Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2019, Тошкент вақти: 04:17

АҚШ “гейлардан тозалаш”га масъул чечен расмийларига санкция жорий қилди


АҚШ расмийлари яқинда Чеченистоннинг “гейлардан тозалаш”га алоқаси бор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи махсус бўлинмага нисбатан молиявий санкция жорий қилди.

Бу махсус отряднинг “ови” ўнлаб гей ва бисексуалларнинг қамоққа олиниши, баъзи ҳолларда эса уларнинг қийноқларга солинишига сабаб бўлди.

Бу амалиëтлар тепасида турган

16 майда тарқатилган баёнотда айтилишича, АҚШ Молия вазирлиги 2015 йили Чеченистоннинг Россия мухолифати етакчиси Борис Немцовга суиқасд қилишда қўли борлиги гумон қилинган юқори лавозимли амалдорига санкция жорий этган эди.

Жисмоний шахсларга, 2012 йили қабул қилинган “Магнитский акти”га кўра, санкция қўлланган эди. Ўша қонун ва унинг 4 йил олдин кенгайтирилган варианти АҚШ расмийларига Россия ва дунёнинг бошқа мамлакатларида инсон ҳуқуқини бузган кишилар ва юридик шахсларга нисбатан санкция қўллаш ваколатини беради.

Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси АҚШ санкцияларига қарши “жавоб чоралари” кўрилишини маълум қилди.

АҚШ Савдо вазирининг терроризмга қарши кураш ва молиявий разведка масалалари бўйича ўринбосари Сигал Манделкер санкциялар “Терек” махсус тезкор жавоб гуруҳи деб аталувчи бўлинмага нисбатан жорий қилингани ҳақида баёнот берди.

“Терек” бўлинмаси ва командири Абузайд Висмурадов Чеченистонда гейларга ов уюштирганликда гумон қилинмоқда.

Россиялик ва халқаро инсон ҳуқуқи фаоллари 2017 йил бошида Чеченистонда “гейлардан тозалаш” рўй бергани ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳибсга олишларнинг иккинчи босқичи 2018 йил охири ва 2019 йил бошларида ўтказилгани хабар қилинди.

Чеченистонлик яна бир амалдор Руслан Геремеевга нисбатан Немцовни ўлдириш режасини тузганликда гумон қилиниб, санкция жорий қилинган эди. Маълумки, Немцов 2015 йил февралида Кремль деворидан қанчадир метр узоқликда отиб ташланган эди.

Геремеев Чеченистоннинг машъум “Север” ҳарбий бўлинмаси командири ва республика раҳбари Рамзан Қодировнинг яқин дўстидир. Қодировга нисбатан ҳам “Магнитский акти”га кўра санкция жорий қилинган.

Немцовнинг яқин ўринбосарларидан бири Владимир Кара-Мурза Геремеевга нисбатан қўлланган чорани “инқилобий” деб атади.

Санкция жорий қилиш тўғрисидаги баёнотга Кремль тезкор муносабат билдирмади. Бироқ ўзига нисбатан қўлланган илгариги санкцияга мазахомуз муносабат билдирган Қодиров бу сафар “Telegram”даги каналида истеҳзоли изоҳ қолдирди.

“Мен ушбу қоғозбозларни расман огоҳлантириб айтаманки, энди барчангиз бизнинг рўйхатларга тушдингиз! ‒ деб ёзди у. ‒ Бизни сунъий равишда душман қилаётганларга айтмоқчиман: агар қонингизда заррача мардлик бўлса, бизникига меҳмонга келинг ва сизга бир умр эсингиздан чиқмайдиган ва невараларингизга сўзлаб юрадиган “Магнитский рўйхати”ни тузиб берамиз”.

16 май куни яна Россия шимолидаги Карелия Республикаси қамоқхоанси бошлиғи ҳамда Магнитскийнинг ўлимига алоқадир эркак билан аёлга нисбатан ҳам санкция жорий қилинди. Қонун ўша кишининг номи билан аталади. Магнитский Россия хазинасидан 230 миллион АҚШ доллари ўғирлангани ва оммавий солиқ қаллоблиги жиноятини фош қилишда ёрдам берган эди.

Кейинчалик Россия раҳбарияти унинг ўзини қаллобликда айблаб, қамоққа ташлади ва у ўша ерда касаллиги ва ноқонуний муносабатлар оқибатида ўлган эди. Ҳуқуқ фаоллари унга нисбатан қийноқлар қўлланганини айтиб келади.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG