Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:10

Ўзбекистон: Иқтисодий ўсиш секинлашди, нарх-наво ошмоқда


Тошкентдаги арзонлаштирилган тухум бозори. Иллюстратив сурат.
Тошкентдаги арзонлаштирилган тухум бозори. Иллюстратив сурат.

Март ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси Марказий банк кутилмаларидан кўпроқни, ўн ярим фоизни ташкил этган.

Марказий банкка кўра, бунга озиқ-овқат нархларининг 2,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарларининг эса 1,1 фоизга ошгани сабаб бўлган.

Аммо ўзбекистонлик иқтисодчилар аслида нарх-наво асосий озиқ-овқат маҳсулотларига 20-30 фоиз ошганини, Марказий банкнинг бу кўрсаткичи ҳақиқий реалликдан узоқ эканлигини айтмоқдалар.

Марказий банк хабарида айтилишича, инфляциянинг кескин ошишига ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайиши, юқори ноаниқликлар шароитида март ойида кузатилган миллий валюта курсининг қадрсизланиши ва мамлакат миқёсида кенг нишонланган байрамлар сабаб аввалги ойларга нисбатан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг сезиларли ошиши сабаб бўлган.

“Ташқи вазиятнинг кескинлашуви нафақат бизнинг минтақага, балки дунё бозорида таъминот занжирларининг узилиши ва логистик тизимларнинг вақтинча тўхташига олиб келмоқда”, дейилади МБ хабарномасида.

Ўзбекистонда ўсаётган ягона нарса: Нарх-наво
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:46 0:00

Ўзбекистонлик иқтисодчи Акмал Тошбек Марказий банкнинг “Инфляция динамикаси шарҳи”га баҳо берар экан, бу хулосаларда озиқ-овқат бозоридаги энг паст нархлар асос қилиб олинишини айтади:

“Бу шарҳда нархлар умумий қилиб олинади. Масалан, ниманидир нархи тушган, ниманидир нархи кўтарилган, ўшанинг ўртача кўрсаткичи олинган. Булар озиқ-овқат нархларининг энг пастини асос қилиб олишади, мисол учун мартда картошканинг янгиси чиқди. Таҳлилда эса ўша бозорда турган эски картошканинг нархи асос қилиб олинади. Кўп маҳсулотнинг ўртача умумий нархи олингани учун инфляция даражаси ҳам паст бўлиб чиқади. Аслида инфляция даражаси ўн ярим фоиздан кўп”.

Озодлик ўрганган турли вилоятлардаги нарх-наволар асосий озиқ-овқат маҳсулотларидаги нархларнинг ўсиши МБ берган 2,5 фоиздан баландроқ эканини кўрсатмоқда.

Исми сир қолишини сўраган олмалиқлик тадбиркорнинг айтишича, ўтган ой давомида деярли икки баравар қимматлаган шакар яна қайтиб ўз жойига тушди:

“Бир қоп шакар 520 минг сўмдан 680 минг сўмгача кўтарилган эди. Ҳозир яна эски нархига қайтди. Қозоғистон уни эса тахминан 10 фоизга ошди, бир қопи 250 минг сўмга чиқди. Кунгабоқар ёғининг бир литри 17 минг сўм эди, ҳозир эса 22 мингга қимматлади. Бу 30 фоиздан ошиқ. Бозордаги нонлар ҳам 20 фоиз атрофида кўтарилди.”

Қашқадарё вилоят, Чироқчи туманидаги мактаб ўқитувчиларидан бири ҳам сўнгги бир ой ичида нарх-наво сезиларли даражада кўтарилганини айтади:

“Бир кило қозоқ уни 10 минг сўмга чиқди. Ўзимизнинг ун эса 8 минг сўм. Ҳар килосига 2-3 минг сўмдан минди. Бизда чорва кўплиги учун гўшт нархи ўшандай турибди. Нарх-наволарнинг кўтарилаётгани одамларга энди таъсир қила бошлади. Шу пайтгача билингани йўқ эди. Ҳукумат жони борича ҳаракат қиляптию, лекин бир кило ун 10 минг сўм бўлганидан кейин ўзингиз билаверинг. Ҳозирча халқда норозичилик йўғу, лекин эртага нима бўларкин, деган хавотир бор”.

Фарғона вилоят, Риштон туманида ҳам нарх-наво сезиларли кўтарила бошлади, дейди исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бири:

“Маҳаллий ун деярли қозоқ уни билан тенг нарх бўлди. Умумий ун нархи қопига 15-20 минг сўмга, ёғ литрига 2000 сўмга, шакар 2000 сўмга, сабзи 1000-1500 сўмга ошди. Картошканинг(Покистонники) нархи стабил турибди. Янги пиёз чиқди, килоси 5000 сўм. Ўзбекистон уни бозорда йўқ. 50 килоли қозоқ уни 275 минг сўмга чиқди".

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 20-30 фоизга ошгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм- каналида шакар ва ун каби маҳсулотлар нархининг ошиши занжир реакцияси ҳосил қилганига эътибор қаратди:

“Ошди, қимматлашди, кўтарилди.

Марказий банкнинг март ойи якуни бўйича инфляция динамикаси шарҳида энг кўп ишлатилган сўзлар юқоридагилар бўлди. Регулятор муайян товарлар нархлари ошишининг бошқа гуруҳларда ҳам нархлар ошишига таъсир ўтказаётганига эътибор қаратган.

Қаранг, ҳаммаси ўзаро боғлиқ:

Шакар ва ун нархининг ошиши ушбу маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган қандолат маҳсулотлари, салқин ичимликлар нархлари ўсишига сабаб бўлган. Кунгабоқар ёғи нархидаги ўзгаришлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқариладиган пахта ёғи нархи ҳам кўтарилган. Озуқа нархлари қимматлиги сут маҳсулотлари нархи ўсишидаги муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Украинадан фармацевтика маҳсулотлари етказиб берилишидаги узилишлар фонида дори воситалари нархи қимматлашди”.

Сўнгги бир ойда Ўзбекистонда доллар курсининг сўмга нисбатан 30 фоизга ошгани ҳам нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлгани айтилади.

Иқтисодчи Акмал Тошбекнинг сўзларига кўра, нарх-навонинг апрель ойида ҳам ошишини кутиш мумкин:

“Россия ва Украинадан экспортнинг камайгани, долларнинг ошиши энди таъсир қилишни бошлайди. Бу апрель ва май ойларида яхшигина билинади. Масалан, ҳозирдан расталарда “бир киши беш литрдан ортиқ ёғ олманглар, ҳаммага етсин”, деган эълонлар қўйиляпти. Ёғ муаммо бўлади, дори маҳсулотлари қимматлашади. Янги буғдойга етгунча ун ҳам ошиб боради”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини сақлаш вазифасини қўйган эди.

Аввалроқ Мирзиёев ҳукуматга Ўзбекистоннинг “айрим савдо ҳамкорлари”га қўлланаётган санкциялар оқибатларини камайтиришга оид режа ишлаб чиқишни топширган.

31 март куни Тошкентда ўтган видеоселектор йиғилишида президент ҳокимларга ҳар куни ўз ҳудудидаги озиқ-овқат, айниқса ун, шакар ва ёғнинг нархини жойларда юриб ўрганиш ва барқарорликни таъминлаш учун тезкор чоралар кўриш вазифасини юклаган.

Аммо Россиядаги мигрантлар даромадларининг тушиб кетиши, ишсизлар сонининг кўпайиши ва аҳоли реал даромадларининг пасайиши манзарасида бу каби маъмурий чоралар қанчалик натижа бериши номаълум.

Жаҳон банки 10 апрель куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда 2022 йилда иқтисодий ўсиш 3,6 фоизгача секинлашишини башорат қилди. Банк иқтисодий ўсишнинг секинлашишига пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши, озиқ-овқат ва нефть нархларининг ошиши каби омиллар сабаб бўлишини айтган.

XS
SM
MD
LG