Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2022, Тошкент вақти: 19:10

Жаҳон банки: Ўзбекистон қўшниларидан 30 йил ортда қолди


Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни эндигина бошланмоқда, деб билдирди Жаҳон банки ўзининг мамлакатлар иқтисодий ривожланишини таҳлил этадиган ва беш йилда бир марта эълон қиладиган навбатдаги ҳисоботида.

Жаҳон банки ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон иқтисодиёти иккинчи маротаба таҳлил қилинмоқда ва ҳисоботнинг бу мамлакатга оид қисми “Ўзбекистон: Мамлакатнинг иккинчи марта тизимли ташҳиси”, деб аталади.

Ўзбекистонда иқтисодий жиҳатдан янгиланиш 30 йилдан бери суст давом этмоқда

Ҳисоботда “Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни эндигина бошланмоқда”, деб қайд этилади. Ҳисобот муаллифлари фикрича, мамлакатда сўнги 30 йил давомида иқтисодий ислоҳотлар жуда суст равишда амалга оширилган. Фақат айрим соҳаларгина сезиларли даражадаги ўсишга эришган.

“Иқтисодий фаолиятнинг аҳамиятли қисми ҳанузгача марказлаштирилган давлат институтлари бошқарувидадир. Иқтисодиётни тизимли янгилаш дастабки босқичда. 2020 йилда иқтисодиётда қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги ҳажми 26 фоизни ташкил қилган ва бу Европа ҳамда Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир”,- дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки ривожланган давлатлардаги иқтисодий жараёнларни олға силжитувчи хизмат кўрсатиш соҳаси Ўзбекистонда энг паст даражада эканини ва минтақанинг бошқа давлатларидаги даражага ҳам етиша олмаганини қайд этган.

Ички миграция ва урбанизация

Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистонда ички миграция ва урбанизация жаҳондаги энг қуйи даражада экани айтилади.

“Бунинг оқибатида Ўзбекистон шаҳарлари қўшни давлатлардаги шаҳарлар аҳолисига нисбатан озроқдир ва бу шаҳарларнинг самарадорлиги ҳам нисбатан камдир. Натижада бу ҳолат бозор муносабатларига ўтишни ва иқтисодиётнинг янгиланишини ортга тортмоқда”,-дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банкининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг бу қадар сусткашлиги мамлакат учун фойдали бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки Ўзбекистон қўшни давлатлардаги ютуқлар ва таназулларни ҳисобга олган ҳолда, минтақадаги давлатлар тажрибасидан самарали фойдаланиши мумкин.

Йигирма йил давомида қашшоқлик озайди, бироқ қониқарли даражада эмас

Расмий манбаларда қайд этилишича, қашшоқлар сони Ўзбекистонда 2000 йилда аҳолининг 28 фоизини ташкил қилган. 2019 йилга келиб эса қашшоқлар умумий аҳоли сонининг 11 фоизи даражасига тушган.

Жаҳон банкида мавжуд маълумотларда 2018 йилга келиб Ўзбекистонда қашшоқликнинг энг паст даражаси бартараф этилгани эътироф этилган.

Бироқ Ўзбекистон аҳолисининг 9,5 фоизи ўртача қашшоқлик даражасида қолмоқда.

Айни пайтда аҳоли жон бошига даромад жиҳатидан Ўзбекистонга тенглаштириладиган давлатларда қашшоқликнинг паст даражаси 3,3 фоизни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонда 20 йил мобайнида топилган даромад аҳолининг барча қатламига тенг бўлиштирилмаган

Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш ортидан топилган даромад сўнгги йигирма йил мобайнида аҳолининг барча қатлами орасида бўлиштирилмаган. Бу эса аҳоли бандлиги даражасининг ўта пастлаб кетишига ва ойлик маошларнинг сустлик билан ўсишига сабаб бўлган.

2010 йилдан бошлаб Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг учдан икки қисмини хом ашё, жумладан, олтин ва табиий газни экспорт қилиш таъминлаб келган.

Айни пайтда бир ишчи кучи томонидан яратилган қўшимча қиймат 50 фоизга ўсгани тан олинади. Бироқ бу ўсиш фақат табиий бойликларни қазиб олиш ва қайта ишлаш саноатидагина қайд этилган.

Йигирма йил давомида аҳолининг асосий қатлами фаолият юритадиган қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат самарадорлигининг ўсиши Европа ва Марказий Осиёдаги давлатларга нисбатан жуда оз бўлган.

2017 йилда Ўзбекистон миллий даромадида меҳнат улуши 41 фоизни, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида эса 55 фоизни ташкил қилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон миллий даромадида меҳнат улуши янада камайиб кетгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Янги иш ўринларини яратиш ҳайратланарли даражада оз

Янги иш ўринларини яратиш ҳайратланарли даражада оз бўлиб, 2010-2019 йилларда ялпи ички маҳсулот ўсишининг 6 фоизига тенг бўлган.

2010-2018 йилларда аҳоли бандлигини 1 фоизга кўпайтириш учун ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини 5 фоизга етказиш шарт бўлган. Ҳолбуки, ривожланаётган давлатларда бунинг учун икки баробар озроқ ўсиш етарли бўлиши кузатилган.

Масалан, 2018 йилда янги иш ўринларини яратиш ишчи кучи ўсишидан 200 мингтага кам бўлган. 2020 йилда эса COVID-19 пандемиясига қадар 9 фоиз бўлган ишсизлик даражаси расман 10,5 фоизга етди.

Хусусий сектор давлат монополиялари босими остида қолмоқда

Ўзбекистон ҳукумати инвестицияларни нопропорциональ тарзда фақат давлат улуши мавжуд корхоналарга йўналтирмоқда. Айнан давлат корхоналари ривожланиш учун юқори потенциалга эга бўлиб қолмоқда, бироқ уларнинг янги иш ўринлари яратиш салоҳияти жуда паст. Бунинг оқибатида хусусий сектордаги вазият ачинарли даражага етган.

Ўзбекистонда хусусий ширкатлар ташкил этилиши даражаси минтақадаги бошқа давлатларга қиёсланганда жуда ҳам оздир. Ташкил этилган хусусий корхоналардаги ишчи ўринлари эса, ҳар бир корхона ҳисобида олинганида, бармоқ билан санарли.

Хусусий секторнинг ривожланиши учун давлат корхоналарини сезиларли равишда қисқартириш, қолган давлат корхоналарини бозор иқтисодиётидаги рақобатлашув шароитига мослаштириш зарур.

Ўзбекистондаги 2 мингдан ортиқ давлат корхоналари ялпи ички маҳсулотнинг деярли ярмини ишлаб чиқаради, давлат корхоналари аҳоли бандлигининг 18 фоизини ва экспортнинг 20 фоизини таъминлайди.

Давлат активларининг асосий қисми 15 давлат корхонасига жамланган. 2019 йилдаги кўрсаткичлардан келиб чиқилса, бу корхоналар активларининг умумий қиймати ялпи ички маҳсулотнинг 57 фоизига тенгдир.

Давлатга қарашли йирик корхоналар Ўзбекистон иқтисодиётининг доминантларидир. Улар нефть ва газ, энергетика, кимё саноати, авиация, темир йўл ва алоқа, телекоммуникация соҳаларини қамраб олган.

“2020 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда берилган кредитларнинг 88 фоизи давлат банклари ҳиссасига тўғри келган. Кредитлаш сиёсати ва давлат банкларининг самарасиз бошқаруви капиталнинг нотўғри тақсимланишига сабаб бўлмоқда, унинг йўналиши ҳамда иқтисодиётда фойдаланишига салбий таъсир кўрсатмоқда”,-дейилади ҳисоботда.

Давлатнинг аралашуви ортидан қишлоқ хўжалиги кўп имкониятларни бой берди

Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги хусусий секторнинг ривожланишига кенг имконият берувчи тармоқдир, дея таъкидланади ҳисоботда. Жаҳон банкининг билдиришича, ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигини назорат қилиш ва бошқариш тизими ортидан бу имконият қўлдан бой берилди.

“Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик сектори меҳнат самарадорлигини ошириш ва хўжалик юритиш услубларини, жумладан, сувдан фойдаланиш, ўғитлаш ва ерларни тўғри тақсимлашни такомиллаштириш ортидан қўшимча қийматнинг кўпайишига ҳисса қўша оладиган улкан потенциалга эга”,- дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг мева-сабзавотчилиги қишлоқ хўжалик ерларининг 10 фоизидан фойдаланган ҳолда етиштирилган ўсимлик маҳсулотининг 50 фоизи ва умумий қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 40 фоизи қийматида янги ишчи ўринларини яратиш имкониятига эгадир.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG