Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:21

АҚШга 50 йилдан бери мисли кўрилмаган кучли довул ёпирилди


АҚШ, Флорида. 2018, 10 октябрь
АҚШ, Флорида. 2018, 10 октябрь

“Майкл” довули икки кундаёқ тропик бўрондан 4-тоифали довулга айланиб улгурди. Бу АҚШнинг материкдаги асосий ҳудудига ёпирилган энг кучли довуллардан бири экани айтилмоқда.

“Майкл”нинг кучини кўрсатувчи баъзи рақамларни келтирсак.

У чоршанба куни Флорида соҳилига ёпирилганда “синоптикларни шошириб қўйди”, дейди Клорадо штати университетининг Об-ҳавошунослик факультети тадқиқотчиси Фил Клотцбах.

− У йўқ жойдан дам олиш кунлари пайдо бўлди ва кечага қадар айтарли эътиборни жалб қилмади, − деди у.

Шамол тезлиги

“Майкл” Флорида штатига соатига 155 миля (250 километр) тезлик билан ёпирилди ва 5-тоифага айланиши учун, бор-йўғи, 2 миля етмади, холос.

Об-ҳаво маълумотлари ёзиб борилаётган вақтдан бери ҳеч қачон октябрь ойида Қўшма Штатларнинг материкдаги ҳудудига довул бунақа тезликда ёпирилмаган эди.

Довул мавсумларига қараладиган бўлса, “Майкл” АҚШнинг қитъадаги ҳудудига 1992 йилги “Эндрю” довулидан сўнг энг кучли шамол билан ёпирилгани аниқ бўлади.

Бундан илгари Американинг 1851 йилдан бери об-ҳаво тарихида икки марта кучли шамолли тўфон – 1969 ва 1935 йиллари – ёпирилган эди.

Довул босими ва ўлчами

Метеорологлар довул жадаллигини баҳолаш учун марказий босимни ўлчашдан фойдаланади.

Буни Клотцбах ҳам маъқул кўради ва тарихий таққослар учун аниқроқ деб билади, чунки ўша босим учоқда учиб борилиб, тўфоннинг “кўзи”да ўлчанади. Ўша ерда “шамол довулнинг ҳар еридан кўра бошқача бўлади”.

− Босим довулнинг ўлчами ҳақида тушунча беради, − деди у.

Шу тариқа ўлчанганда босим қанча кам бўлса, довул шунча кучли экани аниқланади. Бинобарин, “Майкл” 1969 йили рўй берган “Камилла” довулидан кейинги энг кучли довулдир.

Зарар миқёси қанча?

Қай тариқа ўлчаманг, “Майкл” АҚШнинг материкдаги ҳудудига ёпирилган энг кучли довуллардан биридир. Шу маънода у 1969 йилги “Камилла”, 1992 йилги “Эндрю” ва 2005 йилги “Катрина” довуллари қаторида туради.

Ўтган йили АҚШнинг Кариб денгизидаги орол ҳудуди бўлмиш Пуэрто-Рикога ёпирилиб, уни вайрон қилган “Мария” довулини ҳам ҳисобдан соқит қилиб бўлмайди. Яқинда олинган аниқ ҳисоб-китобларга кўра, ўшанда 2975 киши нобуд бўлган экан. Бунга довул билан бир қаторда соғлиқни сақлаш тизими, электр қуввати таъминотидаги носозликлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Етказилган зиён нуқтаи назаридан энг юқори кўрсаткич 2017 йили қайд этилди. Ўшанда “Ҳарвей” ва “Ирма” довуллари АҚШнинг Кариб денгизидан ҳудудидан ташқари соҳилбўйи штатларига ёпирилган эди. Улар аста-секин ҳаракатланиб, бир неча кун ичида кучли ёмғирларни олиб келди ва Ҳьюстон сингари шаҳарларни сув босди.

Ҳисоб-китобларга кўра, жами табиий офатлар АҚШга 2017 йили 300 миллиард долларлик зиён етказди.

Ҳали 2018 йили қанча зиён кўрилиши маълум эмас. “Майкл” ва ўтган ойда рўй берган “Флоренс” довулларини ҳисобга олмаса, жорий йил нисбатан осойишта кечмоқда.

“Майкл” довули ёмғирдан кўра шамол билан кўпроқ зиён етказиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG