаш ва нотўғри ахборот бериши сабаб тахминлар урчишига сабаб бўлмоқда.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков портлаш ҳақида қисқача бундай деди:

‒ Афсуски, нохуш воқеалар рўй бериб туради. Булар – фожиа. Биз ушбу ҳолатда фожиалар сабаб ҳалок бўлган қаҳрамонларни ёдга олишимиз муҳимдир, ‒ дея ундан иқтибос келтирди ахборот агентликлари.

Нёнокса шаҳарчасидан 30 км шарқда жойлашган Северодвинск шаҳрида портлаш ҳақида илк хабарлар пайдо бўлиши биланоқ дорихоналардаги барча йод томчилари тала-тала бўлиб кетди; йод қалқонсимон безни радиациянинг айрим турларидан ҳимоялаш учун қабул қилинади.

Росгидромет тарқатган хабарда айтилишича, 8 августда Северодвинскдаги гамма- нурланиш меъёрдагидан 4 – 16 баробар баланд бўлган. Аммо ТАСС “Росатом” агентлигига асосланиб, радиация даражаси одамлар ҳаёти учун хавфсиз эканлиги тўғрисида.ёзди.

8 августда Архангельск вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси амалдорлари радиация меъёрдагидан 20 баробар баланд бўлганини айтган, атроф-муҳит муҳофазаси билан шуғулланувчи Greenpeace ташкилоти буни хабар қилиб тарқатган эди.

Северодвинск шаҳри маъмурияти 8 августда радиация даражаси ошгани ҳақида баёнот берди, аммо кейинчалик ўша хабар маъмурият вебсайтидан олиб ташланди.

Фожиа вақтида қанча киши ҳалок бўлгани маълум қилинмади.

Норвегиянинг радиацияни мониторинг қилиш агентлиги 12 августда қурилмалари радиация даражаси кўтарилганини аниқламаганини билдирди.

XS
SM
MD
LG