Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:59

"Учинчи томон": Хитойдан Ўзбекистонга кислород концентраторларини Зироат Мирзиёева фонди олиб келган


"Замин" фонди Хитойдаги Foshan MIC medical Technology Co, Ltd. компаниясига буюртма бергани айтилган кислород концентраторлари Ўзбекистонга юборилмоқда.
"Замин" фонди Хитойдаги Foshan MIC medical Technology Co, Ltd. компаниясига буюртма бергани айтилган кислород концентраторлари Ўзбекистонга юборилмоқда.

Озодлик суриштируви Хитойдан бутун ëки қисмларга ажратилган ҳолда сотиб олинган кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келишда “Замин” фондининг воситачилик ролини ўртага чиқарди.

Расман халқаро грантлар ва хайриялар ҳисобига фаолият юритадиган ”Замин” фондига президентнинг рафиқаси Зироат Мирзиëева раислик қилади.

Суриштирув жараëнида “Замин” фонди логоси билан кислород концентраторлари ишлаб чиқарган Хитой компанияси ҳамда Ўзбекистонда биринчи бўлиб “маҳаллий кислород концентраторлари” ишлаб чиқаргани иддао қилинган “Great Kokand” МЧЖнинг хитойлик ҳамкори айни компания бўлиб чиқди.

Бу эса Ҳонг Конгда рўйхатга олиниб¸ Гуангдонгда ишлаб чиқариш заводига эга Foshan MIC medical Technology Co, Ltd.дир

Ҳозирча Озодлик Зироат Мирзиëеванинг президент қарори билан улкан имтиëзлар берилган “Қўқон” эркин иқтисодий ҳудудида жойлашган “Great Kokand” МЧЖси билан тўғридан-тўғри алоқаси борлиги ҳақида маълумотга эга эмас.

“Замин” фонди учун кислород концентраторлари

Ўзбекистондаги турли бизнес тизимларининг ўз компанияси ишлаб чиқараëтган кислород концентраторларига қизиқиши ҳақида гапирган Foshan MIC medical Technology Co, Ltd. намояндаси Озодликка август ойида “Замин” фондига ўз логоси ëпиштирилган айни маҳсулотни етказиб берганини билдирди.

Бу компания ўз маҳсулотини MICiTECH бренд номи билан сотувга чиқаради.

Ҳукуматлар кўпинча ишлаб чиқарувчидан маҳсулотини тўғридан-тўғри сотиб олмасдан¸ учинчи томонни ëллайди. Биз ўтган ой “Замин” фонди орқали Ўзбекистон ҳукуматига кислород концентраторлари етказиб бердик”¸ деди Озодлик гаплашган Foshan MIC medical Technology Co, Ltd компанияси вакили.

Бу баëнотига суҳбатдош¸ мазкур олди-бердини тасдиқловчи суратларни ҳам илова қилди.

"Замин" фонди буюртмаси билан ҳозирланган кислород концентраторлари Хитойдан жўнатишга шай.
"Замин" фонди буюртмаси билан ҳозирланган кислород концентраторлари Хитойдан жўнатишга шай.

Уларда Ўзбекистонга жўнатишга тайëр концентраторлар ва улар қутисига Хитой компанияси бренд номи билан ëнма-ëн Zamin Foundation деган ëрлиқ ëпиштирилгани кўрилади.

Хитой компанияси вакили “Замин” фондининг бу концентраторларни ҳукумат буюртмаси билан сотиб олганига ишонишини билдирди.

Озодлик ихтиёрида "Замин" фонди ушбу харидни амалга оширганини бевосита тасдиқловчи расмий ҳужжат ҳозирча йўқ.

Фонд ўзининг расмий сайтида тақдим этилган электрон почтага Озодлик таҳририятидан юборилган саволларга ҳозирча жавоб бермади.

“Замин” қанақа фонд?

“Замин” халқаро жамоат фонди жорий йил апрелида “мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшиш” иддаоси билан таъсис этилган.

Фаолияти “узоқ муддатли, стратегик аҳамиятга эга ва барқарор лойиҳалардан иборат 4 йўналишга асосланган”и айтилган “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси президент Мирзиëевнинг рафиқаси Зироат Мирзиëевадир.

4 сентябрь куни фонд сайтида қўйилган янгиликда¸ фонднинг "Нафас ол, Ўзбекистон!" акциясини қўллаб-қувватлаш мақсадида “COVID-19 ташхиси бор беморларни даволаш учун тиббиёт анжомлари ва кислород концентраторларини 29 июлдан 9 августгача бўлган даврда етказиб бергани” ëзилган.

Айни хабарга кўра¸ жами 1035 та кислород концентраторидан 132 таси Мурувват ва саховат уйларига ўрнатилган, 55 таси "Хизмат беминнат" кўнгиллилар ҳаракатига фойдаланишга топширилган. Қолган 848 та кислород концентраторининг қаерга кетгани хабарда айтилмаган. Хитой ширкатининг “ҳукумат буюртмаси” ҳақидаги маълумотидан келиб чиқилса¸ қолган концентраторлар давлат касалхоналарига тарқатилган бўлиши мумкин. Бу концентраторлар касалхоналарга бепул тарқатилдими¸ ëки сотилди¸ бу ҳақда Озодлик ихтиëрида ҳозирча маълумот йўқ.

Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироат Мирзиëева (Ҳошимова) (чапдан иккинчи)
Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироат Мирзиëева (Ҳошимова) (чапдан иккинчи)

Статусига кўра "халқаро жамоат фонди" бўлган "Замин" фонди сайтида жамоатчилик ëки матбуот вакиллари боғланиши учун бирорта телефон рақами берилмаган.

Расмий сайтида "Замин" фондининг “халқаро ташкилотларнинг грантлари”¸ халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг хайрия маблағлари ва жисмоний шахсларнинг хайриялари” ҳисобидан фаолият юргизиши айтилган.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир кислород концентратори фонд логотипи ва махсус рақам билан белгиланган”и таъкидланган фонд баëнотида кислород концентраторларининг қаердан¸ қанчага олиб келингани ҳақида маълумот йўқ.

Шунчаки тасодиф?

Зироат Мирзиëева бошқарадиган фонд август ойида 1000 дан ошиқ кислород концентраторини Хитойнинг Гуангдонг саноат ҳудудида жойлашган Foshan MIC medical Technology Co, Ltd компаниясидан сотиб олган.

Хитойда кислород концентраторлари ишлаб чиқарадиган юзлаб компания бор. Foshan MIC medical Technology Co, Ltd бу маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича етакчи компаниялар сирасига кирмайди¸ ҳатто унинг ўз сайти ҳам йўқ.

Сентябрь ойида Фарғона вилоят ҳокимлиги эълон қилган ҳужжатга кўра¸ “Қўқон” эркин иқтисодий ҳудудида фаолият юрғизадиган “Great Kokand” МЧЖнинг “маҳаллий” кислород концентраторлари ишлаб чиқаришдаги ҳамкори айнан шу Foshan MIC medical Technology Co, Ltd компаниясидир.

Озодлик суриштирувлари давомида “Great Kokand” ëрлиғи билан тақдим этилган кислород концентраторларининг аслида Хитойдан тайëр олиб келингани ошкор бўлди.

Қўқонлик Зироат Мирзиëева раислик қилувчи “Замин” фонди¸ ундан кейин эса, “Буюк Қўқон” МЧЖнинг кислород концентраторини Гуангдонгдаги танилмаган Foshan MIC medical Technology Co, Ltdдан сотиб олиши тасодифми-йўқми¸ Озодликда бу саволларга ойдинлик киритадиган маълумот ҳозирча йўқ.

Регистрация ҳужжатларига кўра¸ 2018 йил 30 апрель куни таъсис этилган “Great Kokand” МЧЖ 100 фоиз хусусий ширкат. МЧЖ акцияларининг қарийб 60 фоизига Шавкат Ҳамидович Ҳамзаев ва унга қарашли Abu Dabi Plastiks ширкати эгалик қилади. Қолган акциялар Аюбхон Содиқов ва Маъмур Холиқовга тегишли.

"Great Kokand" МЧЖ ҳозирга қадар скотч сотиш билан шуғулланиб келган.
"Great Kokand" МЧЖ ҳозирга қадар скотч сотиш билан шуғулланиб келган.

Greatkokand.uz сайтида келтирилган маълумотга кўра¸ бу МЧЖ ҳозиргача фақат стретч плëнка¸ скотч ва гулдор пластик пакетлар ишлаб чиқариб келган.

Ўзбекистонда биринчи бўлиб “маҳаллий кислород концентратори” ишлаб чиқаргани иддао қилинган “Great Kokand” ўз ўтмишида бирор тиббий жиҳоз ëки электроника маҳсулоти ишлаб чиқарган эмас.

Пандемия даврида қайноқ товарга айланган кислород концентраторларининг “маҳаллий ишлаб чиқарувчиси”га айланган “Great Kokand” МЧЖси¸ 1 ноябрдан бошлаб давлат касалхоналарига концентратор етказиб берувчи ҳозирча ягона корхонага айланиши мумкин.

Президент Мирзиëев ўтган ой имзолаган қарорга кўра¸ капиталида давлат улуши бор ҳар қандай тизим ўзига зарур маҳсулот ва хизматни¸ бундай маҳсулот ва хизматни таклиф қилувчи маҳаллий компания мавжуд бўлса¸ фақат ундан олишга мажбур.

Бу эса¸ давлат касалхоналарининг “Great Kokand” Хитойдан ўз ëрлиғини ëпиштириб олиб келаëтган концентраторларни у айтган нархда сотиб олишини англатади.

Тепасида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шахсан ўзи тургани айтилган бу лойиҳа ҳақидаги расмий хабарда¸ “Great Kokand” кислород концентраторларининг яқин орада нафақат Фарғона¸ балки бутун республика касалхоналарига “етказиб берилиши” ëзилган.

Фондсевар Биринчи хонимлар

Постсовет республикалари президентлари рафиқаларининг ўзларига ҳар-хил хайрия фондлари очиши янгилик эмас. СССР қулаганидан бери аксар постсовет Биринчи хонимлари “халқаро жамоат фонди” деган мақомда очилган турли фондларга раҳбарлик қилади. Уларнинг кўпчилиги ўзларининг қудратли эрлари имижини хотин-қизлар орасида яхшилаш мақсадида асосан етим ва ногирон болаларга ëрдам бериш¸ хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадлари билан ҳар-хил лойиҳаларни амалга ошириб келади.

Қозоғистон собиқ Биринчи хоними Сара Назарбаева эри билан.
Қозоғистон собиқ Биринчи хоними Сара Назарбаева эри билан.

Хусусан, Қозоғистон Биринчи президентининг рафиқаси оғир хаста болаларга ëрдам бериши иддао қилинган “Бобек” фонди очган бўлса¸ Қирғизистон Биринчи президенти хотини Майрам Ақаева “Мээрим” фонди очиб¸ етим болаларни ўз ҳимоясига олганини билдирган эди.

Ўзбекистон собиқ Биринчи хоними Татьяна Каримова кенжа қизи Лола Каримова билан марҳум эри иш хонасида
Ўзбекистон собиқ Биринчи хоними Татьяна Каримова кенжа қизи Лола Каримова билан марҳум эри иш хонасида

Ўзбекистоннинг собиқ Биринчи хоними Татьяна Каримова ҳам кенжа қизи Лола Каримова орқали расман худди шундай мақсадни кўзлагани айтилган “Сен ëлғиз эмассан” жамғармасини ташкил этган эди.

Аммо Биринчи хонимларнинг бундай “хайрия” фондлари эрлари президентликдан кетиши ортидан коррупция жанжаллари марказида қолиб кетган ҳолатлар кўп.

Хусусан, Майрам Ақаева фонди фаолияти билан боғлиқ 30 дан ошиқ жиноят иши очилган.

Қирғизистон собиқ Биринчи хоними Майрам Ақаева 30 дан ошиқ жиноят иши фигурантидир.
Қирғизистон собиқ Биринчи хоними Майрам Ақаева 30 дан ошиқ жиноят иши фигурантидир.

Собиқ Биринчи хонимга "давлат идоралари ва хусусий ташкилотларни ўз фондига маблағ ўтказишга мажбурлаганлик” ва 2 миллион долларга яқин хайрия маблағини ўзлаштирганлик айблари қўйилган.

Украинанинг ўтган йил президентликдан кетган собиқ президенти Петро Порошенконинг хотини Марина Порошенко ҳам катта коррупцион жанжал марказида қолмоқда.

Украина собиқ Биринчи хонимига ҳам ўз фонди орқали миллионлаб доллар хайрия пулларини ўғирлаганлик айби қўйилмоқда.
Украина собиқ Биринчи хонимига ҳам ўз фонди орқали миллионлаб доллар хайрия пулларини ўғирлаганлик айби қўйилмоқда.

Петро Порошенко хайрия фонди ва Украина маданият фондига раислик қилган Марина Порошенконинг ногирон болаларга АҚШ¸ Европа ҳукуматлари ва Сорос фонди ажратган юзлаб миллион долларлик гуманитар ëрдамни ўзлаштиришга алоқадорлиги ўртага чиққан.

Марина Порошенко ҳозирга қадар Luxembourg Herald журналистлари ўтказган суриштирув хулосасига бирор шаклда эътироз билдирмаган.

XS
SM
MD
LG