Линклар

Шошилинч хабар
07 апрел 2020, Тошкент вақти: 02:09

OzodTa'sir: Мактаблар ишига асоссиз аралашган ҳоким муовини ҳайфсан олди


Ўзбекистондаги мактаблардан бирининг синфхонаси.

Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимининг ўринбосари мактаблар фаолиятига асоссиз аралашганлиги учун “ҳайфсан” олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати​ 31 январда хабар қилди.

22 январь куни Озодлик “Ҳокимлик Президент қарорига зид равишда мактабларда текширув ўтказмоқда” мавзусида мақола эълон қилган эди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати "Ижтимоий тармоқларда" (Ўзбекистондаги идоралар Озодлик материалларига муносабат билдирар экан, одатда "Ижтимоий тармоқларда" деган иборани ишлатади) Озодлик кўтарган ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини ташкил қилган ва қуйидагиларни аниқлаган:

"Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Султонов Фарҳод Акромовичнинг буйруғи асосида туман молия, ДСЭНМ ва Ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилиб, дарс машғулотига халал берган ҳолда тумандаги 6 та умумтаълим мактабларида текширув ўтказилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари дарс машғулотларига халақит берган ҳолда ўқитувчиларнинг конспект дафтарлари, дарсга тайёрлиги, кундаликлар, мактабда ижро ва меҳнат интизомига риоя қилиниши ҳамда ўқувчиларни дарсдан ташқари машғулотларга жалб этилиш ҳолатларини текширган", - дейилади Халқ таълими вахирлиги матбуот хизмати билдирувида.

Шундан сўнг вазирнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари иштирокида 27 январь куни Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, туман ҳокимининг ўринбосари Ф.А.Султоновнинг ноқонуний ҳаракати муҳокама этилган.

"Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимида бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3931-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги 352-сонли қарори талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги таъкидланди.

Муҳокама якунига кўра туман ҳокимининг ўринбосари Ф.А.Султоновга умумий ўрта таълим мактаблар фаолиятига асоссиз аралашганлиги, педагог ходимларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўйганлиги учун туман ҳокими О.Нурматовнинг 19-Ф сонли фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддасига мувофиқ “Ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинди", - дейилади Халқ таълими матбуот хизмати билдирувида.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатда Ўртачирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Фарҳод Султонов текширувларни тумандаги барча 63 та мактабда ўтказиш ҳақида буйруқ бергани акс этган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил июл ойидаги ҳукумат мажлисида ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлигини таъкидлаган эди.

Халқ таълими вазирлиги расмийлари агар ўқитувчилар ва халқ таълими муассасалари ходимларининг ишига ноқонуний аралашувлар бўлса ва уларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилса “Устоз овози” виртуал инспекторига мурожаат қилишларини тавсия этмоқда.

XS
SM
MD
LG