Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:08

Украина президенти сайловининг иккинчи босқичига Зеленский билан Порошенко ўтди (ВИДЕО)


Владимир Зеленский (чапда) ва Петро Порошенко.
Владимир Зеленский (чапда) ва Петро Порошенко.

Украинада бўлиб ўтаётган президент сайловида 39 номзод курашди.

Ижтимоий сўровларга кўра, 3 номзод - актер ва қизиқчи Владимир Зеленский, амалдаги президент Петро Порошенко, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко олдинда бормоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, Зеленскийга сайловчиларнинг 30 фоизга яқини, Порошенкога эса 18 фоизга яқини овоз берган.

Украина президенти сайловининг иккинчи босқичи 21 апрелда бўлиб ўтади.

35 миллион сайловчи

31 март куни 30 мингдан ортиқ сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00 да очилди. Аннексия қилиб олинган Қрим ҳамда россияпараст сепаратчилар назорати остидаги Донецк ва Луганскда сайлов бўлмаётир.​

Сайлов маҳаллий вақт билан соат 20:00 да якунига етди. Бунинг ортидан сайловдан чиқиш сўровлари натижалари эълон қилиниши кутилмоқда.

Ҳаммани қизиқтираётган савол 35 миллион сайловчининг 40 га яқин номзод ичида кимни сайлашидир.

Номзодлар орасида сиёсатчиларни мазах қилиб келаётган Зеленский, амалдаги президент Порошенко, қамалиб чиққан собиқ бош вазири Тимошенкодан ташқари генераллар, миллатчилар ҳамда кейинги 15 йил ичида икки ҳокимиятни ағдарган қўзғолонларда иштирок этган ўнлаб сиёсатчи бор.

3 етакчи номзод

Жумладан, Зеленскийни сайлов участкасида қарши олган журналистлар саволларга кўмиб ташлади. У ўзининг овоз бериш жараёнини Facebook саҳифаси жонли трансляция қилди.

Зеленский "жуда виждонли ва муносиб" номзодга овоз берганини билдирди.

Шунингдек, "Баткившина" партияси лидери Юлия Тимошенко ҳам овоз берди ва сўнгра: "Ҳаммаси жуда яхши бўлади, Баҳор ғолиб чиқади", деди.

Петро Порошенко ҳам тушга қадар овоз берди ва сайловнинг яхши ташкил қилингани, келгусида Украина Европа Иттифоқи ва НАТО томон илгарилашда давом этишини таъкидлади.

Барқарорликка умид

Украина халқи ҳам, четдагилар ҳам сайлов ғолиби мамлакатга ҳаводек зарур бўлган барқарорликни олиб келиб, чуқур илдиз отган коррупцияни озайтиришига умид боғлаган.

Украина ҳудуди орқали Европа давлатларига Россия гази ўтади. Қолаверса, Ғарб давлатларининг Россияни жиловлаб туришга қаратилган уринишларида Украина муҳим ҳамкордир.

Шу соатларга қадар сайловнинг тинч ўтаётгани, одатдагидек, кўнгиллиларнинг сайловчиларга егулик улашиб, хизмат қилаётгани украин халқининг ушбу сайловдан кейинги барқарорликка астойдил умид тикканига ишорат ўлароқ баҳоланмоқда.

Сайловолди сўровлари

Кейинги ҳафталарда Порошенкони қўлловчилар сони ўзгариши ортидан жорий президент қайта сайланмаслиги ҳақидаги башоратлар ўзгарди.

Хизмат фаолиятини шоколад саноатида бошлаган Порошенко 2014 йилда Европа Иттифоқи билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган намойишчилар қўллови билан президент сайловида ғалаба қозонган.

Аммо сайловолди сўровларга кўра, 41 ёшдаги қизиқчи Зеленский олдинда бормоқда. Сайлов арафасида Киев Социология институти ўтказган сўров сайловчиларнинг 20,9 фоизи Зеленскийга овоз бериш истагида эканини кўрсатди.

Айни сўров натижаларига кўра, сайловчиларнинг 13,7 фоизи Порошенко, 9,7 фоизи Тимошенкога овоз бериши ниятини билдирган.

Агар сайловда бирорта ҳам номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаса, 21 апрелда сайловнинг иккинчи тури ўтказилади.

Зеленский иккинчи турга ўтган тақдирда ҳам, қизиқчи президент этиб сайланиши мушкул бўлишини кутиш мумкин.

Тажрибали сиёсатчи бўлган Порошенко ҳамда Тимошенко уларни қўлловчи йирик партия тузилмаларига эга.

Сургундаги олигарх таъсири

Зеленский ўз кампанияси давомида коррупцияга қарши аёвсиз курашиш ҳамда офшор маблағларни Украинага қайтариш учун солиқ имтиёзларини ваъда қилиб келади.

Танқидчилар эса сургундаги олигархга тегишли телеканал Зеленский дастурларини тинимсиз эфирга узатаётгани ҳақида бонг урмоқда. Аммо бу эътирозлар Зеленский кампаниясига қай даражада салбий таъсир кўрсатиши номаълум.

Порошенко рейтинги эса президент аҳоли назарида сиёсий ёки иқтисодий ислоҳотларни амалга ошира олмагани ёки коррупцияга қарши етарлича курашмагани учун пастлаб кетди. Йил бошида юқори лавозимли расмийлар давлат мулкини ўзлаштириб олгани фош қилиниши ортидан Украинада Порошенкога қарши норозилик намойишлари ўтказила бошланди.

2004 йилги “Зарғалдоқ инқилоби”да муҳим роль ўйнаган Тимошенко эса сайлов кампанияси давомида Порошенкони танқид қилиб, популистча ваъдаларни берди. Масалан, у Украинада газ нархини бир ойда 50 фоизга арзонлатишни ваъда қилди.

Сайловда беллашаётган бошқа 36 номзоднинг бирортаси 10 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олишга қодир эканини кўрсата олгани йўқ. Россия билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлмиш собиқ вазир Юрий Бойко бундан истисно бўлиши мумкин.

Сайловдан кейин

Етакчи 3 номзод эса Украина келажагини Ғарб билан боғлаш тарафдоридир.

Россия, Беларусь ҳамда бир неча Европа Иттифоқига аъзо давлат билан чегарадош Украинадаги сайлов натижалари мамлакат ташқарисида ҳам ўз таъсирига эга бўлади.

Москва Киевда “Евромайдон” ортидан ҳокимият тепасига келган маъмуриятни “хунта” ўлароқ таърифлаб келади.

Сайлов арафасида Украина хавфсизлик расмийлари Россия президентлик сайлови давомида мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли киберҳужумларни амалга оширишга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG