Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:05

OzodDayjest: Сурхондарёда “Улуғбек хазинаси” топилди


Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида маҳаллий аҳоли томонидан топилган мис тангалар.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида маҳаллий аҳоли томонидан топилган мис тангалар.

Тиббиёт мулозими аҳолини қон топширишга ундади. Сурхондарёда “Улуғбек хазинаси” топилди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Гавҳал Алимова ҳокимликнинг аёл учун машаққатли жиҳатлари ҳақида гапирди

“Daryo.uz” нашри айни пайтда фаолият юритаётган аёл ҳокимлар, жумладан, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри раҳбари, сенатор Гавҳар Алимова билан суҳбатлашиб, ҳокимликнинг аёл учун машаққатли жиҳатлари ҳақида сўради.

“Боқиманда одамлар билан ишлаганда асабларим анча толиқади. Шундай одамлар билан суҳбатлашганимда, “бу инсонлар нега ношукр, меҳнат қилиб, интилса бўлмайдими” деган савол туғилади. Барча соҳаларда бўлаётган ислоҳотларни кўриб туриб, кўрмасликка оладиган одамларнинг фикрларига ҳайрон қоламан. Тўғриси, ижтимоий тармоқларда шундай инсонлар ёзаётган бемаза гап-сўзларга асабим дош бермайди”, дейди Г.Алимова.

Каттақўрғон ҳокими ишсизлик ва уй-жой масаласини асосий муаммолар сифатида тан олган.

“Бизнинг ҳудудда ишсизлик даражаси анча юқори. Каттақўрғонга 35-40 йил давомида республикадан умуман ёрдам кўрсатилмаган. Кўплаб ишлаб чиқариш объектлари хусусийлаштириб юборилган. Мени ишсизлик ва уй-жой масалалари қийнайди. Бироқ бу бўйича бир йил давомида қатор лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз ва ҳаракатлар бошланган. Сўзим якунида шуни айтмоқчиманки, Каттақўрғон шаҳри аҳолисига аёл ҳоким сифатида таъзим қиламан. Сабаби улар мени жуда ҳам яхши қабул қилишди, аёллигим сабаб камситиш ёки ёрдам кўрсатмаслик ҳолатларига учрамадим”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Каттақўрғон ҳокими Гавҳар Алимова жорий йил 2 январ куни Қашқадарё ҳокими Мурод Азимов вилоятдан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига чигит олиб чиқишни тақиқлагани ҳақида очиқ баёноти билан тилга тушган эди.

Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб ҳокимликка аёлларни тайинлаш амалиёти жорий этилди. Ўтган давр мобайнида олти вилоятдаги шаҳар-туманда аёллар раҳбарлик қилди.

“Қонни ерда қазиб ололмаймиз-ку!” – cоғлиқни сақлаш мулозими аҳолини донорликка даъват этди

Ўзбекистонда қонга бўлган талаб ортиб бормоқда, дейди Республика қон қуйиш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Аълонур Саидов (www.xabar.uz, 9 март).

Қайд этилишича, нафақат Тошкентда, балки вилоят ва туман марказларида ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Бундай муолажалар учун эса биринчи навбатда қон компонентлари зарур. Ўзбекистонда шу кунларда инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш бўйича янги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу қонун амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши ортидан қонга бўлган талаб янада ортиши кутилмоқда.

“Битта жигар трансплантацияси операциясини ўтказиш учун 30 литргача қон плазмаси керак. Бу компонент эса 120 нафар донордан олинади”, дейди А.Саидов.

Соғлиқни сақлаш мулозими Ўзбекистонда ҳам чет элдаги каби донорликни кучайтириш кераклиги, ҳар бир соғлом инсон қон топшириши лозимлигини таъкидлайди.

“Кўпинча донорлар сони камайиб кетса, қон хизмати ходимларига эътирозлар ортади. Бироқ қон захирасини яратиш фақат соҳа ходимларининг вазифасигина эмас. Бунинг учун, аввало, халқнинг ўзида донорлик маданияти юқори бўлиши лозим. Қаерга, қайси ташкилотга борсак, ҳамма лаббай деб қон топшириши зарур. Ўзингиз ўйланг: агар бу ишга ҳеч ким бош қўшмаса, қонни ерда қазиб ололмаймиз-ку!” дейди Республика қон қуйиш маркази раҳбари.

“Улуғбек хазинаси” қидирув ишларини прокуратура назоратга олди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидан оқиб ўтувчи Тўпаланг дарёси қирғоғидан маҳаллий аҳоли томонидан мис тангалар топилди (www.qalampir.uz, 10 март). Ушбу ноёб топилма маҳаллий матбуотда “Улуғбек хазинаси” деб аталмоқда.

Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Термиз археология музейи вакиллари маҳаллий аҳолидан 512 дона мис тангани белгиланган тартибда олган ва музей фондига топширган.

Прокуратура соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган ўрганиш давомида қўшимча равишда 620 та мис танга ва битта шахмат донаси ихтиёрий равишда олиниб, музей фондига берилган.

Вилоят прокуратураси, маданий мерос бошқармаси ҳамда археология музейи ходимларидан иборат махсус экспедиция ҳозирда қазишма ишлари олиб бормоқда.

“Археолог олимларнинг дастлабки хулосасига кўра, ушбу ашёлар Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги (XV аср) даврида зарб этилган пул тангаларининг шу кунга қадар топилган энг катта ва яхши сақланган маданий мерос хазинаси ҳисобланади”, дейилади бош прокуратура хабарида.

Таъкидланишича, ҳозирда ушбу манзилда қидирув ишлари давом эттириляпти ва вазият прокуратура томонидан назоратга олинган.

XS
SM
MD
LG