Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2019, Тошкент вақти: 11:48

Стивен Сигал Мирзиёевнинг куёвини янги лавозим билан табриклади


Стивен Сигал

Таниқли актёр ва жанг санъати устаси Стивен Сигал Ўзбекистон Президентининг куёви Отабек Умаровни янги лавозим билан табриклади.

"Дўстим Отабек Умаров Ўзбекистон ММА федерациясининг раҳбари этиб тайинланди. Табриклайман, оғайни!" деб ёзди Сигал ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида.

Президентнинг кичик куёви Отабек Умаров Ўзбекистонда янги очилган ММА ассоциацияси президенти этиб тайинлангани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Отабек Умаров Instagram тармоғидаги саҳифасида бу ташкилотнинг очилишию унга ўзининг президент этиб сайланишида - президент Шавкат Мирзиёев "беқиёс кўмак" берганини алоҳида урғулаган.

8 ноябрь куни Аралаш жанг санъатлари - ММA ассоциацияси ва унинг президенти Отабек Умаровнинг тақдимоти Buka GYM спорт марказида бўлди.

Тақдимотга Ўзбекистон тарихида илк бор - 23 ноябрь куни Тошкентда бўладиган ММA GFC-20 турнирида қатнашадиган спортчилар ва уларни тайёрлаётган усталар йиғилди.

Отабек Умаров тадбир ҳақида Instagram тармоғидаги саҳифасида хабар қолдирди.

Стивен Сигалнинг постидан у Отабек Умаровнинг таниқли дўстларидан яна бири эканлиги маълум бўлди.

Умаровнинг дўстлари орасида Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактум ҳам бор.

1 ноябрь куни Отабек Умаров божаси Ойбек Турсунов билан бирга Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактумга зиëфат берган, олдинроқ 36 ёшли валиаҳд шаҳзода ўз лочинлари билан Навоий вилоятида йўрға тувалоқларни овлаган эди.

Отабек Умаровнинг яна бир дўсти россиялик блогер Гусейн Гасановдир.У 15 сентябрь куни Тошкентдаги Central park’да ўзбекистонлик мухлислари билан учрашди

Гусейн Гасанов Ўзбекистонга сафари давомида Самарқанд ва Қўқонда ҳам бўлган. У мамлакат президентининг куёви Отабек Умаров таклифига кўра келгани хабар қилинган. Жумладан, блогер ижтимоий тармоқдаги саҳифасига О.Умаров билан бирга тушган суратини жойлаган.

Хабарларга қараганда, Отабек Умаровнинг нуфузи кундан кунга ортиб бормоқда. Яқинда у теримчи аёлни ҳақоратлаган фермерни жазолагани тўғрисида ҳам Озодлик хабар қилган эди.

Отабек Умаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари, Триатлон федерацияси раиси, Ўзбекистон ММА федерацияси раисидир.

Шарҳларни кўринг (7)

Алоқадор

XS
SM
MD
LG