Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Россияда қонуний яшаётган ўзбек муҳожири бадарға қилинди


Қозон шаҳрида 9 йилдан бери қонуний яшаб келаётган Ўзбекистон ватандоши Раҳимбой Алломов ҳужжатлари ва Россияда ишлаш учун рухсатнома – патентини йўқотгани учун бадарға қилинди. Адвокати Дмитрий Хомич ҳокимият идоралари халқаро келишувларни бузган ҳолда чет эл ватандошини мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилганини айтмоқда.

Ўзбекистонлик Раҳимбой Алламов 9 йил аввал, энди 20 дан ошган пайти Қозонга ишлагани келган эди.

Шу вақт мобайнида у Россияда қонуний яшаган – вақтинчалик қайддан ўтган ва ишлаш учун патент олиб турган, аммо 5 августда ишдан қайтаётиб, барча ҳужжатларини йўқотиб қўяди.

Шундан сўнг бошоғриқлари бошланиб, икки ойдан сўнг Россиядан чиқариб юборилади.

У ўзи яшаб турган туманнинг бир неча жойига эълонлар ёпиштириб чиқади, аммо 3 кун ўтиб ҳам ҳеч қандай дарак бўлмагач, 8 августда полицияга мурожаат қилади.

Аммо полиция унинг ҳужжатлари ўғирлангани юзасидан жиноят иши қўзғатмайди.

Шундан сўнг Алломов Татаристон Республикасидаги Ўзбекларнинг миллий-маданий мухториятига мурожаат қилади.

Унга уйига қайтиб, паспортини тиклаб келиши учун вақтинчалик гувоҳнома берилади.

Фақат ўзбек ва инглиз тилларида бўлган сертификатга кўра, у 25 октябрга қадар Россиядан чиқиб кетиши керак эди.

9 октябрь куни уни полиция ходимлари тутиб олади.

Рус тилини яхши билмагани учун бир кеча қамаб қўяди ва эртасини куни у Қозон шаҳрининг Киров туман судига олиб борилади.

Суд уни Россия ҳудудида яшаб туриш тартибини бузган, деган важ билан 5000 рубль жаримага тортиб, "қонунбузарлик қилганини тан олгани" учун жазони енгиллатиб, 5 кун ичида Россиядан чиқиб кетиш талаби билан қўйиб юборади.

Алломов 16 октябрда адвокат Дмитрий Хомичга ёрдам сўраб мурожаат қилади, тезда апелляция шикояти тайёрланади.

Ўша хатда судда унинг ҳуқуқи бузилгани, русчани яхши билмаганини ҳисобга олиб, таржимон билан таъминланмагани, Россияда қонуний яшаб турганига Ўзбекларнинг миллий-маданий мухторияти берган гувоҳнома асос экани айтилади.

Аризасига полиция берган ҳужжат, гувоҳнома ва унинг русчага таржимаси илова қилинади.

2018 йил 14 ноябрида Татаристон Республикаси Олий суди апелляция шикоятини кўриб чиқади.

Суд қарорида Алломов Россияда 2018 йил 3 сентябрига қадар қонуний яшаб тургани ва ўша муддат тугагандан сўнг мамлакатдан чиқиб кетмай, яшаб туриш тартибини бузгани, ҳужжатларини йўқотиб қўйгани, мухториятдан ватанига қайтиш учун гувоҳнома олгани унинг айбини оқлай олмаслиги айтилади.

Яна қарорда айтилишича, Ўзбекларнинг миллий-маданий мухторияти берган вақтинчалик гувоҳнома чет эл ватандошининг Россия Федерациясида яшаб туришига оид қонун белгиланган муддатни чўза олмайди.

Суд туман суди қарорини ўз кучида қолдирди, Алломов эса ундан олдинроқ Россиядан жўнаб кетган эди.

Энди у беш йилга қадар Россияга кира олмайди.

2018 йил 5 декабрида адвокат Д.Хомич суд қарори устидан кассация шикояти берди.

Шикоятда айтилишича, Россия қонунчилигида ҳужжатларини йўқотиб қўйган чел эл ватандошининг белгиланган муддатда у ердан чиқиб кетиши тўғрисида ҳеч қандай талаб йўқ.

Бинобарин, суднинг хулосаси субъектив бўлиб, қарор чиқаришга асос бўла олмайди.

Адвокатнинг "Idel.Реалии" вебсайтига билдиришича, у ҳуқуқини ҳимоя қилаётган Алломовдан йўқотиб қўйган ҳужжатларида кўрсатилган муддатда Россиядан чиқиб кетиш талаб қилинган.

Бунақа ҳолларда чет эл ватандоши тушиб қолган вазият икки мамлакат ўртасидаги давлатлараро келишувлар асосида тартибга солиниши лозим.

Алломов билан боғлиқ вазиятда қўшимча жазо чораси қўллангани унинг ўта қаттиқлигидан далолат беради, чунки айни вазиятда Алломов қонуннинг барча талабларини бажарган.

Айни пайтда Хомич билан Алломов кассация шикоятини кўриб чиқиш санаси белгиланишини кутмоқда.

XS
SM
MD
LG