Линклар

Шошилинч хабар
12 июл 2020, Тошкент вақти: 19:02

Андижонда ҳокимлик буюртмаси билан уй қурган усталар 9 ойдан буён иш ҳақини ололмаяпти


Усталар Хонобод шаҳрида фермерларга уй қурмоқда. 2019 йилги расм.

Андижон вилоят, Хонобод шаҳрида фермерлар учун дала ҳовли қуриб берган усталар Андижон туман ҳокимлиги ваъда қилган 40 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақини ололмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган жалақудуқлик устабоши Сарварбек Юлчиевнинг айтишича, Андижон туман ҳокими ўринбосари Дониёр Абдурашидов усталарга оғзаки шартнома бўйича ваъда қилинган пулни бермаган ва бу иш ҳақини уйлари қурилган фермерлардан ундиришни маслаҳат берган.

Устабошининг вилоят ҳокимлиги ва Бош прокуртатурага қилган шикоятлари натижасиз қоляпти.

Андижон туман ҳокими ўринбосари Дониёр Абдурашидов Озодлик билан гаплашишни истамай, телефонини ўчириб қўйди.

Жалақудуқ туманининг Тешиктош қишлоғида яшайдиган 37 яшар устабоши Сарварбек Юлчиевнинг айтишича, улар Хонобод шаҳрида Андижон туманилик фермерларга қуриб берган дала ҳовлилар учун тўққиз ойдан буён иш ҳақини ололмайди:

Ўзимиз адирни текислатиб нолдан бошлаб уй қурдик.


- Хонобод шаҳрида дала ҳовли қурган эдик. Ҳокимиятларга бўлиб берган эди. Андижон туман ҳокимининг қурилиш бўйича биринчи ўринбосари Дониёр Абдурашидов билан оғзаки шартнома қилган эдик. Ўзимиз адирни текислатиб нолдан бошлаб уй қурдик. 2019 йилнинг ёз ойларида ишладик. Лекин охирида 36 миллион 800 минг сўм пулимизни бермади. Кейин вилоят прокуратурасига арз қилсак, улар арзимизни қабул қилмади, судга боринглар деди. Вилоят ҳокимига, Бош прокуратурага арз қилдик, ҳеч ким ёрдам бермади.

Усталарнинг айтишича улар ишни ерни текислаб, пойдевор қўйишдан бошлаган.. 2019 йилги расм.
Усталарнинг айтишича улар ишни ерни текислаб, пойдевор қўйишдан бошлаган.. 2019 йилги расм.

Устабошининг айтишича, уй қурилишида уларга ҳеч қандай техник ёрдам ҳам берилмаган:

Бундан ташқари тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг дачасини қуришда ҳам ишладик.


- Ўзимиз бульдозер, экскаватор олиб келиб ерларни текислатганмиз, ҳаммасини ўзимиз қилганмиз. Олиб келган материаллари тугаб қолганда, олиб беринглар десак, ўша ердан насияга олиб туринглар, борганда берамиз дейишган. Мен у-бу материални насияга олаверганман. Кейин ҳамма жойдан қарз бўлиб кетдим. Қурилиш тугаяпти ҳам пулнинг қолган қисми йўқ. Кейин материал ҳам йўқ, пул ҳам йўқ, ташлаб чиқиб кетдик. Фақат отделкаси қолган эди. Бундан ташқари тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг дачасини қуришда ҳам ишладик. Унинг ҳам 6 миллион сўм қарзи бор. Ҳоким ўринбосари қурувчилик фирмаси очсанг объект бераман деганига у пулни аризамизга киритмаган эдик. Энди билсак алдаган экан.

Усталарнинг ёзган аризаларига фермерга мурожаат қилинглар деб жавоб берилган.
Усталарнинг ёзган аризаларига фермерга мурожаат қилинглар деб жавоб берилган.

Сарварбек Юлчиевнинг айтишича, ҳоким ўринбосари пулни фермерларнинг ўзларидан ундириб олинглар, деб айтган:

Бизнинг битта хатомиз ҳокимият билан ёзма шартнома қилмаганимизда, ҳоким ўринбосари лафз қилди, деб унга ишонганимизда.


- Биз сиз билан келишганмизку, десам, мен билмайман, бориб фермерларнинг ўзидан ол, дейди. Фермерлардан сўрасак, биз пулини давно ўтказиб қўйганмиз, дейди. Бизнинг битта хатомиз ҳокимият билан ёзма шартнома қилмаганимизда, ҳоким ўринбосари лафз қилди, деб унга ишонганимизда. Вилоят ҳокими келиб, қилаётган ишларимизни кўриб, раҳмат бу йигитларга, қўй сўйиб беринглар” деб кетган эди. Тўғри қўй ҳам сўйилди, лекин раҳбарларнинг ўзлари еб кетди ўша қўйни ҳам.

Усталар Хонобод шаҳрида фермерларга уй қурмоқда. 2019 йилги расм.
Усталар Хонобод шаҳрида фермерларга уй қурмоқда. 2019 йилги расм.

Устабоши Андижон тумани учун 9 та, ундан аввал эса Хўжаобод туманида 27 та уй қуриб беришганини қўшимча қилди:

- Хўжаободлик раҳбарлар мард экан. Ҳеч бир муаммосиз, айтган вақтида келишган пулимизни берди. Булар эса қасамхўр экан.

Сарварбек Юлчиевнинг айтишича, Андижон туман ҳокимлиги улардан 42 миллион 200 минг сўм, шундан 6 миллион сўми туман ҳокими Улуғубек Исомиддиновнинг дала ҳовлисида қилинган ишлар учун, қарздор.

Устабоши Сарварбек Юлчиев.
Устабоши Сарварбек Юлчиев.

Озодлик устабошининг иддаоларига муносабат олиш учун Андижон туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Дониёр Абдурашидов билан боғланди.

Ҳоким ўринбосари Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётганимизни эшитиши биланоқ алоқани узиб, телефонини ўчириб қўйди.

Туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновни топиш имкони бўлмади.

Андижон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири, Хонобод шаҳрида дала ҳовли учун ўтган йили унинг ҳисобидан мажбуран 45 миллион сўм ўтказилганини тасдиқлар экан, бундай деди:

Бизнинг тумандан Хонободгача 70 километр. Шунча жойга ким боради у ёққа.


“Бу ишлар кўзбўямачилик учун қилинди. Андижонда кам таъминланган оилалар учун мана шунча уй қуриб битказилди, деган ҳисобот бериш учун. Аслида уйни тамоман қуриб калитини берамиз дейишганди, лекин фақат деворини кўтариб томини ёпиб беришди, қолганини ўзимизнинг ҳисобимиздан қилдик. Хуллас, бизга 70-80 миллион сўмданга тушган. Иккинчидан, бизнинг тумандан Хонободгача 70 километр. Ҳозир дала ҳовлида уйлар битган, эшигига қулф солиб қўйганмиз. Шунча жойга ким боради у ёққа. Бу уйни нима қилишимни билмай турибман, яхши харидор чиқса сотиб юбораман”.

Андижон вилоят, Хонобод шаҳридаги “дала ҳовли”ларни фермерлар сотиб олишга мажбурлангани ҳақида Озодлик 2019 йилда бир неча бор хабар берган эди.

2019 йилнинг июлида Андижон туманидаги фермерлар буғдойдан тушган даромад пулига 70 километр узоқликдаги Хонобод шаҳридан кам таъминланган оилалар учун қуриладиган дала ҳовлилардан сотиб олишга мажбурланган эди.

Ўтган йилнинг августида эса, Пахтаобод туманидаги фермерлар туман ҳокими уларни 70 километр узоқликдаги Хонобод шаҳрида “дала ҳовли” қуришга пул бермагани учун жазолагани ҳақида шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG