Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Ўзбекистондаги энг йирик энергетик компанияларни бошқариш ҳам Шодиев гуруҳига тендерсиз берилган


SFI Management Group мулкдори экани айтилган Қобул Шодиев(ўнгда) Ўзметкомбинат бошқарувининг 8 сентябрь куни вафот этган раиси Сергей Вьюненко (орқада) билан.
SFI Management Group мулкдори экани айтилган Қобул Шодиев(ўнгда) Ўзметкомбинат бошқарувининг 8 сентябрь куни вафот этган раиси Сергей Вьюненко (орқада) билан.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида ишловчи мулозимнинг шахси сир қолиш шарти билан Озодликка билдиришича¸ кейинги уч йил ичида мамлакатдаги энг йирик саноат ва энергетика корхоналаридан камида олтитаси SFI Management Group ишончли бошқарувига топширилган.

Ўзбек ва Россия матбуоти SFI Management Groupнинг асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли экани ҳақида ëзгани ортидан Усмонов унинг асли жиззахлик яна бир миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиевники экани¸ айни пайтда ўзининг бу гуруҳ билан бирга ишлашини билдирган эди.

2017-2018 йиллари Ўзбекистон металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Тошкент металлургия заводи Вазирлар Маҳкамаси ва президент қарорлари асосида айни йилда таъсис этилган SFI Management Group ишончли бошқарувига берилди.

Айни пайтда¸ мамлакат энергетика секторидаги стратегик уч корхона бошқарувининг ҳам айни гуруҳга топширилгани ҳақида маълумот ҳозиргача жамоатчиликка очиқланган эмас.

Бу корхоналарнинг SFI Management Group ишончли бошқарувига берилганини 14 сентябрь куни компаниянинг Озодлик боғланган мулозими тасдиқлади.

Бу мақола эълон қилиши ортидан "Шодиев Xалқаро фонди" намояндаси Озодликка Фаттоҳ Шодиевнинг SFI Management Groupга на бевосита¸ на билвосита алоқаси борлигини билдирди.

10 сентябрь кунги йиғилиш

8 сентябрь куни Ўзбекистон Металлургия комбинати – "Ўзметкомбинат" бошқаруви раиси¸ 42 яшар Сергей Вьюненко вафот этди. Комбинатнинг бу ҳақдаги расмий билдирувида¸ Вьюненконинг “узоқ хасталикдан” вафот этгани айтилсада¸ "Ўзметкомбинат" ишчилари қандли диабет касалига чалинган директорнинг коронавирусдан ўлганини иддао қилди.

Вьюненко¸ "Ўзметкомбинат" бошқаруви SFI Management Groupга берилгани ортидан¸ мазкур гуруҳ томонидан бу йирик корхонага олиб келинган.

10 сентябрь куни SFI Management Group мулкдорларидан бири Қобул Шодиев Ўзметкомбинатда ўтказилган йиғинда Вьюненко ўрнига янги тайинланган раҳбарни таништирган.

Бу мажлис тафсилотидан хабардор ҳукумат мулозимига кўра¸ янги бошқарув раиси этиб Жаҳонгир Мустафаев тайинланган.

Айни мажлисда¸ хавфсизлик хавотирлари боис шахси сир қолишини сўраган ҳукумат мулозимига кўра¸ Қобул Шодиев SFI Management Group бошқарувидаги бошқа компанияларга ҳам тўхталган.

Шодиев "Ўзметкомбинат"¸ Олмалиқ кон-металлургия комбинати¸ Ўзвторцветмет¸ Тошкент металлургия комбинатидан ташқари¸ “Ўзбеккўмир”¸ Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станциялари бошқаруви ҳам SFI Management Groupда эканини билдирди”¸ дейди мажлис тафсилотидан хабардор мулозим.

Мирзиëев даврининг ишончли бошқаруви - ишонч асосан битта компаниягами?

Шавкат Мирзиëев президентликка келгач¸ бошқарувнинг Ўзбекистонда аввал кўрилмаган шакли "тажриба тариқасида" амалиëтга киритилди ва давлат компанияларини хусусий тадбиркорлик субъекти "ишончли бошқаруви"га бериш бошланди.

Адлия вазирлиги берган расмий изоҳга кўра¸ "бу–давлат мулкидан ташкил топган ҳамда амалда давлат идорасининг бошқарувида бўлган мол-мулкни тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарувга топширишдир.

Бундай "ишонч" билдирилган" хусусий тадбиркорга давлат мулки бўлган компанияни "мустақил равишда эркин иқтисодий қонуниятлари асосида ҳамда давлат органларининг таъсиридан мутлақо холи ҳолда бошқариш" ваколати берилди.

Бундай тажриба жорий этилиши ортидан 2017-2018 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ва президент қарорлари билан Марказий Осиëдаги энг йирик металлургия заводи саналган "Ўзметкомбинат"¸ шунингдек Олмалиқ кон-металлургия комбинати¸ Ўзвторцветмет заводини бошқариш¸ қолаверса Тошкент металлургия комбинатини қуриш SFI Management Groupга берилди.

Бу қарорларда мамлакатнинг энг йирик саноат объектларидаги давлат улушининг нима учун айнан 2017 йил январида таъсис этилган хусусий МЧЖ ишончли бошқарувига берилганига изоҳ берилмаган.

Энергетика компанияларининг SFI Managemеnt Groupга берилгани нега очиқланмади?

Ўзбекистондаги энг йирик¸ сердаромад металлургия компанияларининг SFI Management Groupга берилгани расман эълон қилинган бўлса¸ энергетик секторидаги белгиловчи объектлар саналадиган “Ўзбеккўмир”¸Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станциялари бошқарувининг ҳам айни гуруҳга берилгани ҳақида ҳозиргача жамоатчиликка билдирилган эмас.

Маҳаллий матбуотда¸ бу учала компаниянинг 2019 йили рўйхатдан ўтган Central Asia Energy МЧЖга берилгани айтилди¸ аммо унинг SFI Management Groupга аффилланган ширкат экани ҳақида лом-мим дейилмади.

Мамлакат бюджетининг камида 10 фоизини бериб келган бу давлат компаниялари нега ëппасига битта қўлга - SFI Management Groupга берилди? Агар бу компаниялар бошқарувини яхшилаш зарурати¸ қарорларда иддао қилинганидек¸ чиндан ҳам бўлса¸ нега бу жараëн очиқ ва шаффоф бўлмади. Бир қисми Бош вазир ва президентнинг бирор жўяли асос келтирилмаган қарорлари¸ бошқаси махфий фармонлар орқали на ўтмиш тажрибаси¸ на давлат активларини бошқариш малакаси бўлмаган бир неча ойлик гуруҳга берилди? Нега очиқ ва ҳалол тендер ўтказилмади? “¸ деди Озодликка маълумот юборган ҳукумат мулозими.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра¸ Ўзбекистон металлургия ва энергетика секторининг энг йирик ишлаб чиқарувчиларини бошқариш берилган SFI Management Group¸ айни пайтда¸ Ўзбекистонда энг кўп тухум чиқарадиган «Ўртачирчиқпарранда» компаниясининг 84 фоизи¸ «Ўзхимфарм» компаниясининг 74% акцияларини ҳам бошқармоқда. Бу ҳақда 2018 йил август ойида Тошкент биржаси расман маълум қилган.

Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСнинг SFI Management Group бошқарувида экани очиқ сир

2020 йилнинг 15 июнь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги “Янги Ангрен ИЭС” АЖ, “Ангрен ИЭС” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ тармоқ корхоналарининг “Central Asia Energy” МЧЖ ишончли бошқарувига берилганини эълон қилди.

Агентлик хабарида Ўзбекистон энергетика соҳасидаги бу учала йирик давлат корхонасининг нега айнан 2019 йил июнида таъсис қилинган “Central Asia Energy” МЧЖга берилгани¸ янги бошқарувчини танлаш учун очиқ тендер бўлган-бўлмагани ҳақида бирор изоҳ берилмади.

Газета.уз нашри чоп этган давлат қайди ҳужжатига кўра¸ бу МЧЖ таъсисчиси (100 фоиз) «Горные работы». Қозоғистонда 2018 йили масъулияти чекланган шерикчилик – ТОО мақомида таъсис этилган бу ширкатда¸ регистрация ҳужжатларига кўра¸ 5 нафар ходим ишлайди.

Расмий ҳужжатларда на Ўзбекистондаги энг йирик энергетик корхоналарни бошқариш топширилган “Central Asia Energy” МЧЖси¸ ва на унинг таъсисчиси бўлган «Горные работы» ТООнинг SFI Management Groupга алоқаси борлиги кўрсатилмаган.

Лекин “Central Asia Energy” МЧЖси регистрация ҳужжати охирида берилган манзил бу алоқaдорликни намоëн қилади. Келтирилган манзил – Бунëдкор шоҳ кўчаси¸ 42/1-уй. Айни манзилда¸ ўз расмий сайтига кўра¸ SFI Management Group жойлашган.

SFI Management Group ва Central Asia Energry МЧЖсининг расмий манзили бир хил.
SFI Management Group ва Central Asia Energry МЧЖсининг расмий манзили бир хил.

Айни шунингдек¸ Давлат активларини бошқариш агентлиги ва ҳукумат қарорларида “Янги Ангрен ИЭС” АЖ, “Ангрен ИЭС” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ ишончли бошқарувига SFI Management Group жалб этилгани тилга олинмаган.

Аммо Ангрен ва Янги Ангрен ИЭС расмий сайтларида “Акциядорлар учун” деб тақдим этилган маълумотларга қаралса¸ ҳар иккала компания фаолиятини бошқарувчи Кузатув кенгашида SFI Management Group раҳбари Қобул Шодиев ва гуруҳнинг яна икки намояндаси борлиги кўрилади.

Бундан ташқари¸ Янги Ангрен ИЭС расмий сайтида келтирилган “афилланган шахслар рўйхати” (компания фаолиятига таъсир ўтказиш ваколатига эга шахслар - таҳр.) га яна Қобул Шодиев ва SFI Management Groupнинг икки вакили киритилган. Бу гуруҳ ва унинг уч вакили мазкур ИЭСлар бошқаруви кенгашига қайси асосда киритилгани ҳақида бирор изоҳ берилган эмас.

11 ва 14 сентябрь кунлари Озодлик SFI Management Groupнинг Тошкентдаги бош офисига қўнғироқ қилиб¸ "Ўзбеккўмир"¸ Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСнинг мазкур компания ишончли бошқарувида эканига оид маълумотга ойдинлик киритишга уринди.

14 сентябрь куни Озодлик билан гаплашган мулозим учала энергетик компаниянинг ҳам айнан SFI Management Group ишончли бошқарувида эканини тасдиқлади. Айни пайтда¸ бу бошқарувнинг қайси асосда берилгани¸ гуруҳнинг мазкур компанияларни қандай бошқараëтгани ҳақида маълумот берилмаслигини билдирди.

Ўзбекистондаги давлатга қарашли энг йирик металлургия ва энергетика корхоналарининг нима учун¸ қайси асосда айнан битта гуруҳ - SFI Management Groupга берилгани ҳақида Озодлик 11 сентябрь куни оғзаки ва ëзма тарзда берган саволларга Давлат активларини бошқариш агентлиги Ахборот хизмати жавоб бергани йўқ.

SFI Management Group кимга қарашли?

SFI Management Group¸ маҳаллий матбуотда берилган расмий хабарларга кўра¸ Ўзбекистонда 2017 йил январида¸ Шавкат Мирзиëев президентликка сайланиши ортидан таъсис этилган.

Расмий сайтида компаниянинг хорижий МЧЖ экани ва “корхоналарни бозор муносабатларига мослаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, хорижий мутахассислар ва инвестицияларни жалб қилишда фаол иштирок этиш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган”и иддао қилинган.

Очиқ бозор шароитида замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш”ни даъво қилган гуруҳ расмий сайтида на унинг таъсис ҳужжатлари¸ на кимга қарашли экани ëхуд бошқарувчиларига оид бирор маълумот йўқ.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги энг йирик ва сердаромад давлат компанияларини бошқаришни ҳеч бир рақобатсиз қўлга ола бошлаган бу гуруҳ¸ маҳаллий ва Россия матбуоти хабарларида¸ асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли деб кўрилди.

Алишер Усмонов 2018 йил декабрида Forbes журналига берган интервьюсида SFI Management Group эгаси ким¸ деган саволга жавоб берган эди.
Алишер Усмонов 2018 йил декабрида Forbes журналига берган интервьюсида SFI Management Group эгаси ким¸ деган саволга жавоб берган эди.

Аммо Forbes журналининг Россия шўъбаси 2018 йил 20 декабрда чоп этган интервьюда Алишер Усмонов бу гуруҳнинг мулкдори бошқа бир ўзбек миллиардери Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиев эканини айтди. Айни пайтда Усмонов ўзининг “Металлоинвест” компанияси SFI Management Group билан ҳамкорликда ишлашини билдирди.

Бу гуруҳ фаолиятидан яхши хабардор тошкентлик тадбиркор¸ шахси сир қолиш шарти билан¸ компания номидан унинг асл эгаси Қобул эмас¸ Фаттоҳ Шодиев эканини иддао қилди.

"SFI - менинг билишимча Shodiyev Fattoh International сўзларининг бош ҳарфларидан тузилган. Қобул Шодиевга расмийлаштирилган¸Тошкентда уни Қобул Шодиев бошқаради¸ лекин асл эгаси Фаттоҳ Шодиев экани айтилади. Бу гуруҳ фаолиятида Алишер Усмоновнинг ҳам фаол эканини ҳамма билади. Шунинг учун ҳатто "Ўзбекистон 24" канали ҳам бу гуруҳ фаолияти ҳақидаги лавҳада Шодиевдан кўра кўпроқ Усмонов ҳақида гапирган эди"¸ дейди бу тадбиркор.

"Ўзбекистон 24" давлат телеканали 2018 йил август ойида намойиш қилган "Дахлдорлик туйғуси" деб номланган кўрсатувда¸ президент Мирзиëев Ўзбекистон металлургия комбинатини¸ бевосита Алишер Усмонов тавсияси билан "бу соҳада улкан тажрибага эга бўлган" (2017 йилда тузилган - таҳр.) SFI Management Group бошқарувига топширгани айтилган эди.

Ушбу мақола эълон қилиниши ортидан "Шодиев Халқаро фонди" Озодликка ëзма мурожаат қилиб¸ Фаттоҳ Шодиевнинг SFI Management Groupга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини иддао қилди.

«Фаттоҳ Қаюмович Шодиев ва унга қарашли структуралар (2020 йил 18 сентябрь кунги Озодлик мақоласида ëзилганидек) Ўзбекистондаги йирик энергетик компанияларнинг SFI Management Group ишончли бошқарувига берилишига на бевосита¸на билвосита алоқаси бор. Ф.Қ. Шодиевнинг SFI Management Group фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ¸ бу гуруҳ акциялари эгаси эмас ва бу компания бошқарувида бирор шаклда иштирок этмайди.

Ўзбекистан ҳудудида Фаттоҳ Қаюмович Шодиев "Ўзбекистондаги Шодиев Халқаро фонди" орқали фақат хайрия фаолияти билан шуғулланади"¸ дейилади Озодликка "Шодиев Халқаро фонди" расмийсидан 24 сентябрь куни келган ëзма шарҳда.

Мирзиëев ҳокимиятга келгач Ўзбекистонда бизнеси гуллаëтган Шодиевлар ким?

Шароф Рашидов даврида Ўзбекистондаги энг йирик пахта тозалаш заводини бошқарган Қаюм Шодиев ўғиллари номи ўзбекистонликларга асосан миллиардер Фаттоҳ Шодиев туфайли танилган. Асли жиззахлик Фаттоҳ Шодиев¸ 1976 йили Алишер Усмонов билан бирга Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО)ни тугатган. Асосий бизнес фаолиятини Қозоғистондаги кон-металлургия соҳасида бошлаган. Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида Ўзбекистонда бирор бизнес билан шуғуллангани ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ.

Ўзбекистонлик яна бир миллиардер Алижон Ибрагимов ва исроиллик Александр Машкевич билан биргаликда 1994 йили тоғ-кон соҳасидаги йирик халқаро корпорация Eurasian Natural Resources Corporation (ENRC) га асос солган.

Бу корпорация 2007 йилда ўз акцияларини Лондон фонд биржасида сотишни йўлга қўйган. Британия матбуотига кўра¸ кўп ўтмай бу компания мамлакат биржасидаги энг қиммат корпорацияга айланиб¸ унинг акциялари баҳоси 20 миллиард долларга чиққан.

Халқаро молия майдонидаги нуфузли нашрлардан саналган Financial Times газетасига кўра¸ 2013 йили Британиядаги жиддий фирибгарликлар¸ порахўрлик ва катта миқдордаги коррупцияни тергов қилувчи Serious fraud office (SFO) ENRC фаолиятини тафтиш қилишга киришган. Шодиев-Ибрагимов-Машкевич (Ғарбда трио деб танилган-таҳр.) учлигига қарашли корпорациянинг Африкадаги конларни қўлга киритиш жараëнидаги коррупция айблови 7 йилдан бери давом этаëтган бу тергов марказига қўйилган.

Британиядаги таниқли адвокатлик фирмаларини ëллаган корпорация бу айбловларни инкор қилиб келади.

Айни пайтда 2013 йилда ўз фаолияти Британия прокурорлари эътиборига тушиши ортидан ENRC Лондон биржасидан чиқиб кетган ва номини ҳам Eurasian Resources Group деб ўзгартирган. Фаттоҳ Шодиев ҳозирда бу гуруҳнинг қарийб 19 фоиз акциялари эгаси.

Forbes журналининг 2019 йилги ҳисобича¸ 2.1 миллиард доллар бойлик эгаси бўлган Фаттоҳ Шодиев Бельгия фуқароси¸ асосан Қозоғистонда яшайди.

2 сентябрь куни бу трио номи яна Британия матбуоти эътиборига қайтди. Бунга эса¸ корпорациянинг Африкадаги фаолиятини бошқарган икки собиқ менежернинг Америкадаги сирли ўлими юзасидан тергов бошлангани сабаб бўлди.

Financial Times газетасининг 2020 йил 2 сентябрь кунги сонида ўзбекистонлик икки олигарх асос солган корпорация собиқ менежерларининг сирли ўлими АҚШ Федерал тергов бюроси томонидан тергов қилинаëтгани билдирилди.
Financial Times газетасининг 2020 йил 2 сентябрь кунги сонида ўзбекистонлик икки олигарх асос солган корпорация собиқ менежерларининг сирли ўлими АҚШ Федерал тергов бюроси томонидан тергов қилинаëтгани билдирилди.

Жорий йил апрелида Тайга.инфо нашри билан суҳбатда Фаттоҳ Шодиев ҳозирда Ўзбекистонда ўзининг “ҳеч қандай бизнеси йўқлиги”¸ ватанида фақат хайрия билан шуғулланиб келаëтганини билдирди.

Шодиев халқаро фонди” ижтимоий соҳани такомиллаштириш билан машғул. Медицина ва таълим соҳасидаги асосий муаммолар ҳал қилинмоқда”¸ деган Шодиев¸ айни пайтда “бошқа бизнесменлар билан” бир нечта йирик лойиҳалар” режасида борлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG