Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2025, Тошкент вақти: 04:08

“Дориан” довули Баҳама оролларига катта талафот етказиб, АҚШ соҳилларига яқинлашди


Соатига 300 километрдан баландроқ тезликда эсаётган “Дориан” довули Баҳама оролларига ёпирилган тарихдаги энг кучли довул бўлди.
Соатига 300 километрдан баландроқ тезликда эсаётган “Дориан” довули Баҳама оролларига ёпирилган тарихдаги энг кучли довул бўлди.

Соатига 300 километрдан баландроқ тезликда эсаётган “Дориан” довули Баҳама оролларига ёпирилган тарихдаги энг кучли довул бўлди. Табиий офат АҚШнинг жануби-шарқий соҳилида кучли бўрон эсишига, сув тошқини ва бошқа талафотларга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Дориан” Атлантика океанида қайд этилган иккинчи энг кучли довулдир. Атлантика тарихида кучи максимал даражага кўтарилган давомли довул 1980 йил содир бўлган “Аллен” довулидир.

Тропик иқлимлар бўйича мутахассис Брайан МакНолди тропик Атлантикада 1960- йиллардан бери илк маротаба тўрт йил кетма-кет 5-категорияли довуллар кузатилганини айтди.

Бу орада АҚШнинг Флорида штатида расмийлар аҳолини довул штат соҳилларига яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди. Довул хавфидан огоҳлантирув душанба оқшомидан чоршанба тонгигача ўз кучида қолади.

Довулнинг "эпимаркази" - "кўзи" сув ичида қолиши мумкин, аммо у ўта кучли бўлгани учун АҚШ соҳилларига яқин яшовчилар офат ҳақида огоҳлантирилди.

Баҳамада эса бўрон катта талафот келтирди. Хабарларга кўра, шиддатли шамол уйларнинг томларини ва дарахтларни қўпориб ташлаган, йўллар ва уйларни сув босган.

Довул аста-секин Флорида ва АҚШнинг жануби-шарқи томон кўчмоқда, аммо унинг траекторияси айнан қандай бўлиши ҳозирча номаълум.

Флорида катта талафот кўрмаслиги мумкин, аммо аҳолига эҳтиёткорлик чораларини кўриш тавсия қилинди. Жоржия ва Каролина штатлари ҳам хавф остида.

Компьютер моделлари “Дориан”нинг кўзи Флоридани четлаб ўтишини кўрсатди. Аммо Миллий довул маркази “Дориан” АҚШ ҳудудига кириб бориши мумкинлигини айтиб, аҳолини эҳтиёт бўлишга чақирди.

Бу орада “Дориан” кучайиб бораётгани айтилмоқда. Миллий довул маркази “Дориан”ни 5-категориядаги, яъни энг кучли довул деб белгилади.

Довул траекторияси қандай бўлишидан қатъи назар, АҚШ соҳиллари бўйлаб сув тошқинларини кутиш мумкин.

XS
SM
MD
LG