Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2019, Тошкент вақти: 19:35

OzodTa’sir:“Адолат” партияси ўзбек ишчиларини сўккан “Лукойл” ширкати амалдорини жазолашни талаб қилди


Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 13 ноябр куни «LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY» амалдори – бош энергетик Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилгани юзасидан ташвиш билдирди.

Партия матбуот хизмати томонидан тарқатилган баëнотда “олий қадрият ҳисобланган инсон қадрияти топталган” бу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъул давлат органлар муносабатини сўралган.

Баëнотда ëзилишича¸ бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига зиддир.

“Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси видеотасвирда гавдаланган ҳолат юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб бориш, хизмат ваколати доирасидан четга чиққан мансабдор шахснинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлик масаласини муҳокама қилиш, натижаси ҳақида оммага хабар бериш зарурлигини қайд этади” дейилади баëнотда.

“Адолат” партиясининг 13 ноябрдаги баëнотига сабаб бўлган воқеа ҳақида Озодлик 11 ноябрь куни чоп қилган эди:

Россиянинг “Лукойл” ширкати амалдори Деҳқонободдаги ўзбек ишчиларни “қўй подаси” дея ҳақорат қилди

Ўзбекистон «ЛУКОЙЛ» ОАЖ (Оммавий Акциядорлик Жамияти) амалдори Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилди.

Ҳақоратланган ишчилардан бирининг Озодликка айтишича, воқеа икки ҳафта олдин юз берган. Ишчилар маҳаллий мулозимларга қилган шикояти натижа бермагани боис, Озодликка мурожаат қилишга қарор берганини айтишди. Улар иддаоларининг тасдиғи сифатида Озодликка видео ҳам тақдим этди.

Озодлик гаплашган Жарқудуқ газ тайерлаш мажмуасида ишлайдиган ​деҳқонободлик бошқа ишчилар ҳам "рус амалдор уларни ҳақоратлаганини" тасдиқлади.

Ишчиларни ҳақорат қилаëтган кишининг "LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY" бош энергетиги Иван Александрович Шилов эканлигини Озодлик аниқлади.

Тилга олинган корхона расмийси Камолиддин Носиров Озодлик саволларини диққат билан эшитди.

Мулозим Иван Александрович Шиловнинг “Лукойл” ширкатининг Тошкентдаги офисида ўтирадиган бош энергетик эканлигини тасдиқлади.

Воқеани инкор қилмаган мулозим шикоят ëзган деҳқонободлик ишчиларнинг исм-фамилияси билан қизиқди. Бу маълумотни ола олмаган Носиров “Бундай шикоятлар кўп. Видеони ҳам қўшиб электрон почтамизга ариза берсангиз, жавоб берамиз” деган гап билан мулоқотга якун ясади.

Видео ҳақиқати

Озодлик тасарруфидаги 1 минуту 47 секундлик видеотасвирда яйдоқ далада атрофи тиканли сим билан ўраб олинган маъмурий бино кўринади.

Бошига "Лукойл" логоси туширилган оқ каска кийган рус тилида гапирувчи кўзойнакли киши¸ худдди шундай каска кийган ишчиларни сўкаëтгани акс этган.

Аввалига видеодаги одам компьютер ëнида ўтирган ва гапиришидан ўзбек экани тушунилган ходимни тергайди. Хаитов деган ходимга чора кўрилишини айтади.

Ходим қўлидаги ҳужжатлар кадрда кўринади. Хужжатлар катталаштирилганида Ўзбекистон «ЛУКОЙЛ» ОАЖ деган ëзувлар кўринди.

Ходимни тергаëтган амалдор бино эшигидан чиқиб кўчада анча вақт бақириб-чақириб туради. Амалдор унинг олдида турган маҳаллий ишчиларни “толпа баранов" ("қўй подаси”) дея ҳақорат қилади. Шунингдек, амалдор маҳаллий ишчиларга қарата “Идите домой б...дь, на х... в свой кишлак” дея дағдаға қилади.

"Лукойл" логотипли каска кийган амалдор 1 минуту 47 секундлик видеотасвир мобайнида “фоҳиша” ва “жинсий аъзо” мазмунини берадиган сўкиш сўзларни 20 мартадан кўпроқ ишлатган.

Ўзбекистон «ЛУКОЙЛ» ОАЖ кадрлар бўлими мулозими, вазифасида матбуотга гапириш ҳуқуқи бўлмагани боис, исмини айтмасдан, видеони Озодлик учун шарҳлашга рози бўлди.

Суҳбатдошга кўра видеода “LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY”га оид Ҳисор газ ишлаб чикариш цехи акс этган:

- Видео Қашқадарё вилоят, Дехконобод туман, Жарқудуқ газ тайерлаш мажмуасида олинган.Видеодаги сўкинаëтган кишининг исми Иван Александрович Шилов. У Россиянинг Пермь шахридан келган. Тошкентда офисда ўтиради. «LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY» бош энергетиги лавозимида ишлайди.

Суҳбатдошга кўра, бу видео ишчилар орасида тарқалган. Унинг яна айтишича¸ видео ташқарига чиқиб кетмаслигини таъминлаш учун ширкат раҳбарияти ишчилардан тилхат олган.

Маҳаллий ишчилардан бирининг айтишича¸ “ширкатда рус тилини яхши билмайдиган маҳаллий ишчиларнинг устидан кулиб камситиш ва арзимаган сабаб билан ишдан бўшатиш” практикаси мавжуд.

Ўзбекистонлик ишчиларини ҳақоратлаган бош энергетик Иван Шилов билан боғланишнинг имкони бўлмади. Унинг воқеа юзасидан ҳар қандай шаклдаги изоҳини Озодлик эшитишга ва эшиттиришга тайёр.

Газ ишлаб чиқарувчи Россия ширкати

Газ ишлаб чиқариш Ўзбекистон «ЛУКОЙЛ» ОАЖ (Оммавий Акциядорлик Жамияти) фаолиятининг асосий йўналишларидан бири деб ҳисобланади.

«ЛУКОЙЛ» ОАЖ Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини «Кандим-Хаузак-Шади», «Жануби-Ғарбий Гиссар» ва «Орол» лойиҳалари бўйича Маҳсулотни тақсимлаш келишувлари (МТК) асосида амалга оширмоқда. «Ўзбекнефтегаз» Миллий холдинг компанияси (МХК) мазкур лойиҳалар бўйича Компаниянинг стратегик ҳамкоридир.

Шарҳларни кўринг (11)

XS
SM
MD
LG