Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2024, Тошкент вақти: 03:28

Ўзбекистон хабарлари

Қашқадарёда коронавирус ва пневмониядан вафот этган шифокорлар исмлари расман маълум қилинди

Вилоятда расман 27 нафар тиббиёт ходими вафот этган.
Вилоятда расман 27 нафар тиббиёт ходими вафот этган.

Қашқадарё вилояти ҳокимияти 8 ноябрда тиббиёт ходимлари куни муносабати билан коронавирус ва пневмония каби йўлдош касалликлардан вафот этган тиббиётчилар шахсларини расман маълум қилди. Бунга қадар пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимлари исм-шарифлари расман ошкор қилинмаган эди.

Қашқадарё вилояти ҳокимиятининг билдиришича, вилоятда 27 нафар тиббиёт ходими вафот этган. Улардан 21 нафари врач, 6 нафари ҳамширадир.

Расман билдирилишича, вафот этган шифокорларнинг оилаларига 10 миллион сўмдан, ҳамшираларнинг оилаларига 5 миллион сўмдан, жами 240 миллион сўм моддий кўмак кўрсатилди.

Бунга қадар пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимларининг исм-шарифлари фақат “Фидокорлар” телеграм каналида чоп қилиниб келинар эди.

Телеграм каналининг маълумотларида қайд этилишича, 2020 йилда 485 нафар тиббиёт ходими вафот этган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 июль куни фақатгина икки нафар тиббиёт ходими COVID-19дан ўлганини билдирганди.

Кун янгиликлари

Вазирлик: Меҳнат қонунчилиги энг кўп таълим тизимида бузилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорийнинг январь-апрель ойларида меҳнат қонунчилиги энг кўп халқ таълими соҳасида бузилган. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, ўтган тўрт ой ичида меҳнат қонунчилигининг бузилиши энг кўп халқ таълими муассасалари (5 612 та ҳолат) кузатилган. Бу йўналишда мактабгача таълим муассасалари (2 173 та ҳолат) иккинчи, соғлиқни сақлаш тизими эса (1 215 та ҳолат) учинчи ўринда.

Бандлик вазирлиги меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар қишлоқ хўжалиги (452 та ҳолат) ва қурилиш ташкилотларида (266 та ҳолат) ҳам қайд этилганига эътибор қаратган. Бироқ сўнгги икки соҳадаги қонунбузарликларни таълим тизимидаги қонун бузилишлари билан қиёслаб ҳам бўлмайди.

Вазирлик келтирган рақамлардан келиб чиқилса, йил бошидан буён мамлакатда меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ 10 мингтага яқин ҳолат қайд этилган.

Илк тўрт ойда давлат бюджет дефицити 25 триллион сўмдан ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда давлат бюджети дефицити 25 триллион сўмдан (Марказий банкнинг шу кундаги курси билан тақрибан 2 миллиард АҚШ доллари) кўпроқни ташкил этган. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёйинлаган инфографика маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Йилнинг илк чорагида давлат бюджети дефицити қарийб 20 триллион сўмга (1,56 миллиард АҚШ доллари) етгани ҳақида хабар қилинган ва бу сўнгги 12 йил ичидаги рекорд кўрсаткич экани урғуланган эди.

Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити 2023 йилда ҳам рекорд даражага етиб, 59 триллионн сўмни (5 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ) ташкил этган. Ўтган йил якунида ҳукумат харажатлар чегарасини тутиб туролмагани учун парламент орқали лимитни оширишга мажбур бўлган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йилнинг 25 декабри куни имзоланган 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлар 280,7 триллион сўмни ташкил этиши, дефицит эса 10,3 триллион сўм бўлиши кутилаётган эди. Бироқ бюджет дефицити илк тўрт ой ичида йиллик кутилмадан қарийб икки ярим баравар ошиб кетгани қатор саволларни пайдо қилмоқда.

Вояга етмаган ўқувчининг она бўлишига оид ҳолат юзасидан иш қўзғатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Болалар омбудсмани Самарқанд вилоятидаги мактабнинг 8-синф ўқувчисининг она бўлиши билан боғлиқ ҳолатни ўз назоратига олган.

Қайд этилишича, 2009 йилда туғилган П.З. ўтган йилнинг август ойида ўзига аввалдан таниш бўлган, 2006 йилда туғилган Ш.Э. билан яқин муносабатда бўлган. Вояга етмаган қиз 2024 йилнинг 6 май куни шифохонада чақалоқни дунёга келтирган.

Мазкур ҳолат юзасидан (вояга етмаган қизнинг ёшидан келиб чиқиб, ариза билан мурожаат қилинмаган бўлса-да) туман ИИБ томонидан ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилган хабарномада айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича Хитой ҳамон олдинда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар ҳажми бўйича ҳали ҳам Хитой пешқадамлик қилмоқда. ХХР 2023 йил якунларига кўра ҳам Ўзбекистонга энг кўп инвестиция киритган мамлакат бўлган эди.

2024 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 107,1 триллион сўмни ташкил этганини очиқлаган Статистика агентлиги бундан асосий капиталга ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар улуши 68,9 фоизга етганини қўшимча қилган.

Агентлик қайдича, ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга бўлган инвестор давлатлар ичида биринчи ўринда Хитой (23 фоиз), иккинчи ўринда Россия (13,8 фоиз), учинчи ўринда эса Туркия (8,5 фоиз) турибди. Шунингдек, жорий йилнинг илк чорагида Ўзбекистонга салмоқли даражада инвестиция киритган давлатлар қаторида Саудия Арабистони (7,2 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (4,8 фоиз) ва Германия (3,8 фоиз) каби давлатлар ҳам санаб ўтилган.

Статистика агентлиги аввал маълум қилганидек, 2022 йили Ўзбекистонга ётқизилган сармоя ва берилаётган кредитлар бўйича Россия биринчи ўринни (20,3 фоиз), Хитой эса иккинчи ўринни (16,4 фоиз) эгаллаган эди.

Мудофаа вазирлиги 9 май оқшомида мушакбозлик уюштирмоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 9 май куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да “Янги Ўзбекистон” боғида мушакбозлик ташкил этилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 8 май куни ҳам Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкентнинг асосий кўчалари бўйлаб ҳарбийлар юришини уюштирган эди. Пойтахтдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидан бошланган кечаги тадбир Magic City майдонида ниҳоясига етганди.

Мудофаа вазирлиги уюштирган чоршанба кунги тадбирларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйган эди.

Бунинг ортидан шу куннинг ўзида Россия пойтахтига йўл олган Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида қатнашган, 9 май куни эса у мезбон президент Владимир Путинга ҳамроҳлик қилиб, Москванинг Қизил майдонида уюштирилган ҳарбий парадда иштирок этди.

Ўзбекистон ТИВ Қозоғистонга йўл олган мигрантларни огоҳлантирди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кириш қоидаларига ўзгартишлар киритилгани муносабати билан бу мамлакатга боришни режалаётган ўзбекистонликларга мурожаат қилди.

Унда вазирлик Қозоғистонга кириш ва чиқишда Ўзбекистон фуқароларига барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришни тавсия қилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россия Федерациясига ҳам киришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим, чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россия Федерациясининг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказадилар”, дейилган ТИВ мурожаатида.

Агар Россия Федерациясида бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, вазирлик қайдича, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

ТИВ муҳожирлар учун муаммо юзага келмаслиги учун уларга Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бош бошқармасининг расмий веб-сайти “Хизматлар” бўлимида махсус онлайн шаклни тўлдириш орқали Россияга кириш учун тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширишни тавсия қилган.

Аввалроқ Қозоғистон полицияси Улитау вилоятида ишлаган 16 нафар мигрант депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган эди. Тўққиз нафари тожикистонлик, етти нафари ўзбекистонлик бўлган бу муҳожирлар, қозоқ полицияси маълумотига кўра, Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлагани аниқланган. Бунинг ортидан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 7 май куни Қозоғистонга йўл олган фуқароларни ёнида рухсатномалар бўлиши зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. Вазирлик буни Қозоғистон халқаро аэропортларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари жорий этилгани билан изоҳлаган эди.

Апрель ойида эса Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларига Россияга сафар қилишдан тийилишни тавсия қилган эди. Гарчи вазирлик баёнотида бу ҳақда очиқ айтилмаган бўлса ҳам, ҳуқуқбонлар мазкур тавсияга тожикистонлик фуқароларнинг сиқувга олинаётгани сабаб бўлган, дея тахмин қилмоқдалар.

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган терактлар ортидан Россияда мигрантлар ксенофобиянинг янги тўлқини билан тўқнаш келишган. Мазкур иш бўйича ҳибсга олинганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.

Исроил элчихонасига ўт қўйишга уринган талаба 5 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасига ўт қўйишга уринган 19 ёшли талаба иши бўйича ҳукм чиқарди.

Суд ҳукми билан танишган маҳаллий нашрлар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2-курсида ўқиган А. А. бу ишни Ғазо секторида содир бўлаётган воқеаларга оид видеоматериалларни кўргани ортидан Исроил давлатига бўлган нафрати ошгани туфайли амалга оширмоқчи бўлгани ҳақида ёзишмоқда.

Қайд этилишича, А. А. ўтган йилнинг 19 октябрига ўтар кечаси спорт сумкасига керосин қуйилган шиша идин, гантель тошлари, гугурт ва мато бўлакларини жойлаб, велосипедда Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси биноси ёнига борган.

Ниятини амалга оширмоқчи бўлиб турган йигитнинг ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ходимларига шубҳали кўринган. Улар йигитдан тўхташни сўрашганида, А. А. велосипедига миниб, ИИБ ходимларидан қоча бошлаган.

Ходимлар машиналарида йигитни қувиб етиб, ундан сумкасидаги ашёларни кўрсатишни сўрашган.

Ушланганидан кейин ҳам ниятидан қайтмаган А. А., суд материалларига кўра, ИИБ ходимларини чалғитиб, сумкасидан топилган керосинли идиш ва бир дона гантель тошини қўлига олиб, элчихона биноси томонга борган. Йигит Исроил элчихонаси эшиги олдида унинг ортидан кузатиб борган ИИБ ходимлари ва элчихона биносини қўриқлаётган Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинган. Бироқ А.А. ходимлар келгунига қадар керосинли шишани ва гантель тошини девор устидан элчихона ҳовлисига улоқтиришга эришган.

Судланувчи А.А. судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дастлабки тергов чоғида берган кўрсатмаларини тасдиқлаган.

Суд материалларида айтилишича, судланувчи одамларга ва элчихонага зарар етказиш нияти бўлмаганини, шунчаки Исроил давлати Фаластиндаги шифохонани бомбардимон қилгани учун норозилик билдирмоқчи бўлганини ҳамда ўз ҳаракатларининг нотўғрилигини тушунганини айтган.

Маҳаллий нашрлар судда судланувчи талаба ўз айбини тўлиқ тан олгани ҳамда Ўзбекистон президенти ва халқидан, шунингдек, Исроил элчихонасидан кечирим сўрагани ҳақида ёзишмоқда.

Жорий йилнинг 19 апрелида чиқарилган суд ҳукми билан судланувчи А. А. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Деҳли аэропортида ўзбекистонлик тиллафурушлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ҳиндистон пойтахтидаги Индира Ганди халқаро аэропортида мамлакат ҳудудига 5 килограмм олтинни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган икки киши ушланган.

Деҳли Божхона хизмати олтинлари мусодара қилинган бу шахслар Ўзбекистон фуқаролари экани, улар Ҳиндистон пойтахтига Дубайдан (БАА) учиб келишганини билдирган.

Қайд этилишича, божхона кўриги чоғида мазкур шахсларнинг қиймати 3,16 миллион рупийга тенг бўлган қуйма олтинларни қонунга зид йўллар билан Ҳиндистон ҳудудига олиб ўтишга ҳаракат қилгани аниқланган.

Ўзбекистонликлар 1962 йилги Божхона тўғрисидаги қонун асосида ҳибсга олинган, ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда.

Тошкент кўчаларида ҳарбийларнинг юриши уюштирилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар (архив сурати)
Ўзбекистонлик ҳарбийлар (архив сурати)

Ўзбекистон пойтахтининг асосий кўчаларида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 8 май куни Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий бўлинмаларининг намойишкорона пиёда юришлари ташкил этилади.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотига кўра, юриш уюштирилишидан мақсад “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча уруш ва фронторти меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, юрт ҳимоячиларининг Ватанга садоқатини намойиш этиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларда фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш”дан иборат.

Юриш чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 14:00 да “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидан бошланиши айтилган.

Унда ҳарбийларнинг “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси (Сағбон ва Зарқайнар кўчалари орқали) – Ўзбекистон давлат табиат музейи – “Чорсу” бозори – Тошкент цирки (Зарқайнар кўчаси) – “Халқлар дўстлиги” санъат саройи (Ўзбекистон шоҳ кўчаси ва Фурқат кўчаси) – Magic City майдони (Фурқат кўчаси) йўналиши бўйлаб ҳаракатланиши, Magic City майдонидаги тўхташ нуқтасида эса Фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари, бўлинмаларнинг жанговар чақириғи, ҳарбий оркестр чиқишлари ижро этилиши кутилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига 20 млн сўмдан берилади

Президент Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари бўлган отахонлар билан (архив сурати)
Президент Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари бўлган отахонлар билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан” Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантиришга оид фармонни имзолади.

Президент сайтида 7 май куни ёйинланган фармон матнидан келиб чиқилса, Ўзбекистонда яшаётган уруш қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 миллион сўм (МБнинг шу кундаги курси билан тақрибан 1575 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Ҳужжатда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига мазкур пул мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда тантанали ҳамда байрамона вазиятда топширилиши қайд этилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда қанча уруш фахрийси яшаши тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Бироқ ўтган йилнинг май ойида Мудофаа вазирлиги мамлакатда фронторти меҳнаткашлари билан қўшиб ҳисоблаганда 174 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилиниши билдирган эди.

Хабарларга кўра, Ғалаба байрами муносабати билан уруш фахрийларига Қозоғистонда 1,5 миллион танга (3400 АҚШ долларидан кўпроқ), Тожикистонда 40 минг сомоний (3660 АҚШ долларидан кўпроқ), Қирғизистонда 100 минг сўм (1130 АҚШ долларидан кўпроқ), Туркманистонда эса 200 манат (расмий курс бўйича 57 АҚШ доллари ёки “қора бозор” курси бўйича 10 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Олий суд “аксилсоветча фаолият”да айбланган 198 кишини оқлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Олий суди 6 май куни ўн битта жиноят иши бўйича ўтган асрнинг 20-30-йилларида коммунистик режим томонидан қатағон қилинган 198 нафар кишига нисбатан оқлов ҳукмларини чиқарди. Оқланганларнинг тўлиқ рўйхати Олий суд сайтида келтирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида “аксилинқилобий мақсадлардаги ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж, босмачилик ҳаракатида иштирок этганлик ва аксилсовет фаолиятини амалга оширганликда” айбланган бу шахслар қарийб бир аср муқаддам коммунистлар қатағонига учраган эди.

“Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди”, дейилган Олий суд хабарномасида.

Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) қошидаги Учлик кенгашлари қарорлари билан “мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган” кишилар ишининг суд томонидан қайта кўриб чиқилиши Ўзбекистон президентининг 2020 йил 8 октябридаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида амалга оширилмоқда.

Олий суд маълумотига кўра, бунгача совет даврида қатағон қилинган 1 минг 31 нафар киши реабилитация қилинган.

Мирзиёев Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) 2023 йилнинг 9 майини ҳам Москвада ўтказган эди (архив сурати)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) 2023 йилнинг 9 майини ҳам Москвада ўтказган эди (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 9 май куни Россия пойтахтида ўтказилажак ҳарбий парадда иштирок этади.

Парад ҳақида маълумот тарқатган Кремль матбуот хизмати парадда қатнашиши кутилаётган фахрий меҳмонлар орасида Шавкат Мирзиёев номини ҳам санаб ўтган.

Кремль хабарномасига мувофиқ, Москвадаги ҳарбий парадда Мирзиёевдан ташқари Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Куба президенти Мигель Диас-Канель Бермудес, Лаос президенти Тхонглун Сисулит ва Гвинея-Бисау президенти Умару Сиссоку Эмбалолар ҳам иштирок этишади.

РФ президенти маъмурияти маълумотига кўра, параднинг фахрий меҳмонлари мезбон президент Владимир Путин билан биргаликда Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйиш маросимида ҳам қатнашишади.

Шавкат Мирзиёевнинг Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиши Ўзбекистон президенти матбуот хизмати томонидан ҳали расман тасдиқланганича йўқ.

Ўзбекистон яна дунёда энг кўп олтин сотган мамлакат бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон яна дунёда энг кўп олтин экспорт қилган мамлакат бўлди. Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотига кўра, мамлакат мартда 11 тонна олтин сотиб, Таиланд (10 тонна) ва Иордания (4 тонна) каби олтин экспортёрларини ортда қолдирган.

World Gold Council қайдича, март ойида Туркия Марказий банки 14 тонна, Ҳиндистон ва Хитой МБ 5 тоннадан, Қозоғистон ва Сингапур МБ эса 4 тоннадан олтин сотиб олишган.

Ўзбекистон февраль ойида ҳам энг кўп олтин сотган мамлакатга айланган эди. Ўшанда унинг 12 тонна олтин экспорт қилгани айтилган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон 2023 йил мобайнида жами 25 тонна олтин сотиб, энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар қилган эди.

Статистика агентлигининг ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилнинг илк чорагида Ўзбекистон хорижга 2 миллиард 664 миллион 300 минг долларлик олтин экспорт (жами экспортнинг 41,7 фоизи) қилган, бу кўрсаткич ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 10,5 фоизга кўпдир. 2023 йилнинг бу даврида мамлакат чет элга 2 миллиард 410 миллион 300 минг долларлик олтин сотган эди.

Ўзбекистонга келаётган россияликлар сони 10 баравар ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонга келаётган россиялик туристлар сони 10 баравардан ҳам кўпроққа (37 минг кишидан 403 минг кишига) ошган. Бу ҳақда РИА Новости Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик қайдича, 2023 йилда Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг умумий оқимида россиялик туристлар улуши қарийб 33 фоизни ташкил қилган.

Хабарда ўзбекистонлик туристларнинг ҳам Россияга қизиқиши ортгани айтилган. 2023 йилда 800 мингдан зиёд ўзбекистонлик Россияга сафар қилган, бу эса 2022 йилдагидан икки баравар кўпдир.

Нашр бу билан икки давлат ўртасидаги туристлар оқими, умуман олганда, пандемиягача бўлган кўрсаткичга етганини қўшимча қилган.

Икки мамлакат халқлари ўртасида ўзаро тил тўсиғининг йўқлиги ҳамда ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатига киритилган меъморий обидалар билан танишиш имконияти кабилар россиялик туристларни Ўзбекистонга жалб қилаётган омиллар орасида саналган.

Ўзбекистон ҳудудида икки зилзила содир бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 5 май куни Тошкент вақти билан соат 13:16 да Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида 3,7 магнитудали зилзила кузатилди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 194 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи вилоятнинг Косонсой туманида 3 баллга, Янгиқўрғон туманида 2-3 баллга, Чортоқ, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида 2 баллга тенг бўлган.

Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази, шунингдек, 6 май куни Тошкент вақти билан 10:41 да Самарқанд вилоятида 4 магнитудали зилзила содир бўлганини қайд этган. Зилзила маркази жануби-ғарбий йўналиш бўйича Тошкентдан 263 километр узоқликда (Ургут туманида) бўлган.

Ер силкиниши кучи Ургут туманида 2-3 баллни, Самарқанд вилоятининг Тойлоқ, Булунғур, Самарқанд туманлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 2 баллни ташкил этган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG