Линклар

Шошилинч хабар
05 апрел 2020, Тошкент вақти: 04:55

OzodTa'sir: "Амили Баҳора" бандлик агентлиги алданганларга пулларини қайтармоқчи


Ўзбекистонда яна бир хусусий меҳнат агентлиги одамларни алдади. Бу галгисининг номи "Амили Бахора"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

"Амили Баҳора"дан алданганини иддао қилганлар мана шу видеоларни жўнатган эдилар.

Самарқанддаги «Амили Баҳора» хусусий бандлик агентлиги алданганини билдирган айрим меҳнат муҳожирларига Германияга ишга бориш учун тўлаган пулларини қайтариб берадиган бўлди. Бу ҳақда «Амили Баҳора»нинг ҳуқуқшуноси Жаҳонгир Тоҳиров Озодликка 6 январда маълум қилди.

Бироқ «Амили Баҳора» алдаганини айтаётганлар агентликдан нафақат тўлаган пулларини қайтариб беришни, балки моддий ва маънавий зарарни ҳам тўлашни талаб қилмоқда.

Жаҳонгир Тоҳировга кўра, Озодлик радиосига алданганини ва айни пайтда Литвада сарсон бўлиб юрганини айтган муҳожирларнинг ҳаммаси Польша ва Литвада ишга жойлаштирилган.

Айни пайтда агентликнинг лицензияси вақтинчалик бекор қилингани Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида қайд этилди.

Жаҳонгир Тоҳиров: Норозилар билан ўзаро келишиб олдик

Жаҳонгир Тоҳиров Озодлик мухбири билан суҳбатда яқин икки-уч кун ичида “Амили Баҳора”дан алданганини иддао қилганларга пуллари қайтариб берилишини билдирди:

- Марипов Фармон ва Набиев Жамолга 10 январгача пулларини қайтариб беришга ваъда бердим. Мен уларга “Маънавий ва моддий зарарларингни айтинглар, ҳаммасини тўлаб бераман”, деб айтдим. Улар билан бу масалада ўзаро келишиб, ярашиб олдик. Дилмурод деган яна бир одам шикоят қилган эди. Уни Литвада ишга жойлаштирдим. У даъвосидан воз кечди, ҳозир яхши ишлаяпти. Бундан ташқари президент номига мурожаат қилган Аълам Баротов дегани бор. У иш жойини ўз хоҳиши билан тарк этиб, бошқа жойга ишга кирган.”Шунга ҳаражатлардан қийналдим, шартнома пулимни қайтариб беринг”, дегани учун ўғли орқали пулини қайтартириб бердим. Ўғли бу ҳақда тилхат ёзиб берди. У билан ҳам ўзаро келишиб олдик.

Аълам Баротовнинг ўғли Жаҳонгир Баротов ёзгани айтилаётган тилхатда таъкидланишича, у “Амили Баҳора” агентлигидан 9 миллион 550 минг сўм нақд пулни олган. Бундан ташқари айни пайтда Польшада ишлаётган 5 кишига ортиқча қилинган 5 миллион 730 минг миқдоридаги ҳаражатлари ҳам тўлаб берилган.

Алданганлар: Биз "Амили Баҳора" моддий ва маънавий зарарни тўлаб беришин талаб қиламиз

Бироқ агентлик томонидан алданганини айтаётган самарқандлик Фарруҳ Сулаймонов, Фармон Марупов, ўзини жиззахлик Азиз деб таништирган яна бир шахс ҳар бири камида 5-6 минг доллардан ҳаражат қилганларини, аммо “Амили Баҳора” уларга фақат 30 миллион сўмдан қайтариб беришга ваъда берганидан норози эканликларини 6 январда Озодликка билдирди.

Фарруҳ Сулаймонов: “Мен 6 минг доллар ҳаражат қилдим. Ҳеч бўлмаганида 5 минг долларини қайтаришини талаб қилаяпман”, - деди Озодликка.

«Амили Баҳора» агентлиги ҳуқуқшуноси Жаҳонгир Тоҳиров эса бу иддаоларни инкор қилди. Унга кўра, хорижга ишга жўнатилаётганларнинг ҳар биридан қонун доирасида банк орқали 20 миллион 950 минг сўмдан ҳақ олинган.

"Амили Баҳора"нинг лицензияси вақтинча тўхтатиб қўйилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Хусусий бандлик агентликлари реестрида қайд этилишича, ҳозирда «Амили Баҳора» агентлиги лизенцияси вақтинча тўхтатиб қўйилган. Жаҳонгир Тоҳиров бу ҳолатни:

- Мана шу жанжал бошланганидан кейин лицензия ўн иш кунига тўхтатилди. Ўзаро келишиб олганимиздан кейин лицензияни қайтариш масаласи кўриб чиқилади. Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлими эса даъвогарларнинг аризаларига “фуқаролик тартибида судга мурожаат қилишларингиз мумкин”, деган хулосани берган. Бироқ биз ишни судга еткизмасдан ҳал қилмоқчимиз, - деб изоҳлади.

Жаҳонгир Тоҳировга кўра, Озодлик радиосига алданганини ва айни пайтда Литвада сарсон бўлиб юрганларини айтган муҳожирларнинг ҳаммаси Польша ва Литвада ишга жойлаштирилган.

«Амили Баҳора» ҳуқуқшуноси, шунингдек, улар жўнатган меҳнат муҳожирлари Литвада "код 95" имтиҳонини топшириш учун тайёргарлик кўришлари шарт бўлганини, бунинг учун бир-икки ой вақт керак бўлганини айтар экан: “Муҳожирлар мана шу лозим бўлган жараён якунланганига қадар сабрсизлик қилиб, шикоятлар ёза бошлагани”ни таъкидлади.

Ўзи нима бўлган эди?

26 декабрь куни Озодлик радиоси “Хусусий агентликка алданганлар чиқиндихонада жон боқаяпти. Миграция агентлиги ёрдам ваъда қилди” сарлавҳали мақолани эълон қилган эди.

Мақолада ўндан ортиқ одам “Амили Баҳора" хусусий бандлик агентлиги” уларни алдаганини иддао қилган эдилар. Муҳожирларнинг айтишларича, “Амили Баҳора” уларни Германияга ишга жўнатишни ваъда қилган.

-“Амили Баҳора” агентлиги томонидан Германияга жўнатилишимиз керак эди. Аммо 15 августдан бери Литвада сарсон-саргардон бўлиб, қарзга ботиб юрибмиз,- деб айтган эди ўшанда муҳожирлардан бири.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи миграция масалалари бўйича агентлиги Озодлик радиоси тақдим этган маълумот асосида Литва пойтахти Вильнюсда қуллик шароитига тушиб қолганини иддао қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари муаммосини ўргана бошлаганди.

Ўзбекистоннинг Латвия пойтахтида жойлашган Болтиқбўйи давлатлари бўйича элчихонаси ҳам Озодлик радиосига мазкур масала назоратга олинганини билдирган эди.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликларига алданганлар кўп

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари хорижга ишлагани бормоқчи бўлган одамларни алдаш ҳолатлар сўнгги пайтда кўп учрамоқда.

Навоий шаҳридаги Навоий хусусий бандлик агентлиги 211 нафар одамни 633 миллион сўмга алдади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 25 ноябрь куни хабар берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган эди.

Бундан ташқари Тошкент шаҳрида жойлашган Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг уч раҳбари ҳибсга олингани айтилган.

Озодликка мурожаат қилганларнинг даъвосига кўра, Korean&Migrations уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан ҳар бир кишидан 32 миллион 400 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаган.

Олдинроқ эса, 70 га яқин ўзбекистонлик Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўнатиш учун тўловларни олгани, аммо жўнатмаганидан Озодликка шикоят қилганди.

XS
SM
MD
LG