Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:27

МХХ собиқ терговчиси Нодир Тўрақулов жиноий гуруҳига алоқадорликда гумонланган прокурор ҳибсга олинди


Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани прокурори ўринбосари, Шерали Аҳмедов 1 март куни Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасининг Термизда бўлиб турган махсус гуруҳи томонидан ҳибсга олинди.

Бу хабарни тасдиқлаган вилоят прокуратураси мулозимига кўра, Шерали Аҳмедов Сурхондарё вилояти МХХ тергов бошқармаси собиқ бошлиғи Нодир Тўрақулов тузган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланмоқда.

Шерали Аҳмедов отаси ўғлининг айбсиз эканлигини иддао қилмоқда.

Қизириқ тумани прокурори ўринбосари, 37 яшар Шерали Аҳмедов 1 март куни Термизда бир қатор жиноятларда гумонланаётган Сурхондарё вилояти МХХ тергов бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов иши юзасидан чақиртирилган ва ҳибсга олинган.

Сурхондарё вилояти прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими Шерали Аҳмедовнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади:

“Ҳарбий прокуратура олди. Улар бизга ҳам барча тафсилотларни айтишмайди. Лекин, менинг билишимча, Шерали Аҳмедов тадбиркорлардан Нодир Тўрақуловга пул олиб беришда гумонланяпти”, деди прокуратура мулозими.

Озодликнинг 27 февраль кунги мақоласида Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган тадбиркорлардан бири Қизириқ тумани прокурори ўринбосари Шерали Аҳмедов собиқ МХХчи тузган жиноий гуруҳга алоқадор эканлигини айтган эди:

“Бир прокуратура мулозими Дамас ва Нексияларни тўлдириб, Норқобиловнинг Термиз туманидаги офисига миллиардлаб сўм ташиганини ўзим кўрганман. Бу офисни кўрсангиз ҳайрон қоласиз, деворлари худди турманикидек баланд қилиб қурилган. Нодир Тўрақулов ишдан кетганида бу мулозим ҳам бир ой қамоқда ётиб чиқди. Лекин ҳозир яна бир туманнинг прокурор ўринбосари бўлиб ишлаяпти”, деган эди тадбиркорлардан бири.

Озодлик 27 февраль куни Шерали Аҳмедовнинг ўзи билан гаплаша олмагани сабали, унинг исмини келтирмаган.

Шерали Аҳмедовнинг Бойсун туманида яшайдиган отаси, 2-гуруҳ ногирони Жўра Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда ўғлининг тадбиркорлар билан бирга Нодир Тўрақуловга пул олиб борганини тасдиқлар экан, бу пулларни собиқ терговчи қабул қилиб олганлиги ҳақида барча ҳужжатлар борлигини айтди:

- МХХ тергов бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Нодир Тўрақулов ўғлимни ўзининг тергов ишларига яқинлаштирмасдан, ўзининг жиноят ишлари бўйича фуқаролардан етказилган зарарни сўрашни, улар зарар суммасини олиб келса МХХ тергов органига олиб келишига ўғлимга кўрсатма берган. Шундан сўнг ўғлим фуқаролар томонидан зарар сифатида олиб келинган пулларни шу фуқаролар билан биргаликда Нодир Тўрақуловга олиб борган. Нодир Тўрақулов пулларни қабул қилиб олганлиги бўйича протокол тузиб, уни ўзининг жиноят ишларига тиккан. Баённомаларни ҳаммасини имзолаган. Шу сабабли ўғлим Ш. Аҳмедов барча пуллар давлатга топширилди, деб ўйлаган, дейди Жўра Аҳмедов.

Унинг айтишича, Нодир Тўрақулов имзолаб берган протоколлар унинг ўғлида мавжуд:

- Мен бундан олдин ўғлим билан гаплашган эдим. Ота, мен бир сўм ҳам емаганман, ҳаммасини Нодирга олиб бориб топширганман, деган эди. Мен 40 йил ўқитувчилик қилиб, пенсияга чиққан одамман, ўғлимнинг бировни ҳақини ейишига ишонмайман. Ўғлимни икки кун очиққа чиқаришсин, ҳаммасини ўзи исботлаб беради, дейди Жўра Аҳмедов.

Жўра Аҳмедовнинг айтишича, унинг ўғлини ҳарбий прокуратура терговчиси Шуҳрат Санаев тергов қилмоқда.

Озодлик Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасидан Шерали Аҳмедовнинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг қайси моддалари бўйича гумонланаётганига изоҳ ололмади.

Шерали Аҳмедовнинг икки нафар қиз фарзанди бор. У Сурхондарё вилояти туманлари прокуратурасида ишлаган.

Сурхондарëда "донг таратган" МХХ зобити Нодир Тўрақулов президент Мирзиëев жорий йилнинг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан 22 январь куни Тошкентда қамоққа олинган эди.

16 февраль куни Тошкент ҳарбий суди чиқарган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиëт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримга кўра¸ Нодир Тўрақулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 301-моддаси 1-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва 230-моддасининг 2-қисми (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Президент буйруғи билан қамоққа олинган Нодир Тўрақулов Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодировнинг куëви - Қодиров акасининг қизига уйланган¸ тўрт фарзанди бор.

Айни кунларда ўзи жиноий иш марказига қўйилган 42 яшар Нодир Тўрақулов 2017 йил сентябрида ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев ишини олиб бораëтган МХХ терговчиси эди.

XS
SM
MD
LG