Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:46

Тадқиқот: Австралия ўрмонларининг 20 фоизи ёниб кетди


Австралиядаги ёнғинлардан бири (иллюстратив сурат).
Австралиядаги ёнғинлардан бири (иллюстратив сурат).

Олимлар Австралияда ёнғинлар туфайли мамлакат ўрмонларининг 20 фоизидан ошиғи нобуд бўлганини билдиришди.

Айни дамда олимлар Австралиянинг жануби-шарқида йирик ҳудудларнинг кулини кўкка совурган ёнғинларга қай даражада глобал исиш сабабчи эканлигини аниқлаш устида ишламоқда.

Душанба куни Nature Climate Change журналининг махсус нашрида Австралияда ўрмон ёнғинларининг турли жиҳатлари кўриб чиқилган мақолалар эълон қилинди.

Мақолаларнинг бирида 2019 йилнинг сентябридан 2020 йилнинг январига қадар Янги Жанубий Уэльс ҳамда Викторияда тақрибан 5,8 миллион гектар ўрмон ёниб кул бўлгани айтилади. Бу эса мамлакатдаги ўрмонларнинг 21 фоизига тўғри келади.

Одатда Австралияда йилига ўрмонларнинг 2 фоизи ёниб кетади.

Журналда чоп этилган яна бир мақолада ёнғинлар учун қулай шароит яратган омилларнинг бири — бир йил давом этган қуруқ мавсум ҳақида сўз юритилади. Қурғоқчилик ўрмон ёнғинлари учун қулай замин яратади ва ҳар бир ёнғиндан кейин ўрмонлар қайта тикланишини секинлатади.

Мельбурн университети ходими Эндрю Кинг ҳамкасблари билан Ҳинд океани диполи деб номланувчи ҳолатни ўрганиб чиқди. Бу ҳолат Австралиядаги ёғингарчиликка таъсир кўрсатади.

Олимларнинг хулоса қилишича, 2017 йилдан бери Австралияда қурғоқчилик одатдагидан узунроқ давом этмоқда. Кинг ва унинг ҳамкасблари 2016 йилдан бери Муррей-Дарлинг бассейнида 12 кетма-кет мавсум давомида ёғингарчилик ўртача даражадан оз бўлганини аниқлади.

Кинг иқлим ўзгариши Австралияда қуруқ мавсумлар кўпроқ бўлишига ҳамда кескинроқ қурғоқчилик кузатилишига сабаб бўлаётганини, келгуси йилларда аҳвол янада оғирлашиши мумкинлигини айтди.

Ғарбий Сидней университети ходими Матиас Боэр ҳам иқлим ўзгариши туфайли Австралияда ўрмон ёнғинлари сони кўпайишини айтиб, ҳукуматни тайёргарлик чораларини кўришга ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашни кучайтиришга чорлади.

XS
SM
MD
LG