Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 06:38

АҚШ яна Эронга қарши санкциялар жорий қилди


АҚШ молия вазири Стивен Мнучин

АҚШ Молия вазирлиги ва Давлат департаменти Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш билан янада кўпроқ босим ўтказди ҳамда Теҳроннинг “террор учун нефть” аталмиш тармоғи ҳақидаги “амалий” маълумот учун пул мукофоти ваъда қилди.

25 дан ошиқ ташкилот ва 11 та кемага қарши санкциялар киритилди. Молия вазирлигига кўра, улар Ислом инқилоби сипоҳилари корпусининг (ИИСК) чет эллардаги бўлинмаси “Қудс” қўшинига “бўйсунувчи ва уни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи” тармоғи ва Ливаннинг Эронга таянувчи “Ҳизбуллоҳ” милиция ҳаракатининг бир бўлаги ҳисобланади.

− Ушбу тармоқ юз миллионлаб долларлик ноқонуний нефть ташиди, сўнгра пул террорчиликни молиялаштиришга ишлатилди”, − деди АҚШ Давлат департаментининг Эрон бўйича махсус вакили Брайан Ҳук 4 сентябрда ўтказилган брифингда.

Молия вазирлиги билдиришича, фақат баҳорда тармоқ “асосан, Сурия режимига деярли 10 миллион баррель хом нефтни ташиш учун 10 дан ортиқ кемани ижарага олди. Ушбу юклар жами ярим миллиард долларга сотилди”.

Санкция жорий этилганлар орасида Эроннинг собиқ нефть вазири Рустам Қосимий ва ўғли Муртазо бор.

Яна Ҳиндистоннинг “Адриан Дарё-1” нефть танкерида ҳиссаси бор фирмаси филиали ҳам санкцияларга нишон бўлди. Айни кема жорий йил июлида Европа Иттифоқи санкцияларига зид равишда Сурияга нефть олиб кетаётганликда гумон қилиниб, Гибралтарда ҳибсга олинган эди.

Чеклов чоралари рўйхатга киритилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда улар билан ҳамкорлик қилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар қандай активини ҳаракатдан тўхтатиб қўяди.

“ИИСК ва “Қудс” қўшинининг молиявий механизмларини бузиб ташлайдиган” “амалий” маълумот учун 15 миллион долларлик мукофот таклиф этилмоқда.

Бунга нефть савдоси ва Эрон нефтини ташийдиган танкерлар киради.

Ҳук апрелда ИИСК ҳам, “Қудс” қўшини ҳам террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилганини қайд этиб, Қўшма Штатлар илк марта “давлат ташкилотининг молиявий амалиётларини бузиб ташлайдиган” маълумот учун мукофот эълон қилганини айтди.

Вашингтон икки кун олдин Эроннинг фуқаролик коинот агентлиги ва унинг 2 та илмий-тадқиқот институтига қарши санкция жорий этилганини маълум қилган ҳамда бунга ушбу институтлардан Теҳроннинг ракета дастурини ривожлантириш мақсадида фойдаланилаётгани сабаб бўлганини билдирган эди.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф жазо чораларини “мутлақо самарасиз” деб атади.

Ҳукнинг айтишича, ҳукуматнинг Эронга қарши “максимал босим ўтказиш” кампаниясидан асосий мақсад “режимнинг чет эллардаги амалиётларни молиялаштиришига йўл қўймаслик” ҳамда Теҳронни унинг ядро ва ракета дастурлари бўйича “янги ва кенг қамровли” битимга эришиш учун музокара ўтказишга кўндиришдир.

Қўшма Штатлар ўтган йили Теҳрон билан дунёнинг етакчи мамлакатлари ўртасида эришилган ядро битимидан чиқиб кетгани сабаб санкцияларни қайта жорий қилди ва уларни оғирлаштирди.

Теҳрон эса санкциялар бекор қилинмагунча кўп томонлама музокараларга қўшилмаслигини айтмоқда.

Айни чоқда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 6 сентябрда Теҳрон уранни бойитишни тезлаштириш учун центрифугаларни ишлаб чиқишга киришишини ва бу 2015 йилда имзоланган ядро битимидаги мажбуриятларни камайтириш сари ташланган “учинчи қадам” эканини урғулади.

‒ Биз жумадан бошлаб турли центрифугалар ва янги центрифугалар тадқиқоти ва ишланмаларига гувоҳ бўламиз, уранни бойитишни тезлаштириш учун нима керак бўлса, ҳаммасини қиламиз, ‒ деди Руҳоний 4 сентябрда. ‒ Тадқиқот ва ишланмаларимиз бўйича барча чекловлар олиб ташланади.

Шарҳларни кўринг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG