Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:46

Яна бир бандлик агентлиги устидан арз қилинди. Ҳукумат қонунни ўзгартирмоқчи


Ўзбекистон - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик муҳожирларнинг биринчи гуруҳини 12 октябрда Тошкентга олиб келди. Вазирлик расмий сайтидан олинган сурат.
Ўзбекистон - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик муҳожирларнинг биринчи гуруҳини 12 октябрда Тошкентга олиб келди. Вазирлик расмий сайтидан олинган сурат.

"Consort хусусий бандлик агентлиги Японияга ишга юбориш ваъдаси билан шу йилнинг апрелида 2000 долларимни олиб, ҳалигача на ишга юборди, на пулни қайтарди".

Хусусий бандлик агентликларидан яна бири устидан бу шикоят Озодликка ўзини "самарқандлик Зулфизар" деб таништирган аёлдан келди.

Озодлик Consort хусусий бандлик агентлигининг телефонлари ишламаётгани туфайли Зулфизарнинг шикояти юзасидан изоҳ ололмади.

Айни пайтда Бандлик ва​ меҳнат вазирлиги турли қаллоблик схемаларининг олдини олиш мақсадида “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритмоқчи.

Самарқандлик Зулфизарнинг Озодликка айтишича, у 2000 долларни Consort агентлигига танишидан қарз кўтариб тўлаган:

- 19 апрелда пулни тўладик, ишга жўнатамиз дейишди. Биринчи йиғилишларда “150 одамимиз бор”, деганди. Улар Японияга ўзларининг одамларидан кимнидир юборишди. 100 га яқин одам ишсиз-пулсиз қолдик! 8 ой бўлди – Агентлик директори Меҳриддин ёмон одамга ўхшамайди – берамиз деяпти, кимларгадир қайтаряпти экан, лекин ололмаганлар жуда кўп.

Зулфизар ўзи ва бошқалар берган пулларни уддабурон тадбиркорлар “оборотга” қўйганини иддао қилди:

- Улар пулимизни қанақадир бизнесга ташлаб, ўша бизнесдан келадиган даромаддан биз билан расчёт қилмоқчи, тушунишим бўйича. Японияга борасиз деб 150 одам пул берган, ундан ташқари яна бошқа давлатларга деб олган пул қанча! Миллиардларку?!

Зулфизар Японияга бориш учун қўшимча пул ва вақт сарфлаб, япон тили дарсларига ҳам қатнаганини билдирди. Айтишича, қўшимча ҳаражатлари 300 доллардан ошиб кетган.

“Россияга ўзим кетганимда бу вақт ичида машинага пул ишлаб келардим!” деди Зулфизар.

Озодлик Consort Хусусий бандлик агентлигининг Самарқанддаги офиси телефонларига қўнғироқ илиб изоҳ ололмади – рақамлар ишламаётгани маълум бўлди.

Бандлик агентликлари сони 90 тага етди

Бандлик ва меҳнат вазирлиги бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исақуловдан олинган маълумотга таяниб, Россиядаги нашрларнинг хабар қилишича, жорий йил давомида хорижга ишлашга 2375 муҳожир юборилган ва улардан 1262 нафари (ёки 53%) – Россия корхоналарига жойлаштирилган.

Хизматлар асосан Фарғона (14,2 минг киши), Андижон, Наманган, Самарқанд (4,3 мингдан), Бухоро (2,8 минг) Қашқадарё (2,4 минг) ва Самарқанд (3,7 минг) вилоятларида кўрсатилган.

Ўзбекистон фуқаролари Россиядан ташқари Туркия, Литва, Латвия, Польша, БАА, Исроил ва бошка мамлакатларга ишга юборилган.

Айтилишича, бугунга келиб Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари сони 90 тага етган ва улардан 58 таси фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш лицензиясига эга. Бу лицензиялар Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги томонидан берилади.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистоннинг 33,5 миллионлик аҳолисидан 2,3 миллиони расман мамлакат ташқарисида меҳнат муҳожиратида юрибди. Бироқ, норасмий манбалар улар сони 3 миллиондан зиёд эканини айтиб келади.

Озодлик охирги бир йилда Ўзбекистонда пайдо бўлган ўнлаб хусусий бандлик агентликлари ва улар фаолиятидан норози бўлган фуқаролар шикоятлари тўғрисида хабар бериб келади.

Бандлик ва меҳнат вазирлиги 2019 йилда камида 1424 нафар республика фуқароси бундай тузилмалар томонидан алданиб, пули қайтарилмаётганини расман тан олди. Бундай тузилмаларнинг айримларига нисбатан жиноят ишлари очилди, яна бир қанчаси лицензияларидан маҳрум этилди.

Оммавий норозиликлар ва стихияли митинглар сони кўпайиши ортидан Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлиги турли қаллоблик схемаларинг олдини олиш мақсадида “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритмоқчи.

Ўзгартишлар киритилгач, хусусий бандлик агентликлари жабрланган тарафнинг барча харажатларини қоплашга мажбур этилади.

  • Бироқ, бу лойиҳа ҳаётга татбиқ қилингунга қадар Ўзбекистонда айрим агентликлар устидан Озодликка шикоятлар келиши тўхтамаётир.
  • Озодлик Тошкент шаҳрида жойлашган Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг чет давлатларда ишга жойлаб қўйиш ҳақидаги ваъдаларига ишониб, шу ташкилотга миллионлаб сўм тўлаб қўйган ўнлаб ўзбекистонлик пулларини қайтариб беришни талаб қилаётгани тўғрисида ёзганди.
  • Бундан олдин “Human” хусусий бандлик агентлиги мансабдорлари Чехия, Япония, Германия, Болгария каби давлатларга ишга жўнатиш ваъдаси билан ўзбек фуқароларининг 20 миллиард сўмдан зиёд пулини ўзлаштиргани ва лицензияси олинган ташкилот раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилгани хабар қилинган эди.
  • Кўтарилган шов-шувга қарамасдан, ишга жўнатилмасдан алданиб қолган меҳнат муҳожирлари “Human” хусусий бандлик агентлиги олган пулларини қайтармагани тўғрисида Озодликка маълум қилган.
  • Август ойида Ўзбекистонда ишга жойлаштириш билан шуғулланган Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятидаги 8 та хусусий агентлик фаолияти тафтиш этилгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG