Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2022, Тошкент вақти: 23:11

Ўзбекистон хабарлари

“Янги Ангрен” ИЭСдаги чақнаш чоғида уч киши нобуд бўлди

"Янги Ангрен" ИЭС

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида 20 январь куни соат 11:42 да чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса чоғида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган.

Вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган”, дейилган хабарномада.

ФВВ ўз ходимлари воқеа жойида портлаш оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бораётгани, чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошланганини билдирган.

Вазирлик қайдича, ҳодиса натижасида “Янги Ангрен” ИЭС инфратузилмаси ва технологик ускуналарига шикаст етмаган.

Бу орада Бош прокуратура матбуот хизмати ИЭСдаги ҳодиса юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Икки ҳафта муқаддам Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблок тўхтагани, бунинг оқибатида Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида сув ва электр энергияси таъминоти тўхтаб қолгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Кун янгиликлари

Мусулмонлар идораси “Солихон домла” ишдан олинганини расман тасдиқлади

Солихон Ортиқхўжаев билан меҳнат шартномаси 20 январь куни Меҳнат кодексининг 100-моддаси асосида бекор қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси халқ орасида “Солихон домла” номи билан танилган Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди имом ноиби Солихон Ортиқхўжаев ишдан олинганини 22 январь куни расман тасдиқлади.

Бу борадаги билдирувда таъкидланишича, Солихон Ортиқхўжаев билан меҳнат шартномаси 20 январь куни Меҳнат кодексининг 100-моддаси асосида бекор қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Солихон Ортиқхўжаев “аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишламагани”ни билдирган.

Бундан ташқари у “Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади”.

Жамоатчилик орасида Солихон Ортиқхўжаевнинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларни камситгани эътирозларга сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон савдо айланмасида Россия биринчи ўринга чиқди

Ўзбекистон 2021 йилда 182 давлат билан савдо-сотиқ қилди. Мамлакатнинг савдо айланмаси 42 миллиард 100 миллион доллар бўлди.

Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, савдо айланмасининг 25,5 миллиард долларини импорт ва 16,6 миллиард долларини экспорт ташкил қилди.

Ташқи савдо балансининг 7,5 миллиард доллари Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу билан Россия сўнгги уч йилдан бери Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкори бўлган Хитойни ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқди.

Хитой 7,4 миллиард долларлик улуш билан иккинчи, Қозоғистон 3,9 миллиард доллар билан учинчи, Туркия 3,4 миллиард доллар билан тўртинчи ва Жанубий Корея 1,9 миллиард доллар билан бешинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон ташқи савдосининг 55 фоизи мазкур 5 мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон билан тиғиз савдо-сотиқ қилувчи давлатлар ўнлигидан Қирғизистон, Туркманистон, Германия, Украина ва Афғонистон жой олди.

Ўзбекистон ўтган йили олтин сотишни озайтирди

Олтин Ўзбекистон экспортида муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон 2021 йилда хориж давлатларига 4 миллиард 100 миллион долларлик олтин сотди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида билдирилди.

Ўтган йили сотилган олтин миқдори бундан аввалги йилларга қараганда анча оз бўлди. Жумладан, 2020 йилда 5,8 миллиард долларлик, 2019 йилда эса 4,9 миллиард долларлик олтин сотилган эди.

Сотилган олтин ҳажми ўтган йилларга нисбатан оз бўлганига қарамай, мазкур маҳсулот Ўзбекистон экспортида муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Масалан, 2021 йилда Ўзбекистон хорижга 16,6 миллиард долларлик эскпорт қилган. Унинг 4,3 миллиард доллари саноат товарлари, 4,1 миллиард доллари олтин, 2 миллиард доллари хизматлар, 1,3 миллиард доллари озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлардир.

Коронавирусга чалинганлар сони янада кўпайди. 4 бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 22 январь куни 1480 кишида вирус аниқланди.

Бу 21 январдаги кўрсаткичдан деярли юз кишига кўпдир.
22 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 213767 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатлари бўйича биринчи учликда Тошкент шаҳри (598 киши), Тошкент вилояти (192 киши) ва Фарғона вилояти (182 киши) бормоқда.


Касалликдан соғайганлар жами 203275 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан касалликдан вафот этганлар сони 1540 нафарга етди. Қолаверса, 22 январь куни 296 нафар кишида пневмония аниқланди.

Фан олимпиадаси ғолиби унга берилган ноутбукни ўқитувчилар тортиб олганини айтди

uzbekistan - schools reopen amid pandemic

Наманганда математика фани бўйича мамлакат миқёсида ўтказилган олимпиадада ғолиб бўлган ўқувчи унга берилган ноутбукни ўқитувчилар тортиб олганини айтиб чиқди.

Наманган вилояти Норин туманидаги 1-мактаб ўқувчиси Муроджон Эргашалиев видемурожаатида даъво қилишича, ноутбукни мактаб ўқитувчилари ‘бу мукофот сеники эмас, чунки сени номингдан биз ишлаганмиз, биз меҳнат қилганмиз’" дея олиб қўйган.

Ўқувчининг бу ҳақдаги видеомурожаати тармоқларда тарқалгач ўқувчига ноутбук шу куни берилган.

Мактаб раҳбариятига кўра, ўқувчи тушунмасдан ижтимоий тармоқлар орқали видео мурожаат қилган.

Мактаб маъмуриятининг иддао қилишича, ноутбук 24 январь кунги эрталабки сафланишда барча ўқувчилар орасида тантали равишда топширилиши режалаштирилган бўлган.

Ўқувчига Халқ таълими вазирлиги томонидан замонавий ноутбук ҳамда Фахрий ёрлиқ 22 январь куни ота-онаси ва тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида топширилган.

Аввалроқ Нуробод туманининг 41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторов "Бир миллион ўзбек дастурчилари" лойиҳасининг вилоят босқичида 1-ўринни олишига қарамай, унга 3-даражали диплом ҳамда ишлатилган, эски ноутбук совға қилинган ҳақида Озодлик хабар берганди.

Ҳокимлик "Мирзиёев дастурчисини" чув туширишга уринди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:45 0:00

Нуробод тумани ҳокимининг фармойиши билан мазкур ҳолатда масъулиятсизликка йўл қўйган ҳоким ўринбосарига ҳафсан берилди, кейинроқ ишдан бўшатилди.

Ўқувчига берилган эски ноутбук янгисига алмаштириб берилди.

Антикоррупция агентлиги “Sevimli” атрофидаги манфаатлар тўқнашувини ўрганмоқда

Кинематография агентлиги матбуот котиби Нозим Сафари Sevimli телеканалида намойиш этилган "Сабрия" ва "Дайди қизнинг дафтари" сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини Озодликка айтганди. 

Ўзбекистоннинг Антикоррупция агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлигини текширмоқда.

Агентликнинг билдиришича, манфаатлар тўқнашуви ва фильмларни яратиш учун субсидиялар ажратишда эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича суриштирув бошланган.

"Газета.uz" нашрининг Антикоррупция агентлиги матбуот котиби Дурдона Очиловага таяниб хабар беришича, "манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги, давлат харидлари, шунингдек, субсидиялар ажратишда эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича" ўрганиш ва суриштирувлар олиб борилмоқда.

Пайшанба куни Sevimli телеканали таъсисчиларининг қарори билан телеканал бош директори вазифасини бажарувчи Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиев эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўзи эса телеканал кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланди.

Бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар янграган.

Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Аввалроқ, Кинематография агентлиги матбуот котиби Нозим Сафари Sevimli телеканалида намойиш этилган "Сабрия" ва "Дайди қизнинг дафтари" сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини Озодликка айтганди.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларида ҳам таълим онлайнга ўтказилди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ортидан Олий таълим вазирлиги ҳам 24 январь кунидан таълим муассасаларида ўқишлар масофадан олиб борилиши ҳақида расман маълум қилди.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ кунлик рақамлар ортиши ортидан вазирлик шундай қарорга келган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 21 январь куни 1390 кишида коронавирус аниқланган.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифига асосан коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши юқорилигини эътиборга олган ҳолда барча олий (давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар) ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейларда (барча таълим шакллари ва турлари бўйича) жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, бир ой муддат давомида таълим олиш тизими масофавий (онлайн) шаклда олиб борилади", - дейилади Олий таълим вазирлиги баёнотида.

Бу йил олий ўқув юртларида қишки таътил 24 январга узайтирилган. Талабаларга авиа ва темир йўл чипталари олишда чегирмалар ваъда қилинган эди.

Қўшимча қилинишича, темир йўл чипталари учун 50 фоиз чегирмалар сақлаб қолинади ва 24 февралга қадар авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилади.

"Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, сиздан йўл чипталарини алмаштиришни бир ойлик муддат давомида қайтиш санаси аниқ бўлгандан кейин шошмасдан амалга оширишингизни сўраймиз!" дейилади вазирлик баёнотида.

Бундан олдинроқ Халқ таълими вазирлиги 24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилганди.

Ўзбекистонда коронавирус бўйича антирекорд қайд этилди, 4 бемор вафот этди

Ўзбекистонда қаторасига тўртинчи кун коронавирус юқтирганлар сони бўйича антирекорд қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда 21 январь куни — суткада 1390 кишида коронавирус аниқланган.

Шундай қилиб, мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 212 289 нафарга етди, деб хабар берди вазирлик.

Матахассислар касалланганларнинг асл сони расмий рақамларда анчайин кўп бўлишини айтишади. Шу ой бошида Ўзбекистонда коронавируснинг тез тарқалувчи омикрон штамми аниқланган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Касалликдан вафот этганлар сони 1536 нафарни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, ўтган бир сутка ичида 289 нафар кишида пневмония аниқланган.

ИИББ Тошкентда ўқ узилгани билан боғлиқ ҳодисага изоҳ берди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳар ИИББ таниқли блоггер Никита Макаренконинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ўқ отилганига доир видео лавҳаси юзасидан изоҳ берди.

Маълум бўлишича, 20 январь куни пойтахтнинг Феруза массивида 32 яшар З.С. аввал ҳаракатланаётган ВАЗ-2199 автомобили ғилдиракларини тепган, сўнг унга пневмотик қуролдан ўқ узган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, мазкур ҳолат 37 яшар Г.А. га нисбатан рашк оқибатида содир этилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида шов-шув бўлган видео лавҳада кўк костюмдаги шахснинг ғазабнок ҳолатда автомобилни тепгани ва сўнг унга ўқ узгани кўринади.

“Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда” дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарномасида.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарларидан бири ишдан олинди

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов лавозимидан четлатилди. Унинг истеъфоси билан боғлиқ тафсилотлар очиқланмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати Озодликнинг бу борадаги саволини изоҳсиз қолдирди.

Япониянинг Нагоя университети битирувчиси бўлган 41 яшар Абдулла Азизов Даниядаги Орхус университетида магистирлик даражасини олган. Сўнг Европадаги "Маэрск А/С", "ДОНГ Energy А/С", "Carлсберг А/С", "Имплемент консалтинг group", "Vestaс А/С" ҳамда "Данфосс"си сингари ширкатларда фаолият олиб борган.

2019 йилда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланган Азизов бир йиллик солиқчилик амалиётидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланганди. Эндиликда унинг қандай лавозимни эгаллашига оид маълумотлар йўқ.

“O`zbekiston 24” телеканали хабарига кўра, шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Беҳзод Мусаев бошчилигидаги янги раҳбарияти мамлакат бўйлаб тиббий муассасалар ҳолатини кўздан кечириш, аҳоли репродуктив саломатлиги билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида вилоятларга сафар қилган.

Мирзиёев давлатга қарашли 23 та корхона акцияларини сотиш ҳақида топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев масъулларга мамлакатдаги 23 та акциядорлик жамияти акцияларини бирламчи сотиш орқали фонд бозорига чиқариш ҳақида кўрсатма берди. Мазкур топшириқ, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 20 январь куни Ш. Мирзиёев раислигида давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида берилган.

Хабарномада президент айнан қайси корхоналарни назарда тутганига аниқлик киритилган эмас. Бироқ видеоселекторда “Фарғонаазот”, “Бектемир спирт заводи”, “Қўқон биокимё”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Кварц”, Hyatt сингари йирик мажмуаларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги урғуланган.

Шунингдек, йиғилиш чоғида, президент топшириғи билан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқлангани, нефть-газ тармоғида 210 та, алоқа соҳаси корхоналарида 152 та, давлат тижорат банкларида 114 та, кимё тармоғида 44 та, энергетикада 28 та сотиладиган бино борлиги, вилоят ҳокимликлари балансида ҳам 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай тургани айтилган.

Ш. Мирзиёев ҳудудий объектлар ва ноқишлоқ ерларни хусусийлаштириш орқали йил якунигача жами 8 триллион сўмдан зиёд тушумни таъминлаш мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, у масъуллар олдига бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифасини қўйган.

Президент йўл, транспорт, нефт-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтган.

“Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин”, деган Ш. Мирзиёев бош вазир А. Ариповга “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш вазифасини топширган.

Президент Ш. Мирзиёев ўтган йил баҳорида “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган, мазкур ҳужжатга илова ўлароқ 2021—2023 йиллар мобайнида акциялари биржага чиқарилажак 15 та йирик ширкат рўйхати тасдиқланган эди.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар сони 210 минг нафардан, қурбонлар сони 1530 нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2022 йил 20 январь ҳолатига кўра, 210 минг 899 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, пайшанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларида жами 1321 кишининг коронавирус юқтириб олгани аниқланган. Бу эса пандемия бошидан бери мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича янги аксилрекорд қайд этилганини англатади.

Вирус юқтириб олиш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб бораётгани Ўзбекистонга Omicron штаммининг кириб келиши билан боғланмоқда.

Кеча мамлакат бўйлаб 466 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 201 минг 712 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 532 нафарга етганини қўшимча қилган.

Икки йилдан сўнг Ўзбекистонда 200 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилади

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов

Ўзбекистон Марказий банки 2024 йилдан эътиборан 200 минг сўмлик купюра чиқаришни режалаяпти. Бу ҳақда, маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, МБ раиси Мамаризо Нурмуродов 20 январь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида билдирган.

“Биз 2024 йилда 200 минг сўмлик чиқаришни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини ҳам амалга оширяпмиз”, дея иқтибос келтирган М. Нурмуродов сўзларидан “Дарё” нашри.

Мулозим келажакда 1000 сўмлик банкнотлардан воз кечилиб, унинг ўрнига шу қийматдаги танга чиқарилишини ҳам қўшимча қилган.

МБ қайдича, Ўзбекистонда ўтган йилларда муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайган.

“2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши – 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 000 сўмликнинг улуши – 15,7 фоиздан 14,5 фоизга, 5 000 сўмлик – 16,1 фоиздан 12,7 фоизга, 1 000 сўмгача – 2,1 фоиздан 1,4 фоизга тушди. Шунингдек, 2 000 сўмлик (0,3 фоиз) ва 20 000 сўмлик (2,1 фоиз) намунадаги банкнотлар муомалага киритилди”, дейилган Марказий банк ҳисоботида.

Қишки таътилдан сўнг ўқувчилар ва талабалар бир ой давомида онлайн таълим олади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда қишки таътил кунлари тугайдиган 24 январдан бошлаб барча мактаблар (шу жумладан президент мактаблари), лицейлар, олий ва профессионал таълим муассасаларида таълим жараёни бир ой давомида “онлайн” шаклда олиб борилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматлари маълумот тарқатишди.

Мазкур қарор коронавирус янги штаммининг болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши хавфини олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилингани айтилмоқда.

ХТВ қайдича, масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун дарслар МТРК телеканаллари ҳамда “Онлайн мактаб” телеграм канали орқали бериб борилади, дарслар жадвали эса кунлик равишда “Онлайн мактаб” телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эса талабалар учун темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирмаларини сақлаб қолиш ҳамда 2022 йил 24 февралига қадар авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилишини билдирган.

Аввалроқ ҳар икки вазирлик Ўзбекистондаги мактаблар ва ОТМларда қишки таътил 24 январгача давом этиши ҳақида эълон қилган эдилар.

Президент Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан берди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 январда ўтган видеоселекторда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга давлат активларини хусусийлаштиришни суст даражада олиб бораётгани учун ҳайфсан берди. Бу ҳақда президент матбуот колтиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Президентнинг айтишича, мазкур вилоятларда давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар суръати қониқарсиздир. Вилоят ҳокимликлари балансида йиллар давомида 170 га яқин бўш объектлар сотилмасдан турибди.

Видеоселектор давомида хусусийлаштиришни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун Давлат активлари агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари ҳамда “Ўзагросервис” жамияти раиси Р. Хайитов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG