Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:25

Новая газета: Чеченистон полицияси ертўласида камида 27 шахс судсиз отиб ўлдирилди!


Рамзан Қодиров
Рамзан Қодиров

Чеченистон президенти резинденциясида олиб борилган сўроқ пайтида Рамзан Қодиров исломий жангарилар билан алоқада эканликда гумонланган Имрон Дасаев оёғига пистолетдан ўқ отди.

Қодиров жиноятларига оид журналистик суриштирув ўтказган “Новая газета” шундай деб ëзди.

Газета шунингдек¸ Имрон Дасаевдан ташқари Чеченистон кучишлатар тузилмалари ходимлари томонидан терроризмга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган ва судсиз отиб ўлдирилган яна 26 шахс рўйхатини ҳам эълон қилди.

2017 йилнинг 14 январида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров исломий жангариларга алоқадорликда гумонланган Имрон Дасаевга шахсан ўзи ўқ узган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб хабар берган “Новая газета”га кўра, Қодировга унинг отаси Аҳмат Қодиров тўғрисида айтган гаплари ёқмаган.

“Рамзан қўриқчилардан пистолетни тортиб олиб, стволини ерга қарата палапартиш ўқ уза бошлади. Ўқлардан бири (рикошет билан бўлса керак) Дасаев оёғига тегди. У Дасаевнинг оёғини даволаш ва унга тиббий ёрдам кўрсатишни ҳам тақиқлади. Қийноқлар пайтида айнан ярадор оëғига уришарди. Охир-оқибат¸ Имрон Дасаев ҳатто ҳожатхонага ҳам чиқолмайдиган бўлиб қолди”, деб ёзади нашр Дасаевнинг исми сир тутилаётган шерикларидан бири сўзларига таяниб.

Бу маълумот¸ газетанинг ëзишича¸ бир нечта мустақил манбалар томонидан тасдиқланган.

“Новая газета”га кўра¸ Имрон Дасаев 2015 йилдан бошлаб Чеченистон ҳудудида яширин фаолият олиб боргани иддао қилинган экстремистик гуруҳ аъзоси сифатида ҳибсга олинган.

2017 йил июлида “Новая газета” нашри махсус хизматлар ўтказган рейдлар пайтида Чеченистон тоғли ҳудудларида қўлга олинган 27 нафар шахс рўйхатини эълон қилган эди.

Қўлга олинганлар террорчи гуруҳлар билан алоқадорликда гумонланган. “Новая газета”¸ Федерал хавфсизлик хизматининг Чеченистон бошқармаси мулозими бу рўйхатдагиларнинг ҳаммаси аëвсиз қийноққа солингани ва судсиз отиб ўлдирилгани тўғрисида ҳужжат тақдим этганини маълум қилди.

Журналистик суриштирув натижасида 27 нафар айбланувчи Грозний шаҳар полициясининг Аҳмат Қодиров номидаги 6-полк казармаси ертўласида 2017 йилнинг 26 январига ўтар кечаси отиб ташлангани ёки бўғиб ўлдирилгани аниқланган.

Грозний шаҳар полициясининг Аҳмат Қодиров номидаги 6-полк казармаси.
Грозний шаҳар полициясининг Аҳмат Қодиров номидаги 6-полк казармаси.

“Ҳозирга келиб биз 27 одамнинг судсиз ўлдирилганини аниқ биламиз¸ аммо биздаги маълумотларга кўра, 56 нафар чеченистонликнинг тақдири айни шу тарзда якун топган бўлиши мумкин. Бу одамлар ҳар хил пайтда ушланган¸ аммо бу одамларнинг ўлим санаси бир хил - 25 дан 26 январга ўтар кечаси”¸ деб ëзди Россия газетаси.

Рўйхатдаги шахслар 2016 йилнинг 17 декабрида Грознийда полициячи Аюб Даутмерзаевни ўлдирганликда гумонланиб ушланган.

Ўша қишда Чеченистон махсус хизматлари ва полиция олиб борган оммавий текширувлар ва рейдлар натижасида жами 70 одам қўлга олинган ва 6-полк казармаси ертўласига ташланган. Газета манбалари¸ ушланганларнинг кишанда сақлангани, тинимсиз қийноқларга тутилгани ва қотилликка иқрор бўлишга мажбурланганини айтган.

2017 йил 17 декабрида полиция ходими Аюб Даутмерзаевни ўлдириб, унинг хизмат машинасини олиб қочган уч йигитнинг махсус амалиёт пайтида ўлдирилгани тўғрисида расмий хабар берилганди. Аммо “Кавказский узел” сайти бу шахсларнинг ҳам Грозний шаҳар шифохонасида отиб ўлдирилганини эълон қилган¸ “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази ўз суриштируви якунида уларнинг ҳақиқатан касалхонада ўлдирилганини тасдиқлаган эди.

Чеченистон Миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Жамбулат Умаров “Новая газета” эълон қилган маълумотларни “мутлақ фантазия”, деб атади.

- Маълумотлар бири-бирига ёпишмаяпти, ёлғон ҳам равон бўлиши керакку ахир! “Новая газета” анчадан бери афсоналар яратиш фабрикаси номини олган, афсуски ижод уларни тарк этган кўринади. Шаҳар марказида янги қурилган казармада оммавий қатллар ва ўлдиришлар кимга керак?¸ дея журналистик суриштирув хулосасини инкор қилишга уринди Қодиров вакили.

Бундай иддаога қарамай¸ Грозний полицияси ертўласидаги оммавий қотилликлар борасида ўлдирилганларнинг қариндошлари билан бирга республика Ички ишлар ва махсус хизматлардаги манбалар гувоҳлик берган, журналистлар қўлида эса¸ жамоатчиликка эълон қилинмаган қатор ҳужжатлар сақланмоқда.

Новая газета келтираётган "қора рўйхат".
Новая газета келтираётган "қора рўйхат".

“Новая газета” очиқлаган асосий далиллар сифатида Чеченистон УФСБсидан олинган иккита ҳужжат келтирилди.

Биринчи ҳужжатда 2016 йилда полициячига ҳужум қилиб, қўлга олинган чеченистонликларнинг фотосуратлари ва шахсий маълумотлари акс этган. Иккинчи ҳужжат полиция ҳисоботи бўлиб, унда Курчалой ва Шали туманларидаги рейдлар пайтида қўлга олинган 67 киши сурати ва маълумотлари келтирилган. Айнан шу рўйхатда келтирилганлардан 27 кишининг Рамзан Қодиров жангарилари томонидан отиб ўлдирилгани айтилмоқда.

Бу қама-қамалар борасида Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ўзининг шахсий Инстаграм саҳифасида хабар берганди.Имрон Дасаевнинг ҳибсга олиниши тўғрисида видеолавҳа маҳаллий “Грозний” телеканали орқали узатилган эди.

“Новая газета” отиб ташланганлар рўйхати юзасидан Россия Тергов Қўмитасига бундан уч ой олдин сўровнома юборгани, бироқ унга жавоб берилмаганини билдирди.

XS
SM
MD
LG