Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:03

Халқаро хабарлар

Минскда норозилик намойиши иштирокчиларидан бири ҳалок бўлди

Минскда баррикада қураётган норозилар.
Минскда баррикада қураётган норозилар.

Беларус пойтахти Минскда 10 август куни кечқурун норозилик намойишининг бир иштирокчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, норозилар "Пушкинская" метро станцияси яқинида баррикада қурганлар. Бу ерга полиция махсус отряди етиб борган. Тўқнашув пайтида норозилардан бири номаълум портловчи моддани полицияга қарата отмоқчи бўлган. Аммо портловчи модда намойишчининг қўлида портлаган ва у ҳалок бўлган.

Воқеанинг мустақил гувоҳлари ҳозирча йўқ. Беларус матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айнан мана шу жойда полиция ва норозилар ўртасида тўқнашувлар юз берганини, полиция резина ўқлар ва шовқинли гранаталарни қўллагани тўғрисида ёзмоқдалар.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг тахминича, норози полиция қўллаган шовқинли граната портлаши оқибатида ҳалок бўлган бўлиши эҳтимол.

10 август куни эрталаб ҳуқуқ фаоллари намойишчилар ва полиция тўқнашуви пайтида бир норози ҳалок бўлганини билдирган. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган эди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳриида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

Кун янгиликлари

БМТ: Сайёрадаги озиқ-овқатнинг 17 фоизи ахлатхонага улоқтирилмоқда

Ҳозирги пайтда жаҳон бўйлаб 783 миллион киши доимий очлик шароитида кун кечиряпти, Бу дунё аҳолисининг қарийб 10 фоизига тенг. Айни дамда сайёрадаги истеъмолга яроқли барча озиқ-овқат маҳсулотларининг 17 фоизи чиқиндихоналарга ташланмоқда. Бу ҳақда БМТ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастурининг дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотлари утилизацияси тўғрисидаги ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботга мувофиқ, Ер куррасида яшаётган ҳар бир одам йилига ўртача 79 килограмм яроқсиз бўлиб қолган озиқ-овқат маҳсулотини ахлатга ташлайди. АҚШда йилига ўртача 115 кг, Европада 65 кг, Россияда эса 56 кг озиқ-овқат маҳсулоти ахлатга ташланади.

2022 йилда чиқиндига чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ҳажми 1 миллиард 50 минг тоннани ташкил этган. Бу кунига тақрибан 1 миллиард порция овқат деганидир.

Озиқ-овқатларнинг 60 фоизи якка тартибдаги истеъмолчилар ва уй хўжаликлари томонидан ахлатга отилади. Чиқиндига чиқарилган озиқ-овқатларнинг 28 фоизи умумий овқатланиш муассасалари ҳиссасига тўғри келади, 12 фоизини эса талаб йўқлиги туфайли дўкон ва супермаркетлар пештахталарида қолиб кетган маҳсулотлар ташкил этади.

БМТ ҳисоботида “ортиб қолган” озиқ-овқат маҳсулотлари фақат бадавлат мамлакатлардагина ахлатга ташланмаётганига эътибор қаратган. Юқори, ўрта ва паст даромадли мамлакатларда оила бошига чиқариб ташланган чиқинди ҳажмидаги фарқ 10 фоиздан ошмайди.

Инсоният бутун озиқ-овқат маҳсулотларининг қарийб бешдан бир қисмини ахлатга ташлаётганини фақат исрофгарчилик дея баҳолаш билан кифояланиб бўлмайди. Ҳисоботда озиқ-овқат чиқиндиси ҳажмининг ортиб бораётгани атроф-муҳитга ҳам зарар етказаётгани ҳамда иқлимдаги исталмаган ўзгаришларга ҳам сезиларли даражада ҳисса қўшаётгани ҳам урғуланган. Атмосферага чиқарилаётган йиллик барча иссиқхона газларининг 8-10 фоизи чириётган озиқ-овқат маҳсулотларидан чиқади.

БМТ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури ижрочи директори Ингер Андерссенга кўра, бугунги кунда миллионлаб одам очлик шароитида яшаяпти, миллионлаган бошқа одамлар эса егуликларни чиқиндихонага отмоқда ва бу ҳолат нафақат жамият тараққиёти учун, балки атроф-муҳит ва иқлим учун ҳам муаммо бўлиб ҳисобланади.

БМТ дунё давлатларини озиқ-овқатни қайта тақсимлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича хусусий ва нотижорий ташаббуслар билан кўпроқ ҳамкорлик қилишга чақирган.

Қирққа яқин Нобель мукофоти лауреати Путинга қарши курашни кучайтиришга чақирди

Нобель мукофотининг 39 нафар лауреати жаҳон ҳамжамиятини Россия босқинини даф қилишда Украинага дастакни кучайтиришга, Россиядаги демократик мухолифатни қўллашга ва Владимир Путинни мамлакат президенти ўлароқ тан олмасликка чақирди. Мазкур чорлов илмий мақолалар чоп этилувчи “T-инвариант” сайти орқали ёйинланган.

“Украинадаги уруш ва Алексей Навальнийнинг ўлдирилиши фақат Россия ва Украинагагина дахлдор эмас. Путин режими ўзининг бутун инсониятга тўғридан-тўғри ва очиқдан-очиқ таҳдид эканини кўрсатиб қўйди. Фақат демократия тамойиллари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро қонунчиликка риоя қилган тақдирдагина инсоният ўзини ўзи йўқ қилишдан қутулиб қолиши мумкин. Путин режими уларни сурбетларча оёқости қилди… Биз эзгу ниятли барча инсонлар ва жаҳон лидерларини жаноб Путин ва унинг жиноий режимига нисбатан ҳар қанақа пуч хаёллардан воз кечишга чақирамиз”, дейилган чақириқ матнида.

Нобель лауреатлари имзолаган матнда Путин хатари ҳақида дунёни Навальний ва Россия мухолифатининг бошқа лидерлари огоҳлантиргани таъкидланган. “Россияликларнинг демократик келажакка ишончи”ни мустаҳкамлаш учун муаллифлар Россия билан урушда Украина ғалабасини таъминлашни таклиф қилишган.

Матнга физиология ва тиббиёт бўйича 16 нафар, физика бўйича 9 нафар, кимё бўйича 6 нафар, адабиёт бўйича 4 нафар ва тинчлик мукофотига сазовор бўлган 3 нафар лауреат қўл қўйган. Улар орасида беларуслик Светлана Алексиевич билан украиналик Александра Матвийчук ҳам бор.

Боку халқаро қидирувдаги Райимбек Матраимовни Бишкекка топширди

Райимбек Матраимов
Райимбек Матраимов

Халқаро қидирувга берилган Қирғизистон Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов Озарбайжон пойтахти Бокуда ҳибсга олиниб, 26 март куни Бишкекка олиб келинган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қирғизистондаги маҳаллий ОАВ ҳам Райимбек Матраимов билан бирга унинг укаларидан бири ҳибсга олингани ва Бишкекка олиб келингани ҳақида хабар қилишган.

Flightradar портали маълумотларига кўра, Бокудан келган учоқ Бишкекдаги “Манас-2” аэропортига маҳаллий вақт билан соат 20:00 да қўнган. Аэропортга етиб борган Озодлик мухбирлари у ерга куч ишлатар тузилмалар автомобили боргани, учоқ қўнганидан кейин машина учиш-қўниш йўлаги томонга кириб кетгани, кўп ўтмай эса автомобиль шаҳар томон йўналганига гувоҳ бўлишган.

Куч ишлатар идоралар ҳали бу борада бирор изоҳ беришгани йўқ, бироқ ижтимоий тармоқларда Райимбек Матраимовга ўхшаган киши бир журналист аёлнинг саволларига жавоб бераётгани акс этган қисқа видео пайдо бўлган.

Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Райимбек Матраимов Бокуда экани ҳақида маълумот тарқатган эди. Махсус хизмат собиқ мулозимни ҳибсга олиш учун Озарбайжонга тегишли хат йўллангани ҳамда уни Қирғизистонга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама қилинаётганини қайд этган.

МХДҚ 2021 йилда коррупция айблови бўйича Матраимовга қарши иш очган ҳамда 2016 йил бошида у бошқа божхоначилар билан биргаликда коррупцион схема тузганини билдирган эди. Суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг қирғиз сўми (тақрибан 3 минг доллар) миқдорида жарима солиш ҳақида қарор чиқарган. Ўшанда Матраимов айбини тан олиб, давлатга 2 миллиард сўм (тақрибан 25 миллион доллар) тўлаб берган. 2023 йилнинг 2 ноябрида МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Райимбек Матраимов ва Қамчи Колбаевни “Қирғизистонда мафия тузганлик”да айблаган.

Райимбек Матраимов ўтган йил октябрида Бишкекда ўтказилган махсус амалиёт чоғида жиноят олами лидери Қамчи Колбаев ўлдирилгани ортидан Қирғизистонни тарк этган. Шу йил январида МХДҚ Матраимовни халқаро қидирувга берган. Унга “Ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш” моддаси бўйича айблов қўйилган эди. Матраимов ўзига қўйилган айблов юзасидан ўз мулоҳазасини билдирган эмас.

Раимбек Матраимов Озодлик радиоси, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP) ҳамда Бишкекдаги Kloop сайти 2019 йилдан буён ҳамкорликда ўтказиб келган журналистик суриштирувларда қатор коррупцион схемалар орқали ноқонуний бойигани иддао қилиб келинган қирғизистонлик энг таниқли собиқ амалдорлардан биридир. У 2015-2017 йилларда Божхона хизмати раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

АҚШ: Балтиморда автомобиллар ўтадиган кўприк қулади

АҚШнинг Мэриленд штатида жойлашган Балтимор шаҳрида автомобиллар ўтишига мўлжалланган тўрт полосали кўприкнинг бир қисми қулаб тушган. Патапско дарёси узра қурилган кўприк қулашига унинг таянч қисмига юк кемаси бориб урилгани сабаб бўлган. Хабарларга кўра, ҳодиса 26 мартнинг илк соатларида содир бўлган.

Кўприк қулаган пайтда унинг устида ўндан зиёд автомобиль бўлгани айтилмоқда. Associated Press агентлигининг хабар қилишича, қутқарувчилар сувга тушиб кетган бўлиши мумкин бўлган камида етти кишини қидиришмоқда.

Контейнер ташийдиган ва Сингапур байроғи остида сузувчи “Дали” кемаси кўприк устунига урилганидан кейин чўкиб кетган. Кема чўкишидан олдин унда ёнғин чиққани айтилмоқда.

Икки ярим километрга узанган кўприк 1977 йилда қурилган бўлиб, унга АҚШ давлат мадҳияси муаллифи Фрэнсис Скотт Ки номи берилган эди.

“Крокус” иши бўйича яна уч гумонланувчи ҳибсга олинди

Москванинг Басманний туман суди 25 март куни “Крокус Сити Холл”га ҳужум иши бўйича яна уч нафар гумонланувчини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Улардан бири ҳужумда айбланганлар Москвада қочишга уринган автомобилнинг собиқ эгаси бўлиб ҳисобланади.

ТАСС хабарига кўра, ҳисбга олинганлар ака-ука Аминжон ва Диловар Исломовлар ҳамда уларнинг оталари Исроил Исломовдир. Тергов тахминига кўра, Диловар Исломов ҳужумчилар томонидан фойдаланилган оқ рангдаги “Рено” автомашинасининг сўнгги эгаси бўлган. Суд қарорига кўра, Исломовлар камида 22 майгача тергов ҳибсхонасида қолишади.

“Крокус”га ҳужумдан кўп ўтмай “Новая газета Европа” нашри “Рено”нинг собиқ эгаси билан боғлангани, унинг исм-фамилияси ва отасининг исми бош ҳарфлари И. Д. И. экани ҳақида хабар қилган эди. Бу Диловар Исломовнинг инициалларига тўғри келмоқда. У нашрга “Крокус Сити Холл”даги воқеалардан бир ҳафта муқаддам автомобилни хотинининг акасига сотгани, машинасини теракт жойидан узатилган хабарда кўргач, шокка тушганини айтган. Кейинроқ унинг яқинлари журналистларга Исломовнинг ўзи акаси билан биргаликда гувоҳлик кўрсатмаси бериш учун полиция бўлимига кетишганини, шундан кейин улар билан алоқа узилиб қолганини маълум қилишган.

26 март куни бўлиб ўтган судда Диловар Исломов Россия фуқароси экани, Тверда таксичи бўлиб ишлаши, ёши 24 да экани, хотини ва бир фарзанди борлиги аниқланган.

Унинг акаси Аминжон 33 ёшда бўлиб, унинг етти нафар фарзанди бўлган. У судда аввал автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлагани, бироқ соғлиғи ёмонлашгани туфайли ишдан бўшаганини айтиб берган. “Медиазона” нашри қайдича, Аминжон судда “Крокус”даги ҳужумга алоқаси бўлмагани ва айбсиз эканини билдирган.

Диловар ва Аминжоннинг отаси Исроил Исломов 62 ёшда бўлиб, Тожикистон фуқароси бўлган бу кишининг вояга етган беш фарзанди бор.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин аввалроқ, тергов тахминига кўра, Исломовлар ҳужум ижрочиларига квартира ва машина бериб туришгани, шунингдек, улар учун пул етказиб берганини айтган эди.

БМТ Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюция қабул қилди

БМТ Хавфсизлик кенгаши 25 март куни Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатиш талабини ўз ичига олган резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатда АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинмиш ҲАМАС радикал гуруҳи томонидан гаровда тутиб турилган исроилликларни зудлик билан ва ҳеч бир шартсиз озод қилиш талаби ҳам бор.

Қабул қилинган резолюцияда БМТ ҳар икки томондан мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойи ичида (бу йилги Рамазон ойи 11 мартдан 9 апрелгача давом этиши кутилмоқда) ўт очишни тўхтатиш ва секторга гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказилишини таъминлаш талаб қилган. Мозамбик томонидан киритилган резолюция БМТ Хавфсизлик кенгашининг ўн аъзоси томонидан тайёрланган. Россия ҳужжат матнига “доимий” оташкесим талабини қўшишга уринган, бироқ бу тузатиш рад этилган. Бу каби резолюциялар кўриб чиқилишида аввал уч марта ўзининг вето ҳуқуқидан фойдаланган АҚШ бу сафар овоз беришдан тийилган.

Қўшма Штатлар томонидан таклиф этилган резолюциянинг олдинги вариантига Россия ва Хитой томонидан вето қўйилган эди.

Исроил АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавобан Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий амалиёт олиб бормоқда. Фаластинликлар ҳужуми чоғида 1200 дан зиёд одам ҳалок бўлган, 200 дан зиёд исроиллик ва хорижлик гаровга олиниб, Ғазога олиб чиқиб кетилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 130 нафардан кўпроқ одам ҳалигача гаровда ушлаб турилибди.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил армияси томонидан ўққа тутилиши натижасида Ғазода аксарияти аёллар ва болалардан иборат 30 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлган. Бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас.

Қирғизистонликларга Россияга бормай туриш тавсия қилинди

"Крокус Сити Холл"
"Крокус Сити Холл"

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини зарурат бўлмаган тақдирда Россияга сафар қилишдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда ТИВ Консуллик департаменти раҳбарининг ўринбосари Бақит Қадиров Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида маълум қилди.

Мулозимга кўра, 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига ҳужумдан кейин Россия махсус хизматлари контртеррористик чораларни кескинлаштириб, чегараларда текширувни кучайтиришган. Қирғизистон ТИВ кучайтирилган хавфсизлик чоралари амал қилиб турган пайтда Россияга сафарни ортга суриб туришни тавсия қилмоқда.

Россиядаги тожик диаспораси мамлакатда ксенофобик жиноятлар сони ошишидан хавотир олган ҳолда Россияда юрган тожикларга эҳтиёткорлик чораларини кўришни маслаҳат берган. “База” нашри тожик ҳамжамиятлари раҳбатлари ўз юртдошлари учун оммавий тадбирларга бормаслик ва оқшомлар уйдан чиқмаслик каби тавсиялар ҳозирлаганлари ҳақида хабар қилган. Шунингдек, “База” манбаларига кўра, қатор иш берувчилар Тожикистон фуқароси бўлган ўз ходимларидан яшаш манзили дохил актуал шахсий маълумотларни топширишни сўраган.

Аввалроқ Озодликнинг тожик хизмати бир неча ксенофобик хуруж ҳақида хабар қилган эди. Амур вилоятидаги Благовешченск шаҳрида номаълум шахслар мигрантларга қарашли бўлган савдо павильонини ёқиб юборишган – шаҳар мэри Олег Имамеев мулоҳазасича, бу ишга уларни “миллатчилик” ундаган бўлиши мумкин.

Калугада бир гуруҳ номаълум шахс кўчада уч нафар тожикистонликни калтаклаган, улардан бири касалхонага ётқизилган.

Россиянинг турли ҳудудларидан мижозлар тожик миллатига мансуб таксичилар хизматидан бош тортаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Улар, ҳайдовчи тожик ёки Тожикистонда туғилган эканини билиб қолишган тақдирда, буюртмани бекор қилишни талаб қилишаётган экан.

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича кенгашда шаҳардаги меҳнат муҳожирлари яшайдиган жойлар “алоҳида назорат остига олиниши”ни айтган, бироқ бу назорат нимада акс этишига аниқлик киритган эмас.

Мигрантлар Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам фаол равишда текширувдан ўтказилмоқда. Нижневартовскда полициячилар шаҳар ётоқхоналаридан бирида 14 нафар хорижликни қўлга олишган, дея хабар қилди 72.ru. Приморск ўлкасида эса расмийлар мигрантлар устидан назорат кучайтирилганини билдирганлар.

Жорий йилнинг 22 март оқшомида камуфляжли бир неча киши Москва четидаги “Крокус Сити Холл концерт залида одамларни ўққа тутганлар. Шундан сўнг портлаш содир бўлиб, кучли ёнғин бошланган. Террор хуружи натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, уч бола дохил 137 киши ҳалок бўлган, камида 180 киши тан жароҳати олган.

Теракт уюштирганликда айбланиб тожикистонлик тўрт фуқаро ҳибсга олинган. Уларнинг дунёдаги кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган “Ислом давлат” гуруҳининг Афғонистондаги бўлими — “Вилояти Хуросон” радикал гуруҳига алоқадор экани тахмин қилинмоқда.

Суд қарори билан “Крокус”га ҳужумда айбланганлар ҳибсга олинди

Далержон Мирзоев
Далержон Мирзоев

Москванинг Басманний тумани суд 25 мартга ўтар кечаси “Крокус Сити Холл” концерт залига қуролли ҳужумда айбланаётган тўрт кишини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур ҳужум натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 137 киши ҳалок бўлган, 182 киши жароҳатланган. Далержон Мирзоев, Муродали Ражабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсиддин Фаридунийга терроризм айблови бўйича умрбод қамоқ жазоси хавф солмоқда. Уларга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилашга оид суд мажлиси ёпиқ тарз ўтказилган.

Айбланувчилар Басманний суди мажлислар залига калтакланган ҳолда етказилган. Мирзоевнинг бўйнида унинг юзини ёпиш учун ишлатилган пластик халта парчалари бўлган. Ражабализодани қўлга олишда унинг қулоғи кесиб ташланган. Суд залидан олинган суратларда бошининг бу томони кўрсатилган эмас. Суд Мирзоев ҳам, Ражабализода ҳам айбига иқрор бўлганини билдирган.

Икки айбланувчи рус тилини билмагани учун уларга таржимон берилган. Терговчилар тергов сирига ҳамда маҳкама жараёни иштирокчилари ва уларнинг яқинлари хавфсизлигига риоя қилиш зарурати важи билан судни ёпиқ тартибда ўтказишни сўраган.

"Крокус Сити Холл"га ҳужумда гумонланган Муродали Ражабализода суд мажлисида
"Крокус Сити Холл"га ҳужумда гумонланган Муродали Ражабализода суд мажлисида

Суднинг очиқ тартибда ўтказилган қисмидан 32 ёшли Мирзоев Россияга келганидан кейин Новосибирскда қайддан ўтгани маълум бўлган. У уйланган, тўртта боланинг отасидир. Ражабализода эса 30 ёшда экани, уйлангани ва бир фарзанди борлигини айтган.

Шамсиддин Фаридуний судда 25 ёшга киргани, хотини борлиги, Москва вилоятининг “Крокус Сити Холл” жойлашган Красногорск шаҳрида қайдда туришини маълум қилган. Паркет фабрикасида ишлаб келган бу йигитнинг ҳам саккиз ойли боласи бор. Саволларнинг кўпига у таржимон ёрдамисиз жавоб берган.

Аввалроқ Россия Телеграм-каналларида оёқ-қўли боғланган Фаридунийнинг сўроқ қилингани акс этган видеоси пайдо бўлган эди. Ўша видеода у қотиллик содир этиши учун унга 500 минг рубль таклиф қилинганини айтган эди. Кейинроқ унинг муҳтамалан ток ёрдамида қийноққа солинаётгани акс этган фотосурат пайдо бўлган эди.

Тўртинчи айбланувчи - 19 яшар Мухаммадсобир Файзов суд залига ғилдиракли замбилда олиб келинган. Суд мажлисидан аввал у реанимацияда бўлган, у ўша ернинг ўзида сўроққа тутилган. Қўлга олиш чоғида унинг кўз чаноғига шикаст етказилган. Иддаога кўра, у қуролли қаршилик кўрсатган.

"Крокус"га ҳужумда гумонланган Муҳаммадсобир Файзов суд залида
"Крокус"га ҳужумда гумонланган Муҳаммадсобир Файзов суд залида

У Ивановодаги сартарошхонада ишлаган. Аввалроқ Файзов шаҳардаги таниқли сартарошлардан бири бўлгани хабар қилинган эди. Эҳтиёт чорасини белгилаш тўғрисидаги суд мажлисидан судья айбланувчига ҳамроҳлик қилиб келган врачларни ҳам чиқариб юборган.

Тергов айбланувчиларни жиноятга ундаган сабабларни очиқлаган эмас. Аввалроқ “Ислом давлати” террор ташкилоти “Крокус Сити Холл”га ҳужумни ўзига қарашли одамлар уюштирганини билдирган. Ҳодисага алоқадорликда гумонланиб жами 11 киши ушланган. Қўлга олинганларнинг қолганлари ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Москвадаги ҳужумда ҳалок бўлганлар сони 130 нафардан ошди

Москвадаги Crocus City Hall санъат саройида жума кунги қуролли ҳужумда ҳалок бўлганлар сони 133 кишига етди. 145 киши яраланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, хавфсизлик хизматлари 11 гумонланувчини ҳибсга олган.

"Исломий давлат" гуруҳи бу ҳужумни уюштирганини даъво қилган. Аммо Россия мулозимлари ҳозирга қадар бунга муносабат билдиргани йўқ.

Жума куни камуфляж кийган қуролли шахслар 6200 ўринли Crocus City Hall санъат саройидаги “Пикник” гуруҳининг концертига йиғилган томошабинларга қарата автоматлардан ўт очгани, талотўпда одамлар қочаётгани ва залга ўт кетгани видеолари тарқалган. Видео тасвирларда ўқ ва портлаш овозлари эшитилади.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати президент Владимир Путинга жума куни Москва яқинидаги қонли ҳужумдан сўнг 11 киши ҳибсга олинганини маълум қилган, улардан тўрт нафари қуролли ҳужумга тўғридан-тўғри алоқадор дея айтилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг “Интерфакс” агентлиги шанба куни Кремлга таяниб хабар берди. Қўлга олинганларнинг кимлиги ҳозирча айтилмаётир.

Россия Тергов қўмитаси ҳужум содир бўлган Crocus City Hall санъат саройи биносида ерда ётган автомат ва ўқ гилзаларини терговчилар кўздан кечираётгани тасвирини эълон қилди.

Crocus City Hall санъат саройидаги жума кунги воқеа Россияда 2004 йилда Беслан мактаби қамал қилинганидан кейин содир бўлган энг қонли ҳужум бўлди.

Отишма бошланганда Crocus City Hall санъат саройи томошабинлар билан гавжум эди.

Ҳозир воқеа жойига 320 дан ортиқ қутқарувчи ва 130 дан ортиқ техника жалб этилган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин деярли 13 минг квадрат метр майдонни қамраб олганини маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги отишмани “террор хуружи” деб атади ва бутун дунё ҳамжамиятини ҳужумни қоралашга чақирди.

Теракт бўйича жиноий иш қўзғатилди, деб хабар берди Россия Тергов қўмитаси.

Расмийлар ушбу зўравонлик актига жавобан ҳудудда хавфсизлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилган ҳолда тўлиқ тергов бошлади.

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная Х ижтимоий тармоқдаги постида қурбонларга ҳамдардлик билдирди ва “бу жиноятга алоқадорлар топилиб, жавобгарликка тортилиши керак” дея баёнот берди.

Москва вилоятидаги концерт залига қуролли ҳужум уюштирилди

Россиянинг Москва вилоятидаги Красногорск шаҳрида жойлашган “Крокус Сити Холл” концерт залида жума оқшомида “Пикник” рок гуруҳи концерти олдидан отишма чиққан. РИА-Новости хабарига кўра, камида уч нафар камуфляжли киши одамларни ўққа тутган. Бинода портлаш бўлгани ва ёнғин чиққани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Кейинроқ "Интерфакс" агентлиги тезкор хизматлар маълумотига таянган ҳолда концерт залида иккинчи портлаш содир бўлгани ҳақида хабар қилди. Тезкор хизматлар қайдича, бино томининг бир қисми қулаган.

Ҳужум оқибатида ўнлаб одам ўлгани ва яралангани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар келмоқда. Москва мэри Сергей Собянин ўз телеграм-канали орқали “ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдириши” ҳақида ёзди.

Тезкор воқеаларни ёритишга ихтисослашган "112" телеграм-канали ўз манбаларига таянган ҳолда “Крокус Сити Холл”да 40 киши ҳалок бўлгани, 100 нафардан зиёд одам тан жароҳати олгани ҳақида хабар қилди. Манбалар қурбонлар сони янада ошиши мумкинлигини айтишган. Шунингдек, аланга йўлини тўсиб қўйган ўнлаб одам ичкаридан чиқолмаётгани хабар қилинган.

Ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеода автомат овозларини эшитиш мумкин.

Shot телеграм-канали манбаси одамларни ўққа тутганлар беш киши бўлганини айтган.

ТАСС агентлиги тезкор хизматлардан олинган маълумотга таянган ҳолда, номаълум шахслар томонидан уюштирилган ҳужум ортидан одамларни эвакуация қилиш бошланганини хабар қилди. Агентлик мухбири концерт зали томи тўлалигича аланга ичида қолгани, ичкарида одамлар борлигини қайд этган.

Baza нашри маълумотига кўра, бинода яна 100 чоғли одам бўлиши мумкин. Ҳодиса чоғида камида 12 киши ўлган, камида 35 киши жароҳатланган. Ҳужумчилар ҳақида аниқ маълумот ҳозирча йўқ. Гувоҳларнинг айримлари ҳужумчилар бир неча киши бўлгани, улар одамларни автоматдан ўққа тутиб, бино ичида портлаш уюштиришганини айтишган.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев отишма содир бўлиб, ёнғин чиққан жойга отланганини маълум қилган. Мулозимга кўра, ҳодиса ортидан тезкор штаб тузилган. Ка-32 русумли икки вертолёт воқеа жойига учиб кетган, дея хабар қилди “Москва” агентлиги.

Москва вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун “Крокус Сити Холл”га 50 дан зиёд “тез ёрдам” бригадаси йўналтирилган.

Бу орада Москвада айни дамда уяли алоқа ёмон ишлаётгани - Tele2, Мегафон, Билайн ва МТС операторлари ишида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Мўғулистонда совуқ туфайли чорва моллари ёппасига қирилмоқда

MONGOLIA-WEATHER-DROUGHT-WINTER
MONGOLIA-WEATHER-DROUGHT-WINTER

Мўғулистон сўнгги ярим асрдаги энг совуқ қишни бошдан кечиряпти. Аёз туфайли чора моллари ёппасига қирилмоқда, бу эса, ўз навбатида, мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилган чорвадорларнинг оч қолишига сабаб бўлиши мумкин. Қизил Хоч ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзида етти мингдан зиёд оила тўйиб овқатланаётгани йўқ ва яқин орада вазият тобора ёмонлашиши тахмин қилинмоқда.

Мўғулистонда -30 -40 даражали совуқ ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошланган. Натижада яйловлар қор ва муз билан қопланган. Ўтлашдан маҳрум қолган эчки, қўй ва отлар бирин-кетин ўляпти. Қизил Хоч ҳисоб-китобига кўра, қиш бўйи мамлакат бўйлаб 4,7 миллион бош чорва моли қирилган. Камида 2250 та чорвадор оила ҳайвонларининг 70 фоизидан айрилган.

Чорва молларининг емсизлик ва сувсизликдан ёппасига қирилиши чорвадорлар учун фалокат демакдир — Мўғулистонда эса 300 мингга яқин чорвадор бор. Анъанавий тарзда турмуш кечирувчи чорвадорлар учун қўй-эчки ва отлар озуқа ва ягона даромад манбаи бўлиб ҳисобланади.

Қизил Хочнинг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича директори Александр Матью CNN телеканалига “дзуд” (ем-хашак қаҳатчилиги - таҳр.) камдан-кам кузатиладиган ҳодиса экани, бироқ сўнгги ўн йилликларда кўп такрорлана бошлаганини маълум қилган. Бу глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, сўнгги 80 йил ичида Мўғулистонда йиллик ўртача ҳарорат 2,46 даражага ошган. Минтақада ёз мавсуми тобора иссиқ ва қуруқ, қиш эса совуқ ва қорли бўлиб боряпти, бу эса инсонлар ва жониворлар учун ўта ноқулай вазиятни юзага келтирмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясида сунъий интеллектга оид резолюция қабул қилинди

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд

БМТ Бош Ассамблеяси 21 март куни тарихда илк маротаба сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва ундан фойдаланишни жаҳон миқёсида тартибга солиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. АҚШ томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатда сунъий интеллектни тартибга солишнинг ягона халқаро тизимини яратиш зарурлиги айтилган. Резолюция Бош Ассамблея томонидан бир овоздан қабул қилинди, дея хабар қилди “Америка овози”.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишидан кейин журналистлар билан суҳбатлашиб, бундай резолюция қабул қилинишининг фойдали жиҳатларига оид мулоҳазалари билан ўртоқлашган.

“Нима учун бу қадар кўп ҳаёт-мамот масалаларини кўриб чиқишига тўғри келаётган бу ташкилот (БМТ демоқчи - таҳр.) сунъий интеллект билан шуғулланиши керак? Бунинг жавоби оддий: чунки сунъий интеллек ҳам экзистенциалдир (яъни ҳаёт-мамот масаласидир). Фақат у туфайли юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар нуқтаи назаридангина эмас, у тақдим этадиган имкониятлар нуқтаи назаридан ҳам”, деган Томас-Гринфилд.

Сунъий интеллектдан ҳозирнинг ўзида касаллик ташхиси ва табиий офатлар прогнози учун фойдаланилмоқда, у қишлоқ хўжалиги соҳасида фермерларнинг кўпроқ ҳосил олиши, ўқитувчиларнинг эса кўпроқ ўқувчига таълим беришида кўмаклашяпти, деган америкалик дипломат.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 21 март куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан резолюция қабул қилинганини олқишлади.

Қўшма Штатлар сунъий интеллект дохил янги технологияларнинг лойиҳалаштирилиши, ишлаб чиқилиши, татбиқ этилиши ва улардан фойдаланилиши хавфсиз, ишончли ва эътимодга лойиқ бўлишини кафолатлаш учун ҳукуматлар ва бошқа ҳамкорлар билан ишлашда давом этади”, деган Блинкен.

Резолюция лойиҳаси матни БМТ рақамли кутубхонасида ёйинланган. Резолюцияга 50 дан зиёд мамлакат муаллифлик қилган.

Нобель мукофотининг 27 лауреати беларуслик сиёсий маҳкумларга озодлик сўрамоқда

Алесь Беляцкий
Алесь Беляцкий

Нобель мукофотининг 27 нафар лауреати Беларусдаги сиёсий маҳкумларнинг зудлик билан озод этилиши чақириғи акс этган очиқ хатни имзолашди. Мазкур сиёсий маҳкумлар орасида 2022 йилдаги Нобель лауреати Алесь Беляцкий ҳам бор. Очиқ хат матни беларуслик сиёсатшунос Дмитрий Болкунец сайтида чоп этилган.

Очиқ хатда сўнгги йилларда Лукашенко режими томонидан қийноққа тутилган минглаб беларуслик, қатағонга учраган 50 минг киши, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган юз минглаб киши ҳақида сўз боради.

“Сўнгги ўн йилликларда Европа қитъасида Беларусда бўлгани каби киши бошига бу қадар кенг кўламда сиёсий қатағон билан боғлиқ гуманитар буҳрон бўлган эмас”, дейилган хат матнида.

Нобель мукофоти лауреатлари Европа Иттифоқига аъзо барча мамлакатлар ҳукуматларини Беларусдаги қатағонларни тўхтатиш учун ошиғич чоралар кўриш ҳамда Минскка босим ўтказишга чақиришган. Таклиф этилган чоралардан бири ўлароқ лауреатлар Беларусдан Польшага чиқадиган темир йўлни ёпиб қўйишни айтишган.

Йигирма биринчи март ҳолатига Беларусда ҳуқуқбонлик ҳамжамияти томонидан сиёсий маҳкум сифатида тан олинган 1411 киши бор. Бироқ сиёсий қатағонларга дучор бўлган, шу жумладан, қамоққа ташланган одамларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп, дея қайд этган Озодликнинг беларус хизмати.

Россия кучлари Украина пойтахтига ракета зарбаси берди

Россия томонидан ўтган тунда Киевга берилган ракета зарбаси оқибатлари, 2024 йил 21 марти
Россия томонидан ўтган тунда Киевга берилган ракета зарбаси оқибатлари, 2024 йил 21 марти

Россия томонидан 21 мартга ўтар кечаси берилган ракета зарбаси туфайли Киевда 10 киши тан жароҳати олган, улардан икки нафари касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда пойтахт мэри Виталий Кличко маълум қилди.

Россиянинг уриб туширилган ракеталари парчалари Киевнинг бир неча туманидаги тураржой, корхона, болалар боғчаси бинолари ва автомобиллар устига тушган. Подольск туманидаги трансформатор подстанцияси ёнғин чиққан. Бундан ташқари, одамлар яшайдиган кўп қаватли уй томи ёнмоқда. Шевченко туманидаги уйда ҳам бир квартирада ёнғин чиққани ортидан уй турғунлари эвакуация қилиняпти, деб ёзган Кличко.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко Россиянинг Киевга йўналтирилган ракета ҳужум чоғида ўтган тунда бир вақтнинг ўзида турли томондан Украина пойтахтига учиб кирган 30 га яқин қанотли ракета уриб туширилганини маълум қилди. Унга кўра, ракета ҳужуми уч соат давом этган.

Пайшанбага ўтар кечаси Украинанинг барча ҳудудларида ҳаво тревогаси эълон қилинган. Аввалроқ Украина Қуролли кучлари Россиянинг Мурманск вилоятидаги ҳаво базасидан камида тўққизта бомба ташувчи Ту-95МС учоғи парвоз қилгани ҳақида маълумот тарқатган.

20 март куни Россиянинг Харьков бўйлаб уюштирган ракета зарбаси оқибатида беш киши ҳалок бўлган эди. Снарядлар босмахона ва мебель ишлаб чиқариш цехи биносини вайрон қилган. Вайроналар остидан одамларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги Киевга берилган ракета зарбаси юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Жапаров: Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон темир йўл лойиҳаси устида фаол ишламоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши доирасида томонлар “лойиҳанинг амалга оширилиши механизми тўғрисида умумий англашувга эришгани”ни билдирган. Бу ҳақда Жапаров China State Railway Group Co., Ltd. бош директори ўринбосари Ван Тунцзюн билан 20 март куни ўтказилган учрашув чоғида айтган, дея маълум қилди Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Хабарномада қайд этилишича, Хитой ширкати вакиллари билан учрашув чоғида Жапаров ХХР раиси Си Цзинпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусини дастаклашини айтган ҳамда бу ташаббус доирасида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши энг йирик транспорт лойиҳаси эканини қўшимча қилган.

Давлат раҳбари Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон мазкур лойиҳани олға суриш учун фаол иш олиб бормоқда. Қирғизистон бу борада қатъий қарорга эга бўлиб, бу йўлни яқин бир неча йил ичида қуриб битказиш нияптида”, дея иқтибос келтирган Жапаров сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Ўз навбатида, Ван Тунцзюн томонидан ҳамкорликни олға суриш жараёнини тезлатишга ҳозирлигини урғулаган. Ўтган йил декабри охирида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати Бишкек ва Тошкент темир йўл қурилишини “молиялаштириш моделларининг оптимал вариантлари”ни ҳали ҳам муҳокама қилаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Расмийлар режасига мувофиқ, темир йўлнинг Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган 311 километрли қисми “Тўруғарт – Қўшдўбў – Қазарман – Жалолобод” йўналиши бўйлаб ўтади, қурилишнинг тахмини қиймати эса 4,7 миллиард долларни ташкил этади.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламаси Хитой темир йўл қурилиши корпорацияси лойиҳа-тадқиқот институти томонидан тайёрланган. 2023 йилнинг июль ойида томонлар бу борада ишлар якунланганини эълон қилишиб, темир йўл қурилишининг техник-иқтисодий тарафдан мақсадга мувофиқлигини тасдиқлашганди.

Қирғиз расмийлари мазкур темир йўл Марказий Осиё минтақасини транспорт халтакўчасидан чиқариши ва жаҳондаги 4 миллиард кишини ўзаро боғлашини ҳамда Осиёдан Туркия орқали Европага, Яқин Шарққа ва Шимолий Америкага юк ташувларини кўпайтириши мумкинлигини бир неча бор урғулашган.

Бугунги кунда Хитойдан Европага жўнатилаётган юклар Қозоғистон, Россия ва Беларусь ҳудудлари орқали олиб ўтилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қуриладиган бўлса, бу мамлакалардан Яқин Шарқ ва Жанубий Европага юк етказиб бериш йўли 900 километрга қисқаради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG