Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:48

“У кимга керак ўзи?” – Навальнийнинг шошилинч ҳибсга олиниши Путиннинг хавотирларини фош қилди


Россия - Владимир Путин ва Алексей Навальний - коллаж
Россия - Владимир Путин ва Алексей Навальний - коллаж

Телеграм каналларидан бирида зинапоя уланган полиция машинаси тасвирланган карикатура эълон қилинди. Бу билан карикатура муаллифи Кремль рақиби Алексей Навальнийнинг Германиядан Россияга қайтгач, самолётнинг ўзидаёқ ҳибсга олинишига шаъма қилганди.

Навальний бу қадар тезликда ҳибсга олинмаган бўлса-да, жараён деярли шундай эди.

Бир аэропортдан иккинчисига сарсон қилинган Победа авиакомпаниясига қарашли самолётдан тушган Навальний, шу вақтгача бу ерга келган минглаб сайёҳлар каби, автобусда терминалга етиб келди. Уни бу ерда ноодатий тарзда кутиб олишди: Бош қаҳрамон Россия ҳудудига ўтишга улгурмаёқ, паспорт назоратида уни ҳуқуқ‑тартибот ходимлари ҳибсга олди.

Навальнийнинг қамоққа ташланганини Ғарб ҳукуматлари кескин қоралади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:47 0:00

Адвокат, мухолифатчи ва коррупцияга қарши курашчи сифатида танилган Навальний Берлиндан парвоз қилиб, Россияга қош қорайганда етиб келди. У ўтган ўн йил ичида Путиннинг энг кўзга кўринган рақибига айланишга улгурган ва унинг ўзи уйдирилган, деб атаган турли айбловлар билан 2018 йилги президентлик сайловларидан четлатилган эди.

Навальний журналистлар ҳамроҳлигида учиб келди. 2020 йил 20 августида Томск шаҳрида уни заҳарлашга уринганларидан сўнг даволаниб ватанга қайтиши Россия ижтимоий ҳаётида катта воқеа сифатида кўрилаётганди. Бу воқеани бевосита ёритиш илинжидаги журналистлар аввалдан Навальний учиб келиши кутилган рейсга чипта олиб қўйган эдилар.

Навальнийнинг қайтишини кўплаб Twitter постларию мемлар ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа изоҳлар ҳам таъқиб этди.

Путин 21 йил муқаддам ҳокимиятга келгач, мамлакатда ОАВ мустақиллиги сезиларли даражада чекланди, телевидение устидан назорат ўрнатилди. Бундай шароитда Навальний ўзининг мухолиф ғояларини тарғиб қилиш учун ижтимоий тармоқлардан усталик билан фойдаланди.

Кремль танқидчилари жиноий айбловлар ва ўн йилдан ортиқ муддатга қамалиб кетиш хавфи борлигига қарамай, ортга қайтишга қарор қилган Навальнийни олқишлашди.

“Мен Навальнийнинг ота-онасига қўнғироқ қилиб, уларга ажойиб фарзанд – жасур ва номусли инсонни, Россиянинг муносиб фуқаросини тарбиялаганини айтдим”, дейди ўз Twitter саҳифасида 2013-2018 йилларда Екатеринбург шаҳри мэри бўлган мухолифат арбоби Евгений Ройзман. У ўз твитига Навальний ва унинг турмуш ўртоғи Юлиянинг ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган суратини ҳам илова қилган.

Навальнийни жасур арбоб сифатида таърифлаган изоҳлар билан бирга, Путин унинг акси экани айтилган муносабатлар билдирилди. Навальний учиб келган самолёт бошқа аэропортга йўналтирилганлиги, Внуково аэропортидаги мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари ҳамда Навальнийни кутиб олишга чиққан тарафдорлари ҳибсга олинишига қарши норозиликлар янгради.

“Кремлда таглик (Памперс) қолмаган. Ҳидини ортиқ яшириб бўлмаяпти”, деб ёзади Twitter’да Псков маҳаллий депутатлар кенгашидаги мухолифат аъзоси Лев Шлоссберг.

Лондондаги Қироллик коллежининг Россия институти раҳбари Сэм Грин Навальний Россияга келишидан олдин ёзишича, “агар расмийларнинг ақли бўлса, бу машмашаларнинг аҳамиятини пасайтириш учун Навальнийни аэропортдан ўз оёғи билан кетишига қўйиб берадилар, ахир уни кейинроқ, бемалол ҳибсга олишлари мумкин‑ку”.

Путин Навальнийнинг Кремль олдида аҳамиятсизлигини урғулашга ҳаракат қилса ҳам, бундай бўлмади. 2020 йил декабрида ўтган навбатдаги матбуот анжуманида Путин “у кимга керак ўзи” дея давлат Навальнийни заҳарлашга уринганини инкор этган эди.

Путин Навальний ҳақида аслида тан олганидан ҳам кўпроқ ўйлаётганини унинг ўзи ва матбуот котиби Дмитрий Песков рақибларининг исмини айтишдан астойдил қочаётгани фош қилиб қўяди. Улар Навальнийга нисбатан “блогер” ёки “Берлиндаги бемор” иборасини қўллашган.

Песков Навальний машмашасини Кремль кузатмаётганига шаъма қилишда давом этмоқда. Навальний Россияга келганидан бироз ўтиб, Дождь интернет телеканали Навальнийнинг ҳибсга олиниши ҳақидаги саволга Песковнинг жавобини келтирди: “Узр, у Германияда ҳибсга олинди, дейсизми? Мен кузатмайман-да, хабарсиз қолибман.”

Гриннинг таъкидлашича, мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари “Кремлнинг Навальний борасидаги хавотирлари унинг омма олдидаги обрўсидан анча кучли” эканидан далолатдир. Бу билан Грин Путинга яқин аёнларнинг порахўрлигини фош этган Навальнийнинг видеоларини миллионлаб россияликлар кўрган бўлса ҳам, халқ уни қанчалик қўллаб-қувватлаши ҳамон ноаниқ эканлигига ишора қилади.

Twitter’да X Soviet блогини юритаётган Сара Хёрст бу фактни аччиқ бир услубда ёритди. Унинг ёзишича, “сизга Навальний ёқмаслиги мумкин, аммо ундан жозибадорроқ бошқа мухолифат арбобини танлай олмайсиз, чунки уларнинг бари ўлган”.

Борис Акунин тахаллуси билан детектив асарлар ёзадиган муаллиф ва мухолифатчи Григорий Чхартишвили воқеаларни содда шаклда шундай ифодалайди: «Фикримча, агарда қисқа ва ҳиссиётларга берилмай гапирсак, Алексей Навальний ўзини қурбон қилган ҳолда Путин режимига зарба бермоқда», дейди у Facebook даги постида.

Блумберг нашри учун ёзадиган рус журналисти ва таҳлилчиси Леонид Бершидскийга кўра, Навальнийнинг қайтиши узоқ давом этадиган саёҳатда ташланган бир одим. «Асосий қурол жасурликдир. Путин енголмайди. Енгилиши кўпроқ вақт олади, холос».

XS
SM
MD
LG