Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:42

Рашитжон Қодиров иши доирасида бир куннинг ўзида яна 25 киши ушланди


Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигидаги бир-биридан мустақил икки мулозимнинг шахсини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка маълум қилишича, пойтахт Тошкентда бир куннинг ўзида собиқ МХХ, прокуратура ва солиқ идораларининг жорий ва собиқ ходимлари​дан иборат жами 25 киши ушланган.

Кун бўйи давом этган махсус рейд

Мазкур амалиëтга яқин мулозимнинг билдиришича, Ички ишлар вазирлиги оператив ходимлари томонидан 20 март куни эрталабдан кечқурунгача ўтказилган махсус рейд давомида ушланган 25 шахснинг барчаси мамлакат собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев устидан қўзғатилган жиноят иши доирасида сўроқ қилинган.

"20 март куни ушланганларнинг 10 тачаси ҳар хил район ва вилоят прокурорлари. Орасида Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти собиқ ходимлари¸ прокуратурада ҳозиргача ишлаб юрганлари ҳам бор. Биттаси Муханинг жияни (Мирағлам Мирзаевнинг хотини Муҳаббат Мирзаева назарда тутилмоқда - таҳр.) Иноғомов Зиëдулла. Чилонзор департаменти (СВЖЖДЛҚКД) нинг собиқ бошлиғи. Олинганларнинг 8 нафари СНБ (собиқ МХХ) ходимлари¸" деди 20 март кунги махсус рейднинг айрим тафсилотларини Озодликка билдирган мулозим.

Шундай рейд бўлиб ўтганини тасдиқлаган Тошкентдаги бошқа бир мулозим¸ ушланганлардан 18 нафарининг Ички ишлар вазирлиги ертўласида сақланаëтганини, қолган етти нафарининг эса, терговга келиш шарти билан, ўша куни кечқурун қўйиб юборилганини билдирди.

Айни шу мулозимлар Озодликка собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодировнинг ҳибсга олингани¸ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг вазифасидан озод этилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган ва кўп ўтмай бу маълумотлар расмий тасдиғини топган эди.

Озодликда ҳозирча 20 март кунги махсус амалиëт давомида ушланиб¸ сўроққа олиб келинганларнинг аниқ рўйхати¸ улардан қай бирининг ҳозирга қадар қўйиб юборилгани ва қай бирларининг эҳтиëт чораси сифатида ҳамон ҳибсга қолаётганига оид аниқ маълумот йўқ.

(Тафсилотлардан хабардор бўлсангиз¸ уларни Telegram @ozodnews орқали Озодликка юборишингиз мумкин - таҳр.)

Прокуратуранинг яна хабари йўқ!

22 март куни Озодлик боғланган Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими¸ прокуратура собиқ ва амалдаги ходимларининг махсус рейд давомида ушланиб¸ сўроқ қилинганига оид "ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини" билдирди.

Айни пайтда¸ Озодлик билан микрофонсиз гаплашган ҳуқуқ тизими мулозимлари 20 март куни ҳар бири алоҳида-алоҳида ушланганлар орасида¸ Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг хотини¸ «Юнусобод адвокатлар коллегияси» раҳбари Муҳаббат Ҳасанова борлигини билдирди.

"Муха билан гап ейдиган аëллардан бирини ҳам олиб кетишди. Уни кечроқ подписка билан қўйиб юборишди"¸ деди иккинчи аëл шахсини очиқламаган ИИВга яқин мулозим.

Озодлик ҳибсга олинганлар шахсини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Муҳаббат (Ҳасанова) Мирзаева устидан жиноий иш очилган

Озодлик 22 март куни қайта боғланган ИИВ ва прокуратура тизимидаги шахси сир қолишини сўраган мулозимлар Бош прокуратуранинг 22 март кунги билдиришномасининг айнан 20 март кунги рейд ортидан пайдо бўлганини таъкидлашди.

22 март куни ўз аввалги раддиясига зид тарзда Бош прокуратура "Р.Қодировга нисбатан ўтказилаётган жиноят иши тергови доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.А.Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи М.Х.Мирзаева, ўғли А.М.Мирзаев иштирокида жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда¸" дея баëнот берди.

Озодлик гаплашган мулозимлар¸ 23 февраль куни ушланиб¸ сўроққа олиб кетилган Муҳаббат Мирзаеванинг мамлакатни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборилгани ва 20 март куни ҳибсга олинганини иддао қилди.

Озодликда Муҳаббат Мирзаеванинг 22 март куни ҳисбда қолаëтгани ëки яна қўйиб юборилганини тасдиқловчи расмий ҳужжат йўқ.

(Озодлик Мирзаевлар ишига алоқадор айрим ИИВ ходимларига таяниб¸ Мирағлам Мирзаев¸ унинг хотини¸ ўғли ва жиянининг 23 февраль куни сўроққа олиб кетилгани ҳақида 1 март куни хабар қилган эди.)

"Коррупцияга қарши курашни прокуратура ва ИИВнинг тоза мутахассислари олиб бормоқда!"

Ҳуқуқ тизимидаги мулозимларнинг билдиришича¸ Ўзбекистондаги собиқ йирик амалдорлар устидан қўзғатилган ишлар Бош прокурор Отабек Муродов назоратида.

Айни пайтда¸ норасмий хабарларга кўра¸ бу жараëнга президент Мирзиёевнинг шахсий сўрови билан собиқ Ички ишлар вазири¸ яқинда Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланган Зокиржон Алматов маслаҳатчилик қилмоқда.

1991-2005 йиллар давомида Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган 68 яшар Зокиржон Алматов Ички ишлар вазирлигида янги таъсис этилган вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинлангач, ички ишлар вазирлиги обрўсини қайтадан кўтаришга ваъда берган эди.

Вазирлик расмийсининг 22 март куни Озодликка айтишича¸ "Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларининг "жуда катта миқдордаги коррупция"да айбланаëтган собиқ амалдорлари устидан бораëтган жиноий ишларни "профессионал¸ билимдон¸ энг муҳими¸ тоза мутахассислар" олиб бормоқда.

"Коррупцияга қарши Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган ишлар бўлаяпти. Бу жараëнга қўшилмаслик¸ президентнинг бу жасоратли ҳаракатларини қўлламаслик¸ номардлик бўлади"¸ деди Озодлик суҳбатлашган ИИВ мутасаддиларидан бири.

Президент танқидига монанд рейд

Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Самарқандда қилган маърузасида собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ўз қўл остидагилардан ҳар ойда катта миқдорда пора олиб келгани учун қамалганини таъкидлаганди.

“Бош прокурорни нега қамадим? Ҳаммаси ўғри эди. Ҳар бир туман прокурори қанчадан пул берганини булбулдек сайраб ётибди турмада. Самарқандда ҳам 7 туман прокурори ҳар ойда бериб турган. Ҳар ойда 2 минг доллардан берган, прокурор бўлиш учун 35-40 минг доллардан берган. Тайлоқ тумани прокурори 40 минг берган бўлса, бу пулни қайтариши учун Тайлоқни сотиши керак-ку? Мана қандай вазиятда яшаганмиз”, деди жумладан Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев ўз сўзида давом этар экан: “Қўлимиз калта эди, бир-иккита ташкилотлар бор эди. Ғўддайиб, атрофимизда пойлаб юрарди. Ўзлари энг катта ўғри эди. Бу ҳам ҳақиқат”, дея собиқ МХХ даври тугаганига яна бир бор ишорат қилган эди.

Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими мулозимлари¸ 20 март кунги махсус рейдга президентнинг айнан 17 март кунги чиқиши асос бўлгани ва ҳибсга олинганлар орасида¸ Рашитжон Қодиров кўрсатмасида номлари келтирилган прокурорлар борлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиëев 19 январь куни Сурхондарëнинг Қизириқ туманидаги учрашувда биринча марта МХХ¸ хусусан¸ унинг айрим терговчиларини тилга олгани ортидан¸ улар ҳам саноқли кунлар ичида ҳибсга олинган эди.

Озодлик собиқ Бош прокурор иши, қолаверса¸ собиқ МХХ¸ Божхона ва Солиқ қўмитасида бораëтган тозалашлар жараëнини кузатишда давом этади.

Бу жараëнларга оид маълумотларни Озодликка Telеgram рақами (+420724971539) ëки электрон почта (ozodlikmail@gmail.com) орқали юборишингиз мумкин. Озодлик¸ истагингизга кўра¸ шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG