Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:26

Мирзиёев таълим тизимининг "ўзбек модели"дан воз кечди


Президент Мирзиёев 2017 йил, 16 августда халқ таълими масалаларини тегишли вазирликлар раҳбарлари билан муҳокама қилди. Сурат president.uz сайтидан олинди.
Президент Мирзиёев 2017 йил, 16 августда халқ таълими масалаларини тегишли вазирликлар раҳбарлари билан муҳокама қилди. Сурат president.uz сайтидан олинди.

Президент Мирзиёев халқ таълими тизимида шаклланган 9+3 формуласи, яъни умумий таълим мактабида 9 йил + 3 йиллик профессионал таълим формуласидан воз вечиб, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этмоқчи.

Президент таклиф этаётган янги моделда юқори синф ўқувчилари ҳафтанинг 5 кунида мактабда ўқийди, 1 кун касб ҳунар ўрганади.

Бу ҳақда 16 август куни президент ҳузурида таълим соҳасига мутасадди вазирликлар раҳбарлари билан ўтказилган мажлисда билдирилди.

Озодлик суҳбатлашган педагог олим Абдулла Абдураззоқ ўғлининг фикрича, жорий этилаётган янги модель баъзи жиҳатлари билан собиқ Совет Иттифоқининг Сталиндан кейинги раҳбари Никита Хрушчев жорий қилган моделни эслатмоқда

Мирзиёев таълим тизимининг "ўзбек модели"дан воз кечди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

“Ўқув режасига кўра, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини ва 1 кун касбий фанларни ўрганиши белгиланди. Касб-ҳунар коллежларидан узоқ масофада жойлашган 2703 та мактаб учун 1103 та мактабда, 6956 мактаб учун эса 615 та коллежда ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади”, дейилган Президент ҳузурида ўтказилган мажлис тўғрисидаги расмий хабарда.

Ҳозирда Норвегияда яшаётган ўзбекистонлик педагог олим Абдулла Абдураззоқ ўғлининг фикрича, таълим соҳасида Мирзиёев бошлаган ислоҳот Никита Хрушчев ўтказган ислоҳотларни эслатмоқда.

Масалан, 1954-1955 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни олий ўқув юртига тайёрлашга эмас, балки ишлаб чиқаришга тайёрлашга зўр бера бошлагандилар.

Ўша йили жорий этилган ўқув режасига кўра, 1-4 синфларда меҳнат дарслари, 5-7 синфларда устахоналар ва тажриба участкаларида амалий машғулотлар, 8-10 синфларда ҳайдовчилик, электромонтёрлик каби касбларга ёки қишлоқ хўжалигига оид мутахассисликларга ўргатишга эътибор қаратилган.

Абдулла Абдураззоқ ўғли ўрта мактабни 60- йиллар бошида битирган ва аттестат билан бирга токарлик дипломини олган.

- Бироқ синфдошларим орасида фақат мен 2 йилча токарлик қилдим. Чунки оилавий шароитимиздан келиб чиқиб, қунт билан ўқиган, токарь бўлишга ўзим ҳаракат қилган эдим, синфдошларимдан биронтаси ҳам бу касбга қизиқмаган, бинобарин касбни эгаллагани ҳам йўқ, - деди Абдулла Абдураззоқ ўғли.

Шу пайтгача Ислом Каримов даврида жорий қилинган 9+3 модели “Таълим тизимининг “ўзбек модели”, деб мақтаб келинган эди.

13 ойгина муқаддам ЎзА ахборот агентлиги эълон қилган мақола худди шундай - “Таълим тизимининг “ўзбек модели” деган сарлавҳа остида берилган ва унда мана бундай гаплар бор эди.

“Бугунги кунда ҳаётимизга муваффақиятли татбиқ этилган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими узлуксиз таълим тизимининг мутлақо муҳим ва янги бўғинидир. 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимини ўзида мужассам этган ушбу бўғин келажагимиз эгаларига умумтаълим фанлари билан бирга икки-уч мутахассислик бўйича замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаш, ахборот технологиялари ва чет тилларини ўзлаштириш имконини бермоқда”.

Ўтган йилги мақоладан Ўзбекистонда биронта ҳам 10- синф комплекти бўлмагани тушунилади:

“…бу йил умумтаълим мактабларининг 9-синфини 476 минг 616 ўқувчи битирди. Уларнинг 7,5 фоизи академик лицейларда, 92,5 фоизи касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш истагида ариза топширган”, дейилган эди “Таълим тизимининг “ўзбек модели”, деган сарлавҳали мақолада.

Демак, ортда қолган 2016-2017 ўқув йилида Ўзбекистонда биронта ҳам 10- синф комплекти бўлмаган.

15 кундан кейин бошланадиган янги ўқув йилида мамлакат мактабларида 10- синфлар пайдо бўлади, лекин ҳаммаси бўлиб қанча синф очилиши, уларда қанча бола ўқиши ҳозирча аниқ айтилмади.

Президент ўтказган мажлис тўғрисидаги хабарда бундай дейилган:

“Белгиланган вазифага мувофиқ, умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўз ҳоҳишига кўра 10-синфда ўқишини давом эттириши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш ишлари изчил давом этмоқда”.

Лекин хабардаги бошқа гапга қараганда, ҳукуматнинг қанча бола мактабда қолишию қанчаси коллежга ўтишига оид ҳисоб-китоб тайёр бўлган:

“Мактабларда 10-синф очилиши муносабати билан 22 минг ўқитувчига эҳтиёж юзага келади. Шуларнинг 9,5 минг нафари олий таълим муассасалари битирувчилари ҳисобидан, 13 минг нафари лицей ва коллежлар ўқитувчиларини жалб этиш ҳисобидан қоплаш режалаштириляпти”.

Хабарда, шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, 10-синфларда дарс берадиган 116 минг ўқитувчи малака ошириш курсларига юборилиши, 10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилаётгани айтилган.

Коллежлару лицейлар нима бўлади?

Президент ўтказган мажлисда 10-11-синфлар жорий этилиб, коллежларда контингент қисқариши муносабати билан 7 та коллеж ва академик лицей негизида янги 3 та олий таълим муассасаси филиаллари ва 1 та олий таълим муассасаси ташкил этилаётгани айтилган.

Хабарда янги ўқув йилида қанча коллеж ва қанча лицей қолиши ҳақида гап йўқ.

2016-2017 ўқув йилида бутун Ўзбекистон бўйлаб 144 академик лицей, 1411 касб-ҳунар коллежи бор эди ва уларда жами 1 миллион 500 мингга яқин ўқувчи таҳсил олган.

Президент Мирзиёев 14 мартда имзолаган қарорга биноан жорий йил сентябридан Ўзбекистондаги мавжуд 144 та академик лицейдан 86 тасигина қолади. 54 та лицей касб-ҳунар коллежларига айлантирилади, 4 таси эса, тугатилади.

Мавжуд 1411 та коллежга собиқ лицейлар ўрнида ташкил қилинадиган янги 54 та коллеж қўшилиб, коллежларнинг умумий сони 1465 та бўладими ёки бу сон қисқарадими? Бу саволга ҳозирча жавоб йўқ.

Ўшандай муҳокамалардан бирини Озодлик Қурултой эшиттиришида ўтказган эди.

XS
SM
MD
LG