Зеленский Россия ҳарбийлар Украинага ҳужумда Эрон қуролларидан фаол фойдаланаётганини урғулади
Украина президенти Владимир Зеленский 6 ноябрь оқшомидаги мурожаатида Эрон Россияга қурол-аслаҳа етказиб бераётганини яна бир марта қайд этди.
Ўз сўзида Зеленский Эрон режимини Россияга қурол етказиб беришни тўхтатишга мажбур қилиш учун Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан расмий Теҳронга босимни кучайтириш масаласини муҳокама қилганини билдирди. Унга кўра, агар Эрон Россияга бу қуролларни етказиб бермаганида, уруш тезроқ тугаган ва озиқ-овқат инқирози ҳам тезроқ битган бўларди.
Украина президенти Россия қўшинлари сўнгги кунларда яна Эрон дронларини ишга солишганига эътибор қаратди. Улардан бир қисми уриб туширилган, бироқ айримлари нишонга бориб теккан.
Зеленский яқин орада Эрон ракеталари билан инфратузилма объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини, Украина эса жавоб чораларига ҳозирланаётганини қўшимча қилган.
Ишғол этилган Донецк ҳудуди 7 ноябрга ўтар кечаси ўққа тутилди
Россия томонидан ишғол қилинган Донецк ҳудудида, маҳаллий телеграм-каналлар хабарига кўра, 7 ноябрга ўтар кечаси бир неча портлаш содир бўлган.
Қайд этилишича, вилоят маъмурияти биноси томонидан портлаш товушлари эшитилган. Яна бир снаряд темирйўл маъмурияти биносига теккан.
Ҳужум чоғида биноларга шикаст етган, ойналар синиб тушган, темирйўл маъмурияти биносида ёнғин чиққан. Тезкор хизматлар маълумотига кўра, ҳужум чоғида ҳеч ким қурбон бўлган эмас.
Киевлик мулозимлар пойтахтликларнинг бошқа жойларга кўчирилиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти
Электр тўлиқ ўчириб қўйилган тақдирда Киевдан турғунларнинг ҳаммаси эвакуация қилиниши мумкин. Бу ҳақда The New York Times нашри Киев муниципал хавфсизлик департаменти раҳбари Роман Ткачук сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Мулозимга кўра, Украина пойтахти электр таъминотидан тўлиқ узилганда шаҳарликлар сувсиз ва канализациясиз ҳам қолишлари мумкин.
5 ноябрь куни Киев мэри Виталий Кличко шаҳарликларни электр, сув ва иссиқлик таъминотида муаммоси бўлмаган қариндошлариникига кўчиб ўтишга чақирган.
Қозонда урушга сафарбар этилганлар полигондаги ёмон шароитга норозилик билдирди
Қозонда урушга сафарбар қилинган ўнлаб одам полигондаги ёмон шароит туфайли норозилик билдиришди. Сота ва АСТРА телеграм канали томонидан тартибсизлик акс этган бир қанча видеолар чоп этилган.
“Сота” хабарига кўра, сафарбар қилинганлар занглаган автоматлардан, сув, озиқ-овқат ва иситиш учун ўтин етишмаслигидан норози. Видеода намойишчиларнинг сафарбар қилинганларнинг ювинишлари учун шароит яратиш ва кир ювиш машиналари ўрнатилишини талаб қилаётгани эшитилади.
Полковник, уни уят сўз билан чақиришганидан сўнг намойишчилар олдига чиқди. Улар ундан "бу шароитни изоҳлаб беришни" талаб қилишди, лекин полковник намойишчиларнинг ҳуштак ва ҳақоратлари остида қочиб кетишга мажбур бўлди.
Украинадаги урушга сафарбар қилинганларнинг таъминот муаммосидан шикоят қилишлари биринчи марта эмас. Сўнгги бир ой ичида тармоқда ўнлаб шунга ўхшаш видеолар пайдо бўлди. Мисол учун, Белгород вилоятида сафарбар қилинганлар ҳам ўтин етишмаслигидан шикоят қилишди.
21 сентябрда сафарбарлик эълон қилингандан кейин чақирилганлар урушга ўз ҳисобидан тайёрланишга мажбур бўлгани ҳақида турли вилоятлардан хабарлар кела бошлади.
Чунки, керакли жиҳозлар етишмайди, ҳарбий хизматга чақирилганларга ўзлари ҳимоя воситалари ва дори қути сотиб олишни маслаҳат берганлар. Айрим ҳолларда уларнинг қариндошлари бунинг учун кредит ва микрокредит олишади.