Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

“Янги Ангрен” ИЭСдаги портлашда ўлган ишчи оиласи расмийларни ёлғон маълумот тарқатишда айбламоқда (ВИДЕО)


“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси
“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясидаги (ИЭС)портлашда нобуд бўлган ишчи оиласи ҳодисанинг жиддий тергов қилинишини талаб қилди.

Вафот этган ишчилардан бири – 40 яшар Назира Режабоеванинг яқинлари портлашга электр станциясида хавфсизлик қоидасига амал қилинмагани сабаб, деб даъво қилмоқда.

Станциянинг Озодлик гаплашган бир неча ишчисига кўра, бу даъвода жон бор ва агар станциядаги муаммолар зудликда ҳал қилинмаса, фожиа яна такрорланиши мумкин.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) берган маълумотга кўра, 20 январь маҳаллий вақт билан соат 11 яримларда содир бўлган портлашда “Янги Ангрен” ИЭСнинг 3 нафар ишчиси нобуд бўлган, яна 3 киши жароҳатланган.

Бу электр станция раҳбар ходимларидан биридан олинган маълумотга кўра, ИЭС бошқарувини олган қозоғистонлик инвесторлар ҳам, эскириб кетган агрегатларни таъмирлаш ёки янгилашга шошилмаётир.


Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани Қорахитой қишлоғида яшаган 40 яшар Назира Режабоева 20 январь куни “Янги Ангрен” ИЭСда содир бўлган портлаш қурбонларидан биридир.

"Янги Ангрен" ИЭСдаги портлашда ўлган ишчи Назира Режабоева.
"Янги Ангрен" ИЭСдаги портлашда ўлган ишчи Назира Режабоева.

Унинг оиласи – келини Лола Бойғозова ва акаси Наримон Режабоевлар Назиранинг ўлими ИЭСдаги ишчиларнинг оғир аҳволда ишлаётгани далилидир, деб даъво қилишмоқда

Лола Бойғозова Озодлик билан суҳбатда, ИЭС 5-блокида ишчилар хавфсизлиги таъминланмаган ва шу сабаб опам нобуд бўлди, деб даъво қилди.

Атишича, унинг ўзи ҳам ИЭС маъмуриятида оддий ишчи бўлиб ишлайди ва станция ичидаги вазиятдан яхши хабардор.

- Назира опам станциянинг 5-блогида, 52-отметкада бўлган. Мастерлар ўша жойларни текшириши керак эди. Аслида 24 соатдан кейин ишчилар киритилиши керак эди. Лекин улар 12 соатдан кейин ишчиларни ўша жойга ишга қўйган. Ишчиларнинг соғлиги, хавфсизлиги инобатга олинмаган, буни бориб кўрмагунча тасаввур қилиш қийин, - дея иддао қилди Лола Бойғозова.

Унинг сўзларига кўра, ҳодисадан 2 кун ўтиб ҳам уларга ҳеч қандай тушунтириш берилмаган, ҳатто портлаш бўлгани ва унда опаси Назира ўлгани ҳақидаги хабарни ҳам тасодифан эшитиб қолиб, ўзлари ИЭСга боришган.

- Мулла акам ўзлари чиқиб, 52 метр баландликдан 3 ишчининг суякларини териб тушганлар. 100 фоиз куйиш бўлган, даҳшатли фалокат бу. ИЭСдан бир одам ҳали келиб хабар олмади, жанозада ҳам қатнашмади. Фақат опам ишлаган ВЭТИ (ВостокЭнергоТеплоИзоляция ташкилоти- таҳр) Тошкентдаги идорасидан келиб, 2 миллион сўм беришди, яна 2 миллион эртага беришармиш. Лекин, ҳамма ёққа “хабар олдик, моддий-маънавий ёрдам бердик» деб ёлғон хабар чиқариб ётишибди. Бу ерда опам ўлиб кетди, икки боласи етим қолди – бунга ким жавоб беради?! - дейди Лола Бойғозова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:36 0:00
Бевосита линк

Бойғозовага кўра, портлашда нобуд бўлган 3 ишчи – ИЭС ҳудудида бажариладиган энг оғир ишлар – носоз қурилмалар ва люкларни ямаш, тозалаш ва изоляция қилиш ишлари билан шуғулланган, кунига 8 – 12 соатга чўзиладиган бир ойлик иш учун 2 – 3 миллион сўм атрофида маош олишган.

Бойғозова ҳодисадан сўнг қайноғаси Наримон Режабоев билан бирга қилган видеомурожаатни ҳам Озодликка тақдим қилди.

"Янги Ангрен” ИЭСда портлаш қурбони яқинлари: расмийлар ёлғон ахборот тарқатяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:45 0:00

Озодликнинг ҳодиса юзасидан “Янги Ангрен” ИЭС раҳбарияти ва 20 январь кунги портлашда нобуд бўлган Н. Режабоевани ишга ёллаган ташкилот - "ВостокЭнергоТеплоИзоляция" ОАЖ дан изоҳ олишга уринишлари натижа бермади.

ИЭС маъмуриятида қуйи лавозимда ишлашини айтган, аммо исми сир қолишини сўраган масъулга кўра, бу иш бўйича тергов-суриштирув бошлангани боис ҳар икки идора раҳбарлари матбуот вакилларидан қочмоқда.

“Аслида бу портлаш баҳона ИЭСнинг аҳволига жиддий эътибор қаратишса яхши бўларди. Биз Тошкентдаги катталарни огоҳлантиравериб, жуда чарчаганмиз. ИЭСда таъмирлаш, янгилаш керак бўлган отсеклар жуда кўп”, - деди бу масъул ва бошқа саволларга жавоб беролмаслигини айтиб, алоқани узди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) берган маълумотга кўра, 20 январь маҳаллий вақт билан соат 11 яримларда содир бўлган портлашда, “Янги Ангрен” ИЭСнинг 3 ишчи нобуд бўлган, яна 3 нафари жароҳатланган.

Расмий баёнотда портлаш “чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши” натижасида содир бўлгани, чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошлангани айтилди.

Ҳодиса юз берган куннинг ўзида Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Икки ҳафта муқаддам Талимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблок тўхтагани, бунинг оқибатида Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида сув ва электр энергияси таъминоти тўхтаб қолгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG