Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:21

Чеченистон раҳбари "бармоқларни синдириш ва тилни суғуриб олиш" билан таҳдид қилди


Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров: “Биз ҳеч қандай изоҳ ёки видеони эътиборсиз қолдирмаймиз...”
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров: “Биз ҳеч қандай изоҳ ёки видеони эътиборсиз қолдирмаймиз...”

Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасида жойлашган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров яна қўполлик қилди. У Инстаграмда эълон қилинган видеода кимда-ким уни ёки “унинг халқи”ни онлайн изоҳлар билан ҳақорат қилса, даҳшатли тарзда жазоланишини айтди.

Биз ҳеч кимга шахсларни онлайн ҳақоратлашга йўл бермаймиз. Изоҳларингизни олиб ташланг. Биз уларнинг ҳаммасини ўқияпмиз. Буни тайёрлаш учун бир гуруҳ одамлар ишлаяпти. Бизнинг анъаналаримиз бор, ҳали уларни ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Шунинг учун мени кимдир ўлдириши билан ишим йўқ. Лекин ким қонимни, уруғ-аймоғимни, оиламни, одамларимни ҳақорат қилса, унинг кимлигига қараб ўтирмайман. Шунинг учун тилингизга эҳтиёт бўлинг, бармоғингизга эҳтиёт бўлинг. Чунки биз бармоғингизни синдирамиз ва тилингизни суғуриб оламиз. Биз ҳеч қандай изоҳ ёки видеони эътиборсиз қолдирмаймиз, - деди брендли қизил-оқ рангдаги спорт формаси кийиб олган Рамзан Қодиров. ​

Қодировнинг бу сўзлари яқинда қўшни Доғистон билан чегарада чиққан низо ортидан янгради. Ўшанда Чеченистон ҳудудини англатувчи янги белги кескин онлайн кампаниядан сўнг олиб ташланган эди.

Чеченистон раҳбариятининг сўнгги ойларда Ингушетия ва Доғистон билан чегарага оид низоларни зўравонлик билан ҳал этишга қаратилган хатти-ҳаракатлари минтақада кескин танқидга сабаб бўлди.

Сентябрда Қодиров билан Ингушетия раҳбари Юнус-Бек Ёвқуров махфий музокаралар ортидан чегарага оид битимни имзолаган эди.

Бироқ ингушетиялик фаоллар республика ҳудуди Чеченистонга ноқонуний бериб юборилганини айтиб, битимни ноқонуний деб атади.

Сўнгра Чеченистон Доғистоннинг Мехелта қишлоғи яқинидаги ҳудудни ўзиники деб даъво қилиб чиқди ва хабарларда айтилишича, март ойида айни ҳудуд Чеченистонга берилган. Яна бир қанча ер ҳудудлари ҳам ўртада талаш бўлмоқда.

Айрим доғистонликлар Чеченистон ҳали музокаралар тугамай туриб, уларни ўз назоратига олаётганини айтмоқда.

Зўравонлик таҳдидлари Қодировнинг дипломатик репертуарига айланиб қолган.

2016 йили халқаро инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Кремлдан Қодировни машҳур журналистлар ва сиёсий мухолифат арбобларига таҳдид қилгани учун тартибга чақириб қўйишни талаб қилган эди.

Қодиров ўшанда бунақа кишиларга “халқ душмани ва сотқинлар сингари муомала қилиниши кераклиги”ни айтганди.

Чеченистонда инсон ҳуқуқи бузилаётгани ҳақидаги катта-катта мақолалар ёзган суриштирувчи журналист Анна Политковская 2006 йили отиб ўлдирилган эди. Гарчи ушбу қотиллик тўлиқ очилмаган бўлса-да, уч нафар чеченистонлик бунинг учун судланиб қамалди.

Инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоли Наталья Эстемирова 2009 йили Чеченистондан ўғирлаб кетилди ва орадан кўп ўтмай, унинг жасади Ингушетиядан топилди. Унинг ўлдирилиши сабаби очилмай қолиб кетди. Қодиров уни номаълум кишилар, мени ёмонготлиқ қилиш учун ўлдирган, деб иддао қилган эди.

2015 йили собиқ бош вазир ўринбосари, мухолиф сиёсатчи ҳамда Путин билан Қодировнинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов Москва шаҳрида отиб ўлдирилди.

Гарчи ушбу жиноят иши ҳамон очилмай қолаётган бўлса-да, беш нафар чеченистонлик, жумладан, Қодировга қарашли хавфсизлик хизмати ходими қотилликда айбланиб қамалди.

Қодиров қўл остидаги хавфсизлик хизматлари кўп маротаба одам ўғирлаш, қийноққа солиш ва одамларнинг судга тортилмай йўқолиб қолиши сингари жиноятларда айбланган.

Human Rights Watch ташкилотининг май ойида эълон қилган ҳисоботида Чеченистонда гей ва бисексуалларга қарши калтаклаш, электр токи билан фалажловчи қуролларни қўллаш, бошқа нарсалар билан жинсий зўрлашни ичига олувчи қўрқитиш кампанияси ўтказилгани айтилади.

Россия инсон ҳуқуқи ҳимоячилари айни кампания жорий йил январидан бери давом этаётгани ва камида икки киши ўлдирилганини айтиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG