Линклар

Шошилинч хабар
09 июл 2025, Тошкент вақти: 14:31

Президентлар чегарадош аҳолини яхши қўшничилик анъаналарини ҳурмат қилишга чақирди


Сўўрўнбай Жээнбеков ва Эмомали Раҳмон.
Сўўрўнбай Жээнбеков ва Эмомали Раҳмон.

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари 26 июль куни эрталаб Ворух-Ак-Сай чегарадош ҳудудида маҳаллий аҳоли билан учрашиб, уларни тинчлик ва аҳилликда яшашга чорлаб, яхши қўшничилик анъаналарини ҳурмат қилишга чақиришди.

Икки қўшни давлат раҳбарлари учрашуви арафасида - 22 июль куни Қирғизистоннинг Ақ-Сай қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух эксклави чегарасидаги вазият кескинлашиб кетган эди.​

26 июль кунги учрашувда қатнашган Ворух жамоати бош имом хатиби Хожи Домулло Мукомиддиннинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, икки мамлакат етакчилари чегарадош аҳоли билан суҳбатлашган, уларни яхши қўшнчилик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитида яшашга ва можаро келтириб чиқарадиган ҳаракатларга йўл қўймасликка чақирдилар.

«Президентларнинг суҳбатидан кейин Ак-Сай (Қирғизистонга қарашли қишлоқ) ва Ворух (Тожикистоннинг эксклави) аҳолисидан икки нафардан киши сўзга чиқиб, ўз қўшнилари билан яхши муносабатлар афзалликлари ҳақида гапиришди. Ҳар иккала қишлоқ аҳолиси можарога қайта йўл қўймасликка ваъда беришди», - дейди суҳбатдош.

Тожикистон президенти матуот котиби Абдулфаттоҳ Шарифзодага кўра, Эмомали Раҳмон ва Сўўрўнбай Жээнбековлар ўз чиқишларида Қирғизистон ва Тожикистон халқлари дўстлиги ва яхши қўшничилигини мустаҳкамлашга қаратилган чегарадош вилоятлар ҳамкорлигини ривожлантириш лозимлигига урғу беришган.

Шарифзодага кўра, ҳозирги пайтда икки мамлакат етакчиларининг музокаралари Исфарада бўлиб ўтмоқда. Кейин музокаралар Чўлпонотада давом этади.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ташрифи (26-28 июль) муносабати билан Иссиқкўл вилоятининг Томчи ва Бостери қишлоқлари ўртасидаги йўлда ҳаракат чекланади.

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков Ақ-Сай қишлоғи аҳолиси билан учрашди, Боткен вилояти чегарасидаги вазият унинг шахсий назорати остида қолаётганини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматидан маълум қилишди. Қайд этилишича, Жээнбеков «аксайликлар билан Тожикистоннинг Исфара шаҳрига кетаётиб учрашган».

Унинг қайд этишича, чегара ортида жойлашган қишлоқлар ҳудудида ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари сони кўпайтирилган, ҳукумат аъзолари билан йиғилиш якунлари бўйича “яқин вақтларда ижтимоий ва инфратузилмавий объектларда қурилиш бошлаш ҳақида қарор қабул қилинди”.

«Ижтимоий масалалар ечилади. Энг асосийси— ҳаммани иғвогарлар ортидан эргашмасликка чақираман. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар билан биргаликда ҳамжиҳат ишланг. Қирғизлар азалдан ўзининг бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан довруқ қозонган. Биз қўшни мамлакат билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашга интилишимиз керак. Ҳар қандай зиддиятлар фақат зарар келтиради. Сабрли ва тоқатли бўламиз. Барча масалаларни ечамиз, фақат вақт керак. Болаларимиз келажаги, мамлакатимиз келажаги йўлида биз тинчлик ва осойишталикни сақлаб қолишимиз керак», - деди президент.

Қирғизистоннинг Ақ-Сай қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух эксклави чегарасидаги вазият 22 июль кечқурун кескинлашди. ҚР Давлат чегара хизматининг маълумотига кўра, Ворух қишлоғи аҳолисининг қишлоққа кираверишда байроқ осиб қўйиши можаро сабабчиси бўлди. Натижада томонлардан бири қурол қўллади. Отишма фуқаро шахслар томонидан ов милтиғи ёрдамида олиб борилган.

Тожикистон Республикаси МХДҚ Чегара қўшинлари матбуот марказининг “Ховар” агентлиги чоп этган баёнотида айтилишича, Қирғизистон Республикаси фуқаролари байроқ ўрнатилишига тўсқинлик қилишган, “ўзбошимчалик” билан ерни кавлаб, «Ак-Сай» ёзувини ва ўз мамлакати байроғини ўрнатган. «Қирғизистон фуқаролари бу ҳаракатни Тожикистон ҳудудида бажаришгани учун ворухликлар қаршилик кўрсатишган. Натижада икки мамлакат аҳолиси ўртасида можаро юзага келган», - дейилади баёнотда.

23 июль куни вазият яна кескинлашди. Соат 16.00 атрофида тожиклар томонидан ўқ узилган, қирғизистонлик чегарачи яраланган.

Можаро давомида Қирғизистоннинг 17 нафар фуқароси жабр кўрди, 14 киши ўқ отар қуролдан яраланди, яна уч киши тош тегишидан жароҳат олган. Жароҳатланганлардан 4 нафари фуқаро шахслар, 13 нафари ДЧХ ва милиция ходимлари ҳисобланади. Ақ-Сай қишлоғидан 600 киши, асосан, аёллар ва болалар кўчирилди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг маҳаллий расмийларга таяниб хабар беришича, тожиклар томонидан 1 киши ҳалок бўлган, 5 киши ярадор бўлган.

XS
SM
MD
LG