Линклар

Шошилинч хабар
09 сентябр 2025, Тошкент вақти: 22:23

Уларнинг портретлари муқаддас ҳисобланади: Туркманистон ва бошқа жойларда раҳбарлар суратлари культи


Туркман оқсоқоллари ва амалдорлари 2022 йил март ойида отаси ўрнига президент лавозимини эгаллаган Сардор Бердимуҳаммедов сурати олдида. «Озодлик» суҳбатдошларининг айтишича, Сардор ва Гурбангули Бердимуҳаммедовларнинг портретлари ҳамма жойда илинган.
Туркман оқсоқоллари ва амалдорлари 2022 йил март ойида отаси ўрнига президент лавозимини эгаллаган Сардор Бердимуҳаммедов сурати олдида. «Озодлик» суҳбатдошларининг айтишича, Сардор ва Гурбангули Бердимуҳаммедовларнинг портретлари ҳамма жойда илинган.

Туркманистоннинг шимолида жойлашган Дашоуз шаҳрида 15 нафар аэропорт ходими Сардор Бердимуҳаммедов портрети олдида рақс тушгани учун ишдан бўшатилди. Президент ва 2022 йилда амалда лавозимни ўғлига топширган отаси Гурбангули Бердимуҳаммедов сурати мамлакатда деярли муқаддас деб қаралади.

ТУҒИЛГАН КУНИНИ НИШОНЛАБ, ИШДАН АЖРАЛИШДИ

Тун яримидан кейин Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари Дашоуз аэропортининг 15 нафар ишчисини иш жойига чақирди. Бу фавқулодда топшириқни бажариш учун эмас, балки ишдан бўшатиш учун эди.


«Озодлик»нинг Туркман таҳририяти ёзишича, аэропорт ходимларини «ўз хоҳиши билан» ариза ёзишга мажбур қилишган. Сабаб — «ноқобил фон»да рақс тушиш.


«15 август куни аэропорт ходимлари иш вақтида ҳамкасбининг туғилган кунини нишонлаб, президент Сардор Бердимуҳаммедов портрети олдида рақс тушишган. Улардан бири видеони ўзининг TikTok саҳифасида жойлаштирган», — деб хабар берди «Озодлик» манбаси.


Оқибатда видеога тушганларнинг барчаси ишдан бўшатилди, видеони жойлаштирган ходим эса 15 суткага қамоққа олинди. Манбанинг айтишича, бунга сабаб одамларнинг иш вақтида тўйиб олгани эмас. МХВ офицерлари ходимларни давлат раҳбари сурати олдида «масхарали ҳаракатлар»да айблади.


Ашхободдаги бўш кўчада осилган улкан Сардор Бердимуҳаммедов портрети.
Ашхободдаги бўш кўчада осилган улкан Сардор Бердимуҳаммедов портрети.

«Туркманистонда президент ва унинг отаси портретлари муқаддас ҳисобланади. Сиз қандай лавозим эгаллашингиздан қатъи назар, агар унинг портрети олдида амалдорлар номуносиб деб баҳолайдиган иш қилсангиз, ишдан бўшатиласиз ва ҳатто қамоққа ҳам тушасиз. Бу турдаги норасмий қонун», — деб таъкидлади куч тузилмаларидаги манба.


«Озодлик»ка Дашоуз аэропортидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.


ПОРТРЕТ ОЛДИДА ЎЙИН ВА ҲАЗИЛЛАР УЧУН ЖАЗО


Бундай ҳолатлар учун таъқиб мамлакатда аввал ҳам бўлган.


2018 йили худди шу Дашоузда ўқувчилар ўша вақтда мамлакат президенти бўлган Гурбангули Бердимуҳаммедов суратини ҳақорат қилишда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. «Озодлик» ёзишича, ўйин чоғида ўқувчилар портретни ерга тушириб, устига босиб юборишган, бошқа бир ҳолатда эса болалар фломастер билан портретга муй ва соқол чизишган. Ўнлаб ўқувчи полицияга олиб борилган, Дашоузга Ашхободдан махсус комиссия келган. Натижада баъзи ўқувчилар қўйиб юборилган, бошқалари эса «тартибни бузиш», «жанг» ва «мактаб мулкига зарар етказиш» айбловлари билан 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилган.


Ўтган йили эса Махтумқули номидаги университетнинг юридик факультети талабалари 2022 йилда президент бўлган Бердимуҳаммедов кичик портрети олдида ҳазиллашгани учун ўқишдан чиқарилган.


2023 йил 26 март куни Ашхободдаги сайлов участкасида осилган президент Сардор Бердимуҳаммедов портрети.
2023 йил 26 март куни Ашхободдаги сайлов участкасида осилган президент Сардор Бердимуҳаммедов портрети.

Озодлик манбасининг айтишича, талабаларга «автократик мамлакатда давлат раҳбари портрети олдида эҳтиёткор бўлиш» лозим.

Шу орада Дашоуз аэропортининг бир нечта ходимлари ҳукуматга шикоят қилиб, ишдан бўшатилган ҳамкасбларининг президент портрети олдидаги рақслари ни ҳақоратли, ни беҳаё эмаслигини айтган.

«Одамлар президент портретларидан чарчашган. Бу диктатура белгиси. Президент ва унинг отаси портретлари фақат ҳожатхоналардагина йўқ», — деди Дашоуз аэропорти ходимларидан бири анонимлик шартида.

Туркманистонда президент портретлари барча давлат муассасалари бинолари олди ва ичида осилган. Улар давлат такси ва автобусларида ҳам кўринади. Портретлар йилига бир марта, баъзан икки марта янгиланади — бюджет ходимлари, талабалар ва ўқувчилардан эса суратларни алмаштириш учун пул йиғишга мажбур қиладилар.


«ЭЛБАСИ СУРАТЛАРИНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛИШ»


Президент портретларига зиён етказиш ёки уларга турли чизиқлар қўшиш учун жазо фақат Туркманистондагина эмас.


Қозоғистон Жиноят кодексида 2023 йилгача «Биринчи Президент — Елбасининг шаъни ва қадр-қимматига оммавий ҳақорат ва бошқа тажовуз» ҳақида модда мавжуд эди. Унда нафaқaт оғзаки ҳақоратлар, балки Нурсултон Назарбоев суратини ҳақорат қилиш ҳам жиноят сифатида белгиланган. Жиноят кодексининг 373-моддасида 15 мингдан 22 минг долларгача жарима, мажбурий меҳнат, озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган эди.

2021 йилда Ахборот ва жамоат ривожланиши вазирлиги The Village Kazakhstan нашрига жиноий жавобгарлик ҳақида эслатди.


Қозоғистон нашрида чоп этилган, номаълум шахслар томонидан бузилган мурал ҳақидаги мақолада амалдорлар Биринчи Президент суратини «тавҳин қилиш» аломатларини кўришган. Мурал 2021 йил 8 июлда бузиб чизилган ва ўша куниёқ бўялган.
Қозоғистон нашрида чоп этилган, номаълум шахслар томонидан бузилган мурал ҳақидаги мақолада амалдорлар Биринчи Президент суратини «тавҳин қилиш» аломатларини кўришган. Мурал 2021 йил 8 июлда бузиб чизилган ва ўша куниёқ бўялган.

Онлайн-ресурс ўша пайтда публикацияни ўчирмади ва «таҳририят МИОР Ахборот қўмитасидан келган талабга кўра мазкур материалдаги тасвирни яширишга мажбур бўлди» деган изоҳ қўшди. Ҳозир эса бу материал очиқ эмас.

373-модда Қозоғистон Жиноят кодексида деярли 10 йил давомида мавжуд бўлди. Бу вақт мобайнида қанча киши унга кўра жавобгарликка тортилгани ҳақида аниқ статистика йўқ. Жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатларга қараганда, кўпроқ Назарбоевга нисбатан ҳақоратли ифода учун жазо қўлланган, портретларни бузиш учун эмас. Охирги ишлардан бири — қарағандалик Арман Хасенов иши. 2020 йилда у Назарбоев ва унинг оила аъзоларига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган видеомурожаати учун уч йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

373-модда 2022 йил Январь воқеаларидан бир йил ўтиб Жиноят кодексидан чиқариб ташланди. Бу воқеалар Назарбоев таъсирини заифлатган эди. Конституциядан биринчи президент ҳақидаги барча қайдлар ўчирилди, Назарбоевга «елбоси» (миллат етакчиси) унвонини ва унга ҳамда оиласига дахлсизлик ва кўплаб имтиёзлар берган махсус қонун ҳам бекор қилинди.


Жиноят кодексида ҳозир ҳам «Президентнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш ва унинг фаолиятига тўсқинлик қилиш» ҳақида модда сақланиб қолган, аммо унда тасвирларни ҳақорат қилиш ҳақида гап йўқ.


ЎҚУВ ҚЎЛЛАНМАДАГИ ПОРТРЕТГА ЧИЗГАНЛИК УЧУН ТАЪҚИБ


Африканинг марказий қисмида жойлашган Бурундида мактаб ўқувчилари дарсликда президент Пьер Нкурунзиза портретига чизгилар қўшгани учун жавобгарликка тортилган. Child Rights International Network ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи 2016 йилда хабар қилишича, 14–19 ёшли ўқувчилар давлат раҳбарини ҳақорат қилишда айбланган. Бу жиноят учун беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган. Жиноят иши бир неча синфлар фойдаланган китобда «Учинчи муддатга йўқ» ва «Йўқол» деган ёзувлар топилгандан кейин қўзғатилган.


2019 йилда халқаро Human Rights Watch ҳуқуқ ташкилоти худди шундай айблов билан бир гуруҳ мактаб қизлари ушлангани ҳақида хабар қилди. Улар фойдаланган дарсликда президент портретига муй, парик ва кўзойнак чизиб қўйилган эди.


«Бурундида шунчалик кўп ҳақиқий жиноятлар содир этилаётганини инобатга олганда, айнан болаларни безарар чизиқ-чизиқлари учун жавобгарликка тортиш фожеадир», — деди HRW директори Льюис Мадж.


Қизларнинг қўлга олиниши Бурунди ҳукуматига нисбатан халқаро қораловларга сабаб бўлди. Танқидчилар ижтимоий тармоқларда қизларга ҳамдардлик билдириб, Нкурунзиза портретининг қайта чизилган тасвирларини ва #FreeOurGirls ҳэштегини жойлаштиришди.


Пьер Нкурунзиза 15 йил давомида Бурунди президенти бўлган.
Пьер Нкурунзиза 15 йил давомида Бурунди президенти бўлган.

Нкурунзиза 15 йил давомида Бурунди президенти бўлиб, бир неча бор мамлакатни «худонинг иродаси билан бошқараётгани»ни айтган. У Конституцияда белгиланган икки муддат чекловини четлаб ўтди ва 2015 йили учинчи муддатга номзодини қўйди, бу эса шафқатсизлик билан бостирилган намойишларга сабаб бўлди.


Пьер Нкурунзиза 2020 йили вафот этди, расмий сабаб сифатида юрак хуружи айтилган, аммо норасмий маълумотларга кўра у ковиддан вафот этган, у эса пандемия хавфини рад этган эди. Нкурунзиза карантин жорий қилишдан бош тортди, пандемия пайтида Бурундида йирик спорт турнирлари ва сиёсий намойишлар ўтказилди. Спортга қаттиқ ишқибоз бўлган у волейбол учрашувига ташриф буюриб, кечқурун ўзини ёмон ҳис қилди ва икки кундан сўнг вафот этди.

МАКИЯЖ БИЛАН ТАСВИР «ЭКСТРЕМИСТИК» САНАЛГАНДА


Россияда президент Владимир Путиннинг грим қилинган портрети тақиқланган. 2017 йили Адлия вазирлиги Путиннинг лаблари ва киприклари бўялган тасвирини федерал «экстремистик материаллар» рўйхатига киритди. Ҳокимият бу тасвир президентнинг «гуёки ноодатий жинсий йўналиши»га ишора қилади, деб таъкидлади.


Кремль расмий вакили Дмитрий Песков Адлия вазирлиги қарорини шарҳлар экан, Россия қонунчилигида «фуқароларнинг, жумладан президентнинг ҳам, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган муайян қоидалар мавжуд»лигини айтди. Песковнинг сўзларига кўра, Путиннинг ўзи бундай тасвирларга бефарқ.


«Инсон сифатида [Путин]ни бундай нарсалар хафа қилиши мумкин, аммо президент сифатида у бу каби аҳмоқона ишларга жуда чидамли», — деди Песков ва ўз раҳбари «бунга эътибор бермасликни анча олдин ўрганиб олганини» қўшимча қилди.

Владимир Путиннинг лаблари ва киприклари бўялган тасвири Россияда тақиқланган «экстремистик материаллар» рўйхатига киритилган.
Владимир Путиннинг лаблари ва киприклари бўялган тасвири Россияда тақиқланган «экстремистик материаллар» рўйхатига киритилган.

2022 йили Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кейин Москва урушга қарши бўлганларни ва кенг маънода барча норозиларни қаттиқроқ таъқиб қила бошлади.


Москов вилоятида яшовчи Владимир Серяк 2022 йил октябрда «ВКонтакте» аккаунтининг «Фотосуратлар» бўлимида Путиннинг қуйи ўнг бурчагида қора мотам лентаси бор портретини сақлаб қўйгани учун 100 минг рубль (ўша пайтда тахминан 1000 доллар) жаримага тортилди. Серякка нисбатан маъмурий баённома тузилди.


Суд россияликнинг қилган ишини «жамият ахлоқини ҳақорат қилиш» деб баҳолади. Серяк «давлат ва давлат ҳокимиятини амалга оширувчи органга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик»да айбдор деб топилди.


XS
SM
MD
LG