Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:46

Германия канцлери Олаф Шольц Украинага йўл олди


Германия канцлери Олаф Шольц.
Германия канцлери Олаф Шольц.

Германия канцлери Олаф Шольц 14 февраль куни Киевда президент Владимир Зеленский билан, 15 февралда эса Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашади.

Шольц Киевда президент Владимир Зеленский билан Россиянинг Украинага бостириб кириши хавотирлари ва мавжуд инқирозни юмшатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар юзасидан гаплашади.

Шольц 13 февраль куни Россия Украинага бостириб кирса, НАТО ва Европа Иттифоқи аллақачон “дарҳол кучга кирадиган” оғир санкциялар тайёрлаб қўйганини хабар қилган.

Кеча Қўшма Штатлар Украина чегараси яқинидаги рус қўшинлари сони 100 мингдан 130 мингга етгани ҳақида хабар берган эди.

Зеленский 13 февраль куни Байден билан телефон орқали мулоқот қилди. Президент Жо Байден суҳбат чоғида Россиянинг Украина чегараларида мушакларини кўз-кўз қилишига жавобан дипломатия ва “тийиб турувчи” чоралар муҳимлигини таъкидлаган.

Байден Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор таъкидлар экан, “Россиянинг Украинага навбатдаги босқини” амалга ошса, “тезкор жавоб беришга” ваъда берди.

Зеленский администрацияси Байденни “яқин кунларда” Киевга келишга таклиф қилгани ҳақида хабар берди.

“Ишончим комилки, сизнинг яқин кунларда Киевга ташрифингиз кучли сигнал бўлади ва вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беради”, дея Зеленский сўзларидан иқтибос келтирган президент идораси.

Шунингдек, Украина кескинликни муҳокама қилиш учун 48 соат ичида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЙХҲТ) йиғилишини ўтказишга чақирди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ЕХҲТ Вена ҳужжатига биноан Москвадан ўз ҳаракатларини тушунтиришни сўраган, бироқ Кремль ҳеч қандай жавоб бермади.

Шундан сўнг, “Агар Россия ЕХҲТ маконида хавфсизликнинг ажралмаслиги ҳақида гаплари жиддий бўлса, кескинликни пасайтириш ва барча учун хавфсизликни таъминлаш учун ҳарбий шаффофлик бўйича ўз мажбуриятини бажариши керак” дея таъкидлади Кулеба “Twitter”даги саҳифасида.

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 13 февраль куни Россиянинг Украинага “исталган кун” бостириб киришини, бу Пекин Олимпиадаси тугашидан олдин юз бериши мумкинлигини айтганди.

Салливаннинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар ўз разведка маълумотларини Москванинг уруш учун баҳона қидириб қилаётган “сохта байроқ” операцияларига тўсқинлик қилиш мақсадида ошкор қилиб боради.

Энтони Блинкен 13 февраль куни Киевдаги элчихона ходимларининг аксарияти эвакуация қилинишини айтди.

“Кеча биз АҚШнинг Киевдаги элчихонасида бўлиб турган америкаликларга мамлакатни тарк этишни буюрдик”, деди Блинкен Ҳонолулуда.

“Россия бирор воқеани ўзи қўзғатиб, кейин бундан аввалдан режалаштирган ҳарбий ҳаракатларини хаспўшлаш учун фойдаланади. Бундан ҳеч ким ҳайрон бўлмайди”, дейди у.

13 февраль куни иккинчи муддатга сайланган Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Путин Ғарбнинг Украина бўйича ёндашувини паст баҳоламаслиги кераклигини таъкидлади.

“Президент Путинга мурожаат қилиб, Украинани тинч қўйиб, Европада тинчликни сақлаш йўлини топишда бизга қўшилишни сўрайман”, деди Штайнмайер.

АҚШ, Буюк Британия ва Германия ўз фуқароларидан Украинани тарк этишни сўради. Австралия эса 13 февраль куни Киевдаги элчихонаси фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.

Москва Ғарбдан Украина ва бошқа собиқ иттифоқ республикаларини НАТОга аъзо сифатида қабул қилмасликни ҳамда Украинага қурол-яроғ жойлаштиришни тўхтатиб, Шарқий Европадан ўз кучларини олиб чиқиш кафолатларини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG