Шу билан бирга, миллионга яқин иш ўринлари ҳақидаги ёлғон ҳисоботлар ва давлатга етказилган миллиардлаб зарар ҳақидаги хабар ҳам интернетдаги муҳокамалар марказида бўлди.
“Қичимаган жойни қашлаш ножоиздир”
Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Тиллаева 2 сентябрда Инстаграмда отасини хотирлади. У ўз чиқишида Каримовнинг сиёсий қарорларини маъқуллаб, мамлакатда ички низолар ва фожиалар юз бермаганини унинг қатъиятли раҳбарлиги билан боғлади. Шу орқали у Ўзбекистонни бошқа давлатлар, жумладан Сурия ва айрим қўшни мамлакатлар билан таққослашга уриниб, Каримов давридаги барқарорликни алоҳида таъкидлади.
Лола Тиллаева отасининг яхши одам бўлгани хақида нафақат фикр билдирди, балки “сўзларимга кўпчилик қўшилади" деган хулосани ўз-ўзидан қўшиб ҳам қўйди.
“Бугун дунёга назар ташлар эканман, унинг кўп жиҳатдан ҳақ бўлганини англаяпман ва кўплаб инсонлар бу фикримга қўшилади. Шунингдек, айтишни истардимки, ахборот майдонида баъзан унинг сиёсатига, ўтмишга нисбатан танқидлар, ҳужумлар учраб туради. Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларида босиб ўтган йўлининг аҳамиятини камситишга уринишлар бўлади. Лекин бугун тўлиқ масъулият билан айта оламанки, биринчи президент Ўзбекистонни ички урушлар, фуқаролар ўртасидаги низоларга ғарқ бўлишдан сақлаб қолди” – деди Тиллаева.
Аммо унинг сўзлари ижтимоий тармоқларда кутилганидек қабул қилинмади. Аксинча, отасининг давридаги инсон ҳуқуқларига боғлиқ мунозарага айланди. Муҳокамани биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа бошлаб берди.
“Синглимиз оталаридан яхшилаб сўрасалар бўларкан нимага бундай бўлганини. Балки қўшнилардан фарқли равишда айнан бизда радикаллашувга олиб келувчи 90 йиллардаги нотўғри тутилган сиёсат сабабдир? Магар моҳирона ва ҳар тарафлама ўйланган сиёсат тутилганда минглаб тақдиру- қисматлар синмаган бўлармиди? Балким айнан Каримовнинг бошқарув услуби - бизни собиқ Сурия ё собиқ Афғонга ўхшаб қолишимиз - бу унсарларни чиқаргандир? Оталари айтканидек қичимаган жойни қашлаш ножоиздир…” – деб ёзди у Фейсбукка.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса “Тиллаева отаси учун халқдан кечирим сўраши керак эди”, деган мазмунда фикр билдирди:
"Тушунаман, ҳукмдорларнинг яқинлар ўзлари манфаат кўрган шахсни, тизимни – у қанчалик зулмкор бўлмасин, оқлашга ҳаракат қилади. Лекин, миллионлаб инсонларнинг тақдири мажруҳ қилинган режим ҳақида гап кетганда, балки халққа ёқиш ва “отани” оқлаш учун, “агар сиз ўша даврда ўзингизни азият чеккан деб ҳисобласангиз – отам учун мана мен сиздан кечирим сўрайман!” деб бошланса, бу кучлироқ PR бўлмайдими? Сурия ва Ироқ билан қўрқитиш... Сурия ҳам, Ироқ ҳам диктатура эди. Бу давлатларни бошини еган – айнан диктатура... Энг ачинарлиси – халқимиздаги қуллик психологияси. Жуда диктатурабоп халқмиз! Эркинликни, ҳурриятни англай олмасдан, ўтиб кетган золимга таъзим қилишда давом этаётганлар қанча...”
“Тинч турган балони қўзғатма”
Интернетдаги изоҳларга Лола Тиллаева бир ҳафтадан ўтиб жавоб берди. Унинг 9 сентябрда Фейсбукка ёзган постида танқидчиларга нисбатан қўрқитиш ифодалари сезилди:
“Мен отамни ҳурмат қилмайдиганларга сингил эмасман. Биринчи президент вафот этганига 9 йил тўлиши муносабати билан қилган постимга беъмани реакция билдиришга буюртма берганларнинг бахтига, менда ҳеч қандай сиёсий амбиция йўқ. Шу боис ҳам ҳеч қандай полемикага кириш ниятим йўқ. “Тинч турган балони қўзғатма” - дейилади яхши бир рус мақолида".
Женевада истиқомат қилган Лола Тиллаева Каримовнинг президентлик даврида кўп бойлик тўплагани, Лос Анжелесдаги энг қиммат ва ҳашаматли маҳаллаларда тўртта кўп миллион долларлик сарой сотиб олгани хақида 2015 йили Ғарб нашрларида маълумотлар чиққан. Аммо у буни инкор этишга уринган эди.
Хуллас, Лола Тиллаевнинг отаси дафн этилган куннинг тўққиз йиллигига қарата эълон қилган видеоси нафақат оилавий хотира сифатида, балки Ўзбекистоннинг яқин тарихини баҳолаш жараёнида янги муҳокамалар тўлқинига сабаб бўлди.
Каримовнинг қизи отасини мақтаётган бир паллада эса медиада айрим таниқли шахслар Ислом Каримовнинг сиёсати ва унинг қизларининг даврон сурган пайтлари танқидга олишди.
Шоира Дилором Исҳоқова Paradigma.uz каналидаги чиқишида Каримов даврида ўзбек халқи мустақиллик нималигини сезмаганини айтди:
“Каримов ҳамма керакли жойларга ўзига содиқ бўлган одамларини қўйиб, илдиз отиб, мустаҳкам туриб, энди бемалол зуғум ўтказиш мумкин эканлигига ақли етган куни Ўзбекистоннинг мустақиллиги тугади, деб ўйлайман. У фақат Каримовнинг мустақиллигига айланди. Унинг мустақиллиги бўлди. Каримовга ниҳоятда содиқ бўлган одамларнинг мустақиллиги бўлди. Унинг иккита қизининг - Гулнора билан Лоланинг мустақиллиги бўлди. Улар истаган ишини қилган мустақиллик бўлди. Бу мустақилликдан ўзбек миллати мутлақо наф кўргани йўқ”.
Самарқанд ва Бухородаги катта байрам
Тармоқларда собиқ президентнинг қизининг сўзлари ва отасининг сиёсати танқид қилинаётган пайтда ҳозирги президент Шавкат Мирзиёевнинг амалдор қизлари - Саида Мирзиёева ва Шаҳноза Мирзиёева Самарқандда италиялик тенор Андреа Бочеллининг концертида, шунингдек Бухородаги санъат кўргазмаси давомидаги онларда ранг-баранг тасвирларда омма олдида намоён бўлишди. Интернетда тарқатилган тасвирларнинг аксариятида эътибор кўпроқ Президент админстрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага қаратилган. Фото ва видеолар остидаги изоҳларнинг асосий қисми мақтов билан тўлган.
Кузатувчилар таъбири билан айтганда, бу ҳолат аввалги президентнинг қизи, 10 йилдан ошиқ вақтдан бери қамоқда ўтирган Гулнора Каримованинг бир пайтлари хориждан таниқли санъаткорларни олиб келиб, доимо марказда кўринган, мақтовлар оғушида юрган онларини эслатади.
Шу ўринда Бухорода ўтган илк Биеннале – замонавий ва амалий санъат кўргазмаси санъат арбоблари томонидан алоҳида эътироф этилди. Бу тадбир узоқ-яқин мамлакатлардан келган рассом ва ҳунармандларни бирлаштирди.
Расмий маълумотларда айтилишича, тарихий шаҳар ўзининг бой маданий мероси, масжид гумбазлари, ипак гиламлар, зардўзлик ва миниатюра санъати, шунингдек шашмақом мусиқаси билан меҳмонларни жалб этган. Озодлик мухбири гаплашган айрим санъаткорлар ва рассомлар бу кўргазмани халқаро маданий майдонда Ўзбекистон учун керакли маданий воқеа эканини айтишди.
Ўзбекистондаги сохта иш ўринлари
Президентнинг қизлари ижтимоий тармоқларда концерт ва кўргазмалардаги байрамона лаҳзаларини баҳам кўраётган бир пайтда, Олий Мажлисда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг ҳисоботи ҳам жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Унинг маълум қилишича, 2024 йили камбағалликни қисқартириш бўйича кўрсатилган рақамлар орасида жиддий камчиликлар аниқланган.
“Назорат тадбирларимизда хақиқатда яратилмаган 900 мингга яқин иш ўринлари ҳисоботга қўшиб ёзилган 78та ҳолатда 12 миллиард сўмлик иш хаққи талон-тарож қилинганлиги аниқланиб, қонуний чоралар кўрилди” – деди Йўлдошев.
Бош прокурор чоралар кўрилганини парламентдаги чиқишида умумий тарзда қайд этди, холос. Айрим тармоқ қўлланувчилари бундай ишларда фақат жиноий эмас, сиёсий жавобгарлик ҳам бўлиши кераклигини таъкидлашмоқда.
Шунингдек, Йўлдошев ўзбек тиббиётидаги айрим жараёнлар ҳақида ҳам ёлғон маълумотлар тарқатилаётганини билдирди:
“Аҳамият беринг, қандли диабет ва саратонни аниқлаш бўйича скрининг текширувлари ўтказилмаган 160 минг фуқаро ҳисоботларга қўшиб ёзилган. Кўрилган чоралар натижасида 13 600 нафар фуқаро тегишли скриниг текширувларидан ўтказилди, ушбу турдаги касалликларга чалинган 936 нафар беморга ногиронлик белгиланди”.
Ёлғон ҳисобот тақдим этган мулозимлар ёки тиббиёт ходимлари билан боғлиқ жавобгарлик ҳақидаги саволлар ҳозирча очиқ.
Самарқандда кесилаётган дарахтлар
Телеграмдаги Oper Uz каналида Самарқанднинг кўрки саналган булвардаги дарахтларнинг кесилаётгани ҳақида видео тарқади. Интернет фойдаланувчилари “Тошкентдаги Амир Темур майдонини ҳам бир вақтлар шундай йўқ қилишган эди” деб ташвиш билдиришди.
Озодлик мухбири гаплашган айрим маҳаллий аҳоли булварнинг ўзида эмас, балки унинг ёнидаги кўчадаги дарахтлар кесилаётганини маълум қилишди. Шаҳар ҳокимияти матбуот котиби Абдужаббор Пўлатов эса чириган учта дарахтнинг кесилгани ҳақида баёнот берди.
Бир неча йил аввал Тошкентда дарахтларнинг кесилиши фаоллар ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида норозилик туғдирган ва бу борадаги баҳслар ҳозиргача давом этади.
Форум