Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

40 йиллик қудуқ ва замбилғалтак. Ўзбекистон аҳолисининг ичимлик суви муаммоси (ВИДЕО)


Қашқадарёнинг Жийда қишлоғида аҳоли замбилғалтакка ортилган идишларда қудуқдан сув ташийди.
Қашқадарёнинг Жийда қишлоғида аҳоли замбилғалтакка ортилган идишларда қудуқдан сув ташийди.

Қашқадарё вилояти маъмурий маркази Қарши шаҳридан юз километр узоқликдаги Яккабоғ тумани Жийда қишлоғи аҳолиси 40 йилдан буён сувсизликдан қийналиб келади.

Совет давридан қолган ичимлик суви таъминоти тизимлари эскириб, яроқсиз аҳволга келган.

Эллик йил олдин қазилган артезан қудуқ 40 минг аҳоли яшовчи Жийда қишлоғи учун ягона ичимлик суви манбаи бўлиб қолмоқда.

Ёшу қари ҳар куни замбилғалтакка ортилган идишларда шу қудуқдан сув ташийди.

Артезан қудуқ атрофида 7 ёшдан 70 ёшгача, ҳатто ундан кексароқ одамларни ҳам учратиш мумкин.

Яккабоғлиқ ўқитувчи Шоди Холиқов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00

Қудуқдан сув олишга келганлардан бири 66 яшар рус тили ўқитувчиси Шоди Холиқов. Унинг Озодликка айтишича, маҳалланинг муаммолари кўп, аммо ичимлик суви энг оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда.

“40 йилдан буён шу қудуқдан сув ичамиз. Эрталаб бир соат, кечаси бир соат сув бўлади. Олган олади, олмаган эрталаб келиб олади. Бир йилдан буён “Обод маҳалла”га кирган қишлоғимиз, лекин ободончилик йўқ. Президентимиз сув масаласини кўтаряпти, лекин сув йўқ. Ҳалигача сувни бир ярим километрдан олиб келяпти халқ, болалар қўл аравада сув ташияпти, наҳотки шу масаланинг ечими йўқ?”, - дейди Шоди Холиқов.

2020 йилда Яккабоғнинг Жийда қишлоғи “Обод қишлоқ” дастурига қўшилган, Қашқадарё вилояти ҳокимлигидагилар ичимлик суви таъминотини яхшилашни ваъда қилган эди.

Аммо жийдаликлар биронта иш амалга оширилмагани, эскича яшашда давом этаётганликларини айтишади.

Дарё бўйида сувга зор...

Жийда қишлоғи Ўзбекистондаги тоза ичимлик суви етиб бормаган минглаб қишлоқлардан биттаси, холос.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистон бўйича 11 мингдан ортиқ қишлоқ сувсизликдан қийналади.

Сувсизлик Қорақалпоғистонда 52 фоиз, Бухорода 53, Қашқадарё ва Сурхондарёда 54, Хоразмда 56 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон бўйича сув тармоқларининг қарийб 40 фоизи авария ҳолатида бўлса, 20 фоизи мутлақо ишламайди.

Ичимлик суви тармоқларидан узилган аҳоли уни қиммат нархда сотиб олишга ёки ариқдан оқиб ўтувчи сувни истеъмол қилишга мажбур.

Ўтган йили Озодлик Наманган вилояти Косонсой туманида 600 га яқин аҳолисига эга маҳаллада одамлар ичимлик суви йўқлигидан эски ҳовузнинг бўтана сувини ичишга мажбур бўлаётгани, оқибатда турли касалликлар кўпайгани ҳақида хабар берган эди.

Бухородаги қишлоқлардан бирида аёл қудуқдан сув тортмоқда. Ноябрь, 2012 йил.
Бухородаги қишлоқлардан бирида аёл қудуқдан сув тортмоқда. Ноябрь, 2012 йил.

Cаёҳатчиларга тиббий кўмак халқаро ташкилоти Ўзбекистонда кўп жойларда сув тармоғида тозалаш фильтрлари ишламаслиги сабаб водопроводдан оқаётган сувни истеъмол қилиш ошқозон-ичак касаллигини келтириб чиқаришидан огоҳлантириб келади.

Тошкентлик фаол Алексей Гаршин Ўзбекистоннинг нафақат чекка қишлоқларидаги, балки дарё бўйидаги аҳолиси ҳам ичимлик суви муаммосидан азият чекаётганини айтади.

“Сирдарё вилоятида аҳоли сувсизликдан қийналаётганини ўзим кўрганман. Беш литрлик пластик идишларда сув ташишаётганини кўрганман.Бу ҳали дарё оқимидаги ҳудудда бўляпти. Хоразмда соғлиққа зарарли лойқа сувни фильтрлаб ичишаётганини ҳам кўрдим. Қашқадарё, Сурхондарё, Қорақалпоғистоннинг чўл ҳудудларида аҳвол бундан ҳам баттар. Совет даврида қурилган сув таъминоти тизими ишдан чиққан. Катта кредитлар ажратиляпти Ўзбекистонга одамларни ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш учун, лекин аҳвол ўзгармаяпти”, - дейди Гаршин.

Мирзиёев ваъдаси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан буён қишлоқ аҳолиси турмуш тарзини тубдан ўзгартириш ҳақида гапириб келади.

8 февраль кунги ҳукумат мажлисида Мирзиёев келгуси 5 йилда ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилишини ваъда қилди.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, сўнгги беш йил давомида аҳоли сув таъминотини яхшилаш бўйича 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилган.

Бунинг натижасида 1,5 миллион аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган.

“Энг муҳими, бу ишлар ҳисобига 1,5 миллион аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Шу билан бирга, ҳали соҳада ечимини кутаётган муаммолар кўп”, – деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари 2022 йилда сув таъминотини яхшилаш учун 2 триллион сўм бюджетдан ажратилиши, четдан 245 миллион доллар жалб этилишини айтди.

2020 йилда Жаҳон банки Ўзбекистонда сув таъминоти тизимини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 239 миллионлик кредит ажратган. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳам сув таъминоти лойиҳаларини молиялаб келади.

Ўтган йили Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтинларида 126 минг аҳолини сув билан таъминлашга ажратилган Осиё тараққиёт банкининг 7 миллион долларлик кредити талон-торож қилингани аниқланган.

Уч йил аввал маҳаллий матбуот Гулистон, Жиззах ва Қарши шаҳарлари аҳолисини тоза ичимлик билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган йирик миқдордаги маблағ талон-торож қилингани ҳақида ёзган.

XS
SM
MD
LG