Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:30

“Эмас осон бу рўйхатга кирмоқ”. Россияда сўнгги 14 йилда 120 минг нафар номзод сайловларга қўйилмаган (ВИДЕО)


Россияда турли даражадаги сайловларда номзод бўлиш осон кўчмаган. Аммо Россия мухолифати вакилларини рўйхатдан ўтказишни рад этиш кўламини ҳар ким ҳам тасаввур қила олмаса керак. “Голос” сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, 2007 йилдан бери жами 120 минг нафар номзод сайловларга қўйилмаган экан! Бу катта шаҳар аҳолиси сонига тенг.

“Голос”га кўра, шундан атиги 20 минги Россия Давлат Думасида ўз депутатларига эга тўртта “тизимдаги партия”нинг номзодлари ҳиссасига тўғри келади. Қолган 100 минг ҳолатда рад этилганлар – бу мустақил номзодлар ёки мустақил партиялар номзодларидир.

Шуни ёдда тутиш керакки, фақат парламентдаги тўртта партия турли даражадаги сайловларда ўз тарафдорларидан имзо йиғмасдан иштирок эта олади. Булар: “Единая Россия”, КПРФ, ЛДПР ва “Справедливая Россия”.

Бу партиялар номзодларининг 96 фоизи рўйхатдан эсон-омон ўтади, иқтидордаги “Единая Россия”нинг сайловларга қўйиладиган номзодлари фоизи эса ниҳоятда юқори – 99 фоиз. Айни чоғда, масалан, мухолифатдаги “Парнас” партиясининг 100 нафар номзодидан атиги 60 нафарини рўйхатдан ўтказишган.

Айниқса, имзо йиғиш босқичида номзодни сайловдан тўсиш қулай кечади. Худди шу тарзда, кўп ҳолларда имзоларни сохталаштириш орқали 2019 йили мухолифат вакиллари Москва ва бошқа шаҳарларда сайловга қўйилмагани учун оммавий намойишлар бошланиб кетганди.

“Сайлов гарови бекор қилинганидан сўнг, имзо варақаларини текшириш натижаларига кўра рўйхатга олишни рад этиш усули кенг тарқалди. Сайлов гарови бу исталган номзодга имзо тўпламаслик имконини берувчи механизм эди: номзод муайян миқдорда пул топширарди, тўғри, бу пул суммаси баъзан катта бўлар, аммо 5 фоиздан юқори овоз олган кучли номзодларга гаров пули қайтариб бериларди. Гаров бекор қилингач, икки йўл қолди: сайловда имтиёзли партиялар номидан қатнашиш ёки имзо йиғиш”, дейди “Голос” эксперти Аркадий Любарёв.

“Голос” экспертлари сайлов комиссияларига топшириладиган имзоларни ҳар кўйга солиш мумкинлигини айтадилар. Номзодларга баъзан, улар тўплаган имзоларни хатшунослар сохта деб топганини рўкач қилиб рад жавоби берилади.

Айни чоғда, сайлов комиссияси ишига жалб қилинган хатшунослар бунақа қарорлари учун ҳеч бир тарзда жавобгар бўлмайди, боз устига, уларнинг қандай мезонларга таяниб бунақа қарорлар чиқариши ҳам номаълум.

Москва Думасига сайловларда мухолифат вакилларидан Илья Яшин, Любовь Соболь ва бошқалар худди шу бюрократик найранглардан шикоят қилишганди.

“Бу экспертлар хоҳлаган имзосини қалбаки деб топиши мумкин. Аксари ҳолларда саналар бошқа қўл билан қўйилганига тирғалиб, имзони яроқсизга чиқаришади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Хатшунослар ҳаммаси ИИВ, ФХХ ва Адлия вазирлигидан чақиртирилади. Погон таққан, бошлиғи измидаги одамлар булар. Ва улар сайлов комиссиялари эмас, балки бошлиқлари талаб қилган хулосаларни беради”, дейди Любарёв.

Яна кўп ҳолларда номзодларга рўйхатга олиш “имзо варақасида кўрсатилган одамингиз аслида йўқ”, деган иддао билан рад этилади.

Масалан, 2020 йилги Москва ва Нижний Новгород шаҳарлари думаларига сайловларда худди шундай бўлган. Кейин ўша, имзо қўйган кишилар ўзларининг ҳақиқатда бор одам эканини судда исботлашга ҳаракат қилишганди.

Россияда мана шунақа усуллардан фойдаланиб, сайловларга “тизимда бўлмаган” мустақил номзодлар тобора кам ўтказилмоқда. МСК маълумотига кўра, 2003 йилда ариза берган номзодлардан 60 фоизи рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2016 йилда бу рақам атиги 8 фоизни ташкил қилган.

Ҳолбуки 2019 йилда Москва сайлов комиссияси “Единая Россия”га алоқадор мустақил номзодларнинг барчасини рўйхатдан ўтказган: улар тўплаган имзолар комиссия хатшуносларида ҳеч қандай шубҳа туғдирмаган.

Александр Соловьёвни ўшанда ҳам Москва шаҳар думасига ўтказилган сайловларга “қўйишмаганди”. 2021 йилда Соловьёв Россиядан Украинага кўчиб ўтди.

“Имзолар уч босқичда текширилади. Биринчи босқич номзод ҳузурида ўтказилади — экспертлар узлуксиз 12 соат имзо варақаларини титкилаб ўтиришади. “Единорослар”нинг имзоларини ими-жимида ва беш дақиқа ичида текшириб беришса, мустақил номзодларни арзимаган камчиликларга тирғалиб жонидан тўйдиришади”, дейди Соловьёв.

Унинг айтишича, сўнг имзоларни “аллақандай бетайин” инспекторга элтиб беришади ва у битта хонага қамалиб олганча маълумотларни тизимга киритади ва текширади: шунақа одам борми-йўқми, кўрсатилган манзилда яшайдими-йўқми?

“Айб топаман деса, у атай хато ёзиши ҳеч гап эмас. Масалан, “Лидия Петровна”ни жўрттага “Лидия Петрович” деб ёзади. Табиийки, тизим бунақа одамни “топа олмайди”. Ва бу инспектор жаноблари ҳисоботга “Бунақа одам йўқ экан”, деб қайд қилиб қўядилар”, тушунтиради Соловьёв.

У ўз вақтида тахминан 5700 та имзо топширганини, шундан қарийб 40 фоизи яроқсиз деб топилганидан ёзғиради.

“Уларнинг текшируви устидан ўз теширувимизни ўтказдик. Биласизми, 86 фоиз хато чиқди. Бизга 40 фоиз имзонгиз сохта дейишганди, бу 86 фоизга ёлғон бўлиб чиқди”, дейди Соловьёв ғазабланиб.

2020 ва 2021 йилларда Давлат Думаси томонидан қабул қилинган қонунлар сайловларда иштирок эта оладиган кишилар доирасини янада торайтирди, урғулашади “Голос” экспертлари.

Янги чекловлар “ижтимоий аҳамиятга эга ёлғон маълумотни била туриб тарқатиш”, “митингларни ташкил қилиш қоидаларини бир неча марта бузиш” ёки “экстремизмга очиқча даъват қилиш” каби “сиёсий” моддалар билан судланганлар учун. Рўйхатга олиш рад этилган номзодлар статистикаси энди улар ҳисобига янада “семиради”.

XS
SM
MD
LG