Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:18

$11.5 млнлик "совға"- Ортиқхўжаев 100га яқин тадбиркор ерини президент куëвига алоқадор ширкатга текинга берган


Президент Шавкат Мирзиëев оиласи билан. Катта куëв Ойбек Турсунов ўртада
Президент Шавкат Мирзиëев оиласи билан. Катта куëв Ойбек Турсунов ўртада

Юнусобод бозори ва Мегапланет супермаркети оралиғидаги ҳудудда ўнлаб йилдан бери савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келаëтган 100 га яқин тадбиркор Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори устидан судга мурожаат қилди.

Ўз бизнеси ва даромадидан ажраш таҳдиди остида қолган юнусободлик тадбиркорлар ҳокимнинг 2019 йил 31 декабрь куни чиқарган Янги шаҳар¸ Амир Темир ва Аҳмад Дониш кўчалари кесишувидаги 6 гектарлик ҳудудни "хусусий инвестор"га бериш қарорини бекор қилишни сўрамоқда.

Тадбиркорларнинг бунга қадар давлат идоралари, жумладан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда президент Мирзиёевга қилган мурожаатлари натижа бермаган.

2 декабрь куни Чилонзор туман маъмурий судида бошланиши кутилаётган маҳкама иши Тошкентнинг энг қиммат районларидан бўлган Юнусобод марказидаги 6 гектар ернинг URBAN DEVELOPERS МЧЖга берилиши ҳақидаги қарор қанчалик қонуний ёки йўқлигини муҳокама қилади.

Бунча катта ҳудудда “кўп тармоқли савдо ва кўнгилочар мажмуаси” қурадиган МЧЖ қарор чиқарилишидан бир ой олдин тузилган ва ер “президент ва Бош вазирнинг” оғзаки топшириқлари асосида бу компанияга тақдим этилган.

Нусхаси Озодликка тақдим қилинган шикоят аризасида бизнеси ва даромадидан ажраш таҳдиди остида қолган юнусободлик тадбиркорлар ўз дўконлари жойлашган ернинг ҳокимлик захирасига ўтказилишидан бошлаб унинг “инвестор”га берилишигача бўлган жараëнда амалдаги қатор қонунлар очиқчасига бузилганини таъкидлаган.

Озодлик ўтказган суриштирув Янги йил куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан минимал қиймати 11¸5 миллион доллар деб баҳоланаётган ер тортиқ қилинган URBAN DEVELOPERS МЧЖ Шавкат Мирзиëевнинг катта куëви Ойбек Турсуновга алоқадор эканини кўрсатди.

Ортиқхўжаевдан $ 11¸5 млн долларлик Янги йил совғаси

Ўзбекистонликлар янги 2020 йилни қарши олишга тараддуд кўраëтган 31 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1879-сонли қарор чиқарди.

Ҳоким қарорининг биринчи саҳифаси
Ҳоким қарорининг биринчи саҳифаси

Қарор “URBAN DEVELOPERS масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонасига ер майдони ажратиб бериш ҳақида” деб номланади.

Қарорга URBAN DEVELOPERS МЧЖнинг мурожаати¸ президент¸ Бош вазирнинг оғзаки топшириқлари¸ Бош вазир ўринбосари Раматов ва Қўчқоровларнинг хулосалари ва Ортиқхўжаевнинг ўзи чиқарган олдинги қарор асос сифатида келтирилган.

Ҳужжатда 100 га яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юргизаëтган дўкон ва хизмат объектлари жойлашган 6 гектарлик ер майдонини нега айнан URBAN DEVELOPERS МЧЖга беришга қарор қилинганига доир бирор асос келтирилмаган.

Ортиқхўжаевнинг 31 декабрь кунги қарори.
Ортиқхўжаевнинг 31 декабрь кунги қарори.

Тошкентдаги ернинг минимал нархига оид Жаҳонгир Ортиқхўжаев тасдиқлаган ҳужжатга кўра¸ Юнусобод тумани пойтахтдаги ер энг қиммат ҳудудлар сирасига киритилган ва бу райондаги бир гектар ернинг минимал нархи 18 102 214 700 сўм қилиб белгиланган.

Энг минимал ҳисоб бўйича Юнусободдаги 6 гектарлик ер нархи 108 613 288 200 ëки 2019 йил 31 декабрь кунги курс бўйича 11 432 977 АҚШ долларига тенг бўлади. Бу қийматдаги ер¸ қарордан тушунилишича¸ URBAN DEVELOPERS МЧЖга текинга берилган.

URBAN DEVELOPERS МЧЖ кимга тегишли?

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларга кўра¸ URBAN DEVELOPERS МЧЖ 2019 йилнинг 18 ноябрь куни¸ яъни Юнусободдаги қимматбаҳо ер берилишидан 1 ой олдин рўйхатга олинган.

Президент ва Бош вазир топшириғи асосида 6 гектар ҳудудда “кўп тармоқли савдо ва кўнгилочар мажмуаси” қуриш лойиҳаси берилгунига қадар URBAN DEVELOPERS МЧЖ бирор бир лойиҳани бажармаган.

Urban Developers МЧЖ регистрация ҳужжати нусхаси.
Urban Developers МЧЖ регистрация ҳужжати нусхаси.

Регистрация ҳужжатига кўра¸ МЧЖнинг 3 фоиз акцияси Ҳалимов Шерзод Шавкатовичга¸ қолган 97 фоизи эса¸ “чет эл корхонаси” деб таснифланган ODORATUS BUSINESS LLPга қарашли.

URBAN DEVELOPERS МЧЖ атиги битта ходимга эга – унинг раҳбари сифатида Набераев Ансор Фаррухович кўрсатилган. 2020 йилнинг дастлабки чораги учун топширилган солиқ ҳужжатларида корхонанинг “реализация обороти жами 0.0 сўмни ташкил этган”и ëзилган.

Urban Developers МЧЖга оид расмий маълумот.
Urban Developers МЧЖга оид расмий маълумот.

“Қўшма корхона” деб таснифланган URBAN DEVELOPERS МЧЖнинг ўзбекистонлик таъсисчиси Шерзод Ҳалимов ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори билан пойтахтдаги энг қиммат ерни биринчи марта текинга олаëтгани йўқ.

Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи 49 йиллик текин ижарага берилган BMP Smart Decision Private Limited компанияси регистрация ҳужжатларида Ҳалимов унинг мулкдори сифатида кўрсатилган.

Ғафур Ғулом боғини ижарага беришга оид можароли қарорда “хорижий инвестор” бўлган Шерзод Ҳалимов¸ Юнусободдаги 6 гектарлик ерни текинга олишда “маҳаллий таъсисчи” ролини бажарган.

URBAN DEVELOPERSнинг “хорижий инвестори” ким?

Расмий регистрация ва солиқ ҳужжатларига кўра¸ URBAN DEVELOPERS МЧЖнинг 97 фоиз акцияси “чет эл корхонаси” - ODORATUS BUSINESS LLP (Limited liability partnerships )га қарашли.

Британияда рўйхатдан ўтган ширкатнинг асл эгаси кимлиги очиқланмаган.
Британияда рўйхатдан ўтган ширкатнинг асл эгаси кимлиги очиқланмаган.

2015 йил 12 ноябрида Британияда рўйхатга олинган бу компаниянинг асл эгаси кимлиги очиқланмаган. Бунинг ўрнига унинг иш юритувчиси сифатида дунëдаги “солиқларни бекитиш ва пул ювиш амалиëтлари учун жаннат” саналадиган Белиз давлатидаги B2B CONSULTANTS LIMITED компанияси кўрсатилган.

Қуруқ ер баҳоси минимал ҳисобда тақрибан 11.5 миллион АҚШ долларидан ошадиган 6 гектар ҳудуд тортиқ қилинган бу “хориж инвестори”нинг устав жамғармаси 100 фунт стерлинг ëки 130 АҚШ долларини ташкил қилади.

Юнусободда кўп миллион долларлик савдо маркази қурадиган "хорижий инвестор" - Oderatus Business LLP нинг бизнес адреси қилиб мана шу бино кўрсатилган.
Юнусободда кўп миллион долларлик савдо маркази қурадиган "хорижий инвестор" - Oderatus Business LLP нинг бизнес адреси қилиб мана шу бино кўрсатилган.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар ODORATUS BUSINESS LLPнинг Ўзбекистонда бизнес юритаëтган бошқа қатор “хорижий компания”лар¸ хусусан¸ East-West Invest LLC акциялари эгаси эканини ҳам кўрсатмоқда.

Ўзбекча матрëшка – қобиқ ширкатлар ичига яширинган “британиялик инвестор” ким?

Озодлик Тошкент ҳокимининг янги йил куни чиқарган қарори билан пойтахтдаги энг бизнесбоп ҳудудни текинга¸ аниқ кўрсатилмаган инвестиция мажбуриятларисиз олган URBAN DEVELOPERS МЧЖнинг “хорижий инвестори” ким, деган саволга жавоб топишга уринди.

МЧЖ раҳбари Ансор Набераев Озодлик билан 26 ноябрь кунги суҳбатда¸ корхонанинг 97 фоиз акцияси эгаси деб ëзилган ODORATUS BUSINESS LLPнинг “британиялик инвестор”и кимлигини очиқлашни истамади.

Озодлик очиқ манбалардан қўлга киритган ҳужжатлар ҳоким Ортиқхўжаевнинг Янги йил кунги махсус туҳфасига лойиқ топилган МЧЖнинг президент Шавкат Мирзиëев оиласи¸аниқроғи, унинг катта куëви Ойбек Турсуновга алоқадорлигини кўрсатмоқда.

Президент катта куëви Ойбек Турсуновга алоқадор айрим ширкатлар занжири.
Президент катта куëви Ойбек Турсуновга алоқадор айрим ширкатлар занжири.

Ҳужжатларга кўра¸ президент тўнғич қизи Саида Мирзиëеванинг эри Ойбек Ботирович Турсунов PROMADIK INVEST компаниясининг 95% акцияси эгасидир.

Бу компания эса¸ ўз навбатида PRO MILK TECHNOLOGY компаниясининг 95.11% акциясига эгалик қилади.

PRO MILK TECHNOLOGY компанияси MILK HOUSE деб номланган яна бир бошқа ширкатнинг 39.87% акцияси мулкдоридир. MILK HOUSEнинг қолган 60.13 фоиз акцияси ODORATUS BUSINESS LLPга қарашли. ODORATUS BUSINESS LLP эса¸ Юнусободдаги 6 гектарлик ерни юзлаб тадбиркордан тортиб олаëтган URBAN DEVELOPERS МЧЖнинг 97% акцияси¸ аниқроғи¸ асл эгасидир.

URBAN DEVELOPERS МЧЖ регистрация ҳужжатида унинг раҳбари деб кўрсатилган Ансор Набераев “компаниянгиз Ойбек Турсуновга алоқадорлигини тасдиқлайсизми ëки инкор қиласизми?” деган саволга асабий кулиш билан:

- Мен ҳеч кимни билмайман. Отабек (аслида Ойбек - таҳр.) Турсунов деган номни биринчи марта эшитяпман. Бунақа информацияни қаердан оляпсиз¸ ман билмайман¸ - деб жавоб қилди.

Ойбек Турсуновга боғланган бизнес тузилмалари

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг куëвлари¸ хусусан¸ катта куëви Ойбек Турсунов қайнотаси давлат тепасига келганидан сўнг нима иш қилиши¸ қандай фаолият билан шуғулланаëтганига оид расмий маълумот йўқ.

Президентнинг катта куëви Ойбек Турсунов Чеченистон президенти Рамзан Қодиров билан¸ Қодиров таъкидича¸ "биродарлик алоқалари"га эга.
Президентнинг катта куëви Ойбек Турсунов Чеченистон президенти Рамзан Қодиров билан¸ Қодиров таъкидича¸ "биродарлик алоқалари"га эга.

Норасмий манбалар унинг бир муддат ўз қайнотаси администрацияси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлагани ҳақида ëзган ва бу маълумот расман на тасдиқланган ва на инкор этилган эди.

Давлат раҳбарлари ва улар оиласи даромадига оид маълумотлар Ўзбекистонда жамоатчиликка очиқланмаслиги боис биринчи оила аъзоларининг бизнес фаолияти тафсилотлари ҳам сир бўлиб келмоқда.

Жорий йил май ойида маҳаллий матбуот Ойбек Турсунов Uzcard бренди билан танилган «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖнинг 75 фоиз акциясини қўлга киритгани ҳақида ëзган эди.

2019 йил августида эса¸Ойбек Турсунов 95 фоизига эгалик қиладиган PROMADIK INVEST компанияси Капиталбанк акцияларининг 36 фоизини қўлга киритган.

Ойбек Турсунов номи Ўзбекистондаги машҳур "Илҳом" театри биноси жойлашган Шодлик Палас меҳмонхонаси биноси билан боғлиқ можарода ҳам тилга тушганди.

Ўзбекистонлик мустақил журналист¸Asiaterra.info сайти муҳаррири Алексей Волосевич ўз манбаларига таяниб¸ бу бинони яширин қарорлар билан қўлга киритган Ofelos Plaza МЧЖ асл эгаси президентнинг тўнғич куëви Ойбек Турсунов эканини ëзган эди. Ҳозирга қадар Турсуновнинг бу мақолага раддия бергани маълум эмас.

Президент куëвларининг кўп миллион долларлик акция ва бизнес тизимларни қайси даромадлари ҳисобига қўлга киритаëтгани ҳақидаги саволлар жавобсиз қолмоқда.

Ойбек Турсуновнинг отаси Ботир Турсунов Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон Миллий гвардияси раҳбарлигига тайинланган эди. Ҳозирда Ботир Турсунов ДХХ раисининг ўринбосари лавозимида¸ унинг яна бир ўғли¸ Ойбек Турсуновнинг акаси Улуғбек Турсунов эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖҚББ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишламоқда.

Президентга қилинган мурожаат

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори билан президент куëвига алоқадор компания манфаати учун дўконлари бузилишга берилган 100 га яқин тадбиркор Ўзбекистондаги давлат ҳокимиятининг барча бўғинларига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Тадбиркорларнинг президентга ëзган жамоавий мактубидан парча.
Тадбиркорларнинг президентга ëзган жамоавий мактубидан парча.

Монополияга қарши кураш қўмитасидан тортиб Президентгача ëзилган жамоа аризасига 84 та ширкат раҳбари имзо чеккан.

Нусхаси Озодликка ҳам юборилган бу мурожаатда тадбиркорлар ўз дўконлари жойлашган ҳудуднинг URBAN DEVELOPERS МЧЖга амалдаги қонунларни жиддий топтаган ҳолда бериб юборилганини таъкидлайди.

Қонун бузилишига оид жиҳатлар атрофлича ëритилган жамоа хатида, хусусан¸ 100га яқин тадбиркор фойдаланиб келган ер “ободонлаштириш учун” Тошкент шаҳар ҳокимлиги заҳирасига олинганидан сўнг¸ қонунчилика кўра бу ҳудуд очиқ электрон аукцион орқали савдога қўйилиши лозимлиги айтилган. Бундай аукцион эса¸ мурожаатда таъкидланишича, мутлақ ўтказилмаган. 100га яқин хусусий тадбиркордан “давлат ва жамоат эҳтиëжлари учун” деган баҳонада тортиб олинган ер ҳуқуқий мақомига кўра улардан фарқ қилмайдиган бошқа хусусий тадбиркор - URBAN DEVELOPERS МЧЖга берилган.

Биз бу МЧЖ кимники эканини билмаймиз. Билганимиз¸ ҳукумат ва ҳокимлик раҳбарларининг қонунларга тупурган ҳолда¸ очиқчасига рейдерлик захватини бошлаганидир. Бу беспределни фақат президентнинг ўзи тўхтатиши мумкин, деган умидда Мирзиëевга мурожаат қилдик. Ҳозирча жавоб йўқ. Ортиқхўжаев қароридан энг катта зиëн кўрадиган бир неча тадбиркор 1879-сонли қарорни бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилган. Аммо билишимизча, судга аввал- бошдан босим бўлмоқда. Қонунни ҳимоя қилишга масъул тизимларнинг нима қилишини яқинда кўрамиз”¸ дейди Озодлик гаплашган юнусободлик тадбиркорлардан бири.

2 декабрь куни Чилонзор туман маъмурий судининг тадбиркорлар аризаси бўйича қарор чиқариши кутилмоқда.

Суд жараëнига оид тафсилотларни Озодликда кузатиб боринг.

Ушбу мақола Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт билан ҳамкорликда тайëрланди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG