Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 14:12

Ван Япин очиқ фазога чиққан илк хитойлик фазогир аёл бўлди


Хитойлик аёл фазогирлар, Ван Япин (ўнгдан биринчи).

Хитой космик станциясига олти ойлик миссияси билан борган Ван Япин очиқ фазога чиққан биринчи хитойлик аёл фазогирга айланди. Бу ҳақда The Associated Press агентлиги хабар бермоқда.

Астронавт Чжай Чжиган якшанба куни кечқурун станциянинг асосий модулини тарк этган, кейинроқ Ван ҳам очиқ фазога чиққан. Хитой Бошқариладиган космик агентлиги маълумотларига кўра, иккала фазогир очиқ фазода ускуна ўрнатган ҳамда станциянинг роботлари билан бирга тажриба ўтказган.

Фазогирлар душанба куни эрталабгача очиқ фазода қолган.

Экипажнинг учинчи аъзоси Е Гуанфу станция ичида туриб уларга ёрдам бериб турган.

41 ёшли Ван ва 55 ёшли Чжай Хитойнинг ўтмишдаги экспериментал космик станцияларига саёҳат қилган. Чжай 13 йил олдин очиқ фазога чиққан илк хитойлик фазогир бўлганди.

Ван, Чжай ва Е Хитойнинг доимий станцияга юборилган иккинчи экипажидир. Уларнинг 16 октябрда бошланган миссияси олти ой давом этади.

Станциянинг Tianhe модули келгуси йилда Mengtian ва Wentian номли яна иккита бўлимга уланади. Станция қуриб битказилганидан кейин, унинг вазни 66 тоннага яқин бўлади. Солиштириш учун Халқаро фазо станцияси оғирлиги 450 тонна атрофидадир.

Станцияни кенгайтиришга тайёргарлик кўриш йўлида фазогирлар уч марта очиқ фазога чиқади. Шунингдек, экипаж Tianhe модулидаги яшаш шароитини ўрганади ҳамда космик тиббиёт ва бошқа соҳаларда тажрибалар ўтказади.

Хитой келгуси икки йил ичида станцияни тўлиқ ишга тушириш учун унга бир нечта экипаж юборишни режалаштирмоқда.

Совет космонавти Светлана Савицкая 1984 йилда очиқ фазога чиққан биринчи аёл бўлганди. Ўша йилнинг охирида Кэтрин Салливан очиқ космосга чиққан биринчи америкалик аёл бўлди.

2019 йилда NASA астронавтлари Жессика Меир ва Кристина Коч очиқ фазога чиққан илк фақат аёллардан иборат экипаж бўлди. Ўшанда икки фазогир етти соатдан ошиқ вақт давомида Халқаро космик станция ташқарисида ишдан чиққан қувват бошқариш блокини алмаштирганди.

XS
SM
MD
LG