Линклар

Шошилинч хабар
12 июл 2020, Тошкент вақти: 17:54

OzodTa’sir: Экспертнинг сохта хулосаси асосида терговга тортилган косонлик йигит устидан очилган жиноят иши тўхтатилди


Абдураҳмон Отамуродов терговчилар тазйиғига чидолмай ўз жонига қасд қилган, врачлар унинг ҳаётини сақлаб қолган эди

Қашқадарё вилоят, Косон туман, Бешқўтон маҳалласида яшайдиган 35 яшар Абдураҳмон Отамуродовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.

Абдураҳмон Отамуродов Озодликка қилмаган жиноятни бўйнига олдириш учун ИИБ терговчилари уни қийноққа солгани, экспертиза сохта хулоса бергани ҳақида 19 февралда айтган эди.

Отамуродовнинг айтишича, у ИИБ терговчилари тазйиғига чидолмаган ва 17 февралда заҳарли дори ичиб ўз жонига қасд қилган, касалхонада унинг жони сақланиб қолган эди.

Абдураҳмон Отамуродов гарчи оқланган бўлса-да, аммо "унга нисбатан асоссиз жиноят иши очган, қийноққа солган ИИБ ходимлари жазоланмай қолганини" айтмоқда.

Абдураҳмон Отамуродов маҳалладоши Насриддин Донаевни уриб, кўзини кўр қилганликда айбланиб, унинг устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104 – моддаси, биринчи қисми ("Қасддан баданга оғир шикаст етказиш") билан айбланган эди.

Озодликка берган интервьюсида Абдураҳмон ва воқеа гувоҳлари бу айбловни кескин инкор этиб, унга нисбатан жабрланувчи ва терговчи томонидан туҳмат уюштирилганини айтган эди.

Озодлик мақоласидан сўнг Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси мазкур воқеа юзасидан хизмат текшируви олиб борган ва Косон туман ИИБда хизмат сафарида бўлган катта терговчи Б.Худойқуловнинг имзоси билан бу жиноят иши ҳаракатдан тугатилгани ҳақида Абдураҳмон Отамуродовга мактуб юборилган. 2020 йил, 19 мартда ёзилиб, 2019 - 159 рақами билан қайд этилган (қуйида хат фотонусхаси эълон қилинмоқда) мактубда бундай дейилган:

“Косон туман ИИБ ҳузуиридаги Тергов бўлими томонидан Н.Донаевнинг тан жароҳати олганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104 моддаси, 1-қисми билан қўзғатилган 10229-1/2019-159-сонли жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, Н.Донаевнинг тан жароҳати олганлиги ҳолати бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда сизнинг ҳаракатларингизда қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш жиноят таркиби йўқлиги сабабли Ўзбекистон ЖПК 83-моддасининг 1 ва 2 бандларига асосан ҳаракатдан тугатилди”.

Жиноят иши тугатилгани ҳақида мактуб
Жиноят иши тугатилгани ҳақида мактуб

Абдураҳмон Отамуродовнинг 27 май куни Озодлик радиосига айтишича, гарчи унинг айбсизлиги исботланган бўлса-да, лекин уни қийноққа солган ИИБ ходимлари ва сохта хулоса берган эксперт врач жавобгарликка тортилмаган:

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновдан менга асоссиз айб қўйиб, қийноққа солган ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қиламан


“Мен ўтган йилнинг 9 декабридан буён азобдаман. Қилмаган ишимни терговчилар Нодир Муродов, Бобур Тўраев, прокурор, участковой Миржамол Давлатов, сохта хулоса берган эксперт врач Элмурод Баротовлар жавобгарликка тортилмади. Бу вақт орасида терговчилар билан келишиб, гўёки “жабрланувчи" томон менинг отамдан 15 миллион сўм ундирди, мени ИИБга қамаб йўқ айбни бўйнимга олиш учун уриб-калтаклаб, қийноққа солишди. Мен бу шахслар устидан ариза ёзиб Қашқадарё вилояти прокуратурасига топширдим, лекин ҳеч ким сўрагани йўқ. Бу шахсларни излаб Косон туман ИИБга борсам, улар бу ерда ишламайди, бошқа жойга ўтиб кетган дейишяпти. Жиноятни қилиб бошқа жойга бориб ишласа ҳам бўлар эканда. Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновдан менга асоссиз айб қўйиб, қийноққа солган ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қиламан”.

Абдураҳмон Отамуродовнинг иддаолари бўйича Косон тумани ИИБдан муносабат олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG