Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:15

Фермерларга мажбуран сотилган дала ҳовлиларни қуриш ҳам уларнинг ўзига юкланди


Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар
Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар

Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги “дала ҳовли”ларни қуриш бу уйларни олишга мажбурланган фермерларнинг ўзига юкланди.

Ўтган ой фермерлар қурилиши бошланмаган бу "дала ҳовли"ларни 45 миллион сўмдан сотиб олишга мажбурланган ва уларга битган уйнинг калитини топшириш ваъда қилинган эди.

Аммо вилоят ҳокимлиги 19 августга келиб¸ бу қурилишга маблағ йўқлиги иддаоси билан¸ уни қуришни фермерларнинг ўзига топширган.

20 август куни Андижон вилояти ва тумани ҳокимлиги мулозимлари Озодликнинг бу хабар билан боғлиқ саволларига жавоб беришни истамади.

Хонободда қурилаётган Андижон тумани "дала ҳовли"лари
Хонободда қурилаётган Андижон тумани "дала ҳовли"лари

Ҳокимият тазйиқидан қўрқиб 20 август куни Озодлик билан исми сир қолишини сўраб гаплашган андижонлик фермер, ўтган ой ўзларига мажбуран сотилган дала ҳовлини қуриш ҳам энди ўзларига буюрилганини хабар қилди.

“Туман ҳокими буғдойдан яхши даромад кўрган фермерларни Хонободдан уй олишга мажбурлаган эди. Хонобод ҳаволи, яхши жой, дача бўлади, бориб дам олиб келасизлар, 45 миллион сўм ўтказсаларинг бўлди, қурувчилар ўзи “от и до” қуриб, калитини сизларга топширади, деб ҳоким айтган эди. Уйдан 50-60 километр узоқда бўлса ҳам, мажбурликдан олган эдик. Энди эса, буғдой пули ҳали тушмаяпти, қурилиш кеч қолаяпти, ўзларинг бориб қурилишга ёрдам беринглар, деб мажбурлаяпти”¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермернинг айтишича, Андижон туманидан қарийб ўттиз нафар фермер айни кунларда ўз ишини ташлаб, қурилиш материалларига пул бериш устига Хонободга қатнаб усталарга тушлик ва кечки овқат беришга ҳам мажбур қолган.

“Биз ҳозиргача ўз ёнимиздан 20-25 миллиондан пул сарфлаб бўлдик. Икки миллион топамизми, уч миллионми, ўша ердаги прорабга олиб бориб бераяпмиз. У бу пулга шағал, ғишт, қум, цемент олиб қурилишни бир амаллаб қилаяпти. Ҳоким 15 сентябргача, битказишасан¸ деб мажбур қилаяпти. Усталарга овқат ҳам қилиб бераяпмиз. Ҳамма фермерлар ҳар куни Хонободда”, дейди бу фермер.

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов Озодлик мухбирининг саволларига жавоб бермади - Озодлик сўзини эшитиши билан мобиль телефонини ўчириб қўйди.

Туман ҳокими ўринбосари Алишер Мирзакаримов ҳам айни шундай алоқани узиб қўйди ва Озодликнинг бошқа қўнғироқларига жавоб бермади.

Уйдан 50-70 километр узоқликдаги "дала ҳовли"лар

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қарори билан 2019 йил “Обод қишлоқ” дастури доирасида Қирғизистон билан чегарадош Хонобод шаҳрида 1400 та уй қуриш режаланган.

Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар
Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар

Аввалига “кам таъминланган оилалар учун” деб тақдим этилган икки сотих ерда қуриладиган икки хонали бу уйлар лойиҳаси¸ Озодлик гаплашган андижонликларга кўра¸ кўп ўтмай “дала ҳовли” деб атала бошланган. Ҳеч қандай инфратузилма йўқ қир-адирда қуриладиган бу уйларга харидор топилмагани ортидан¸ уларни сотиб олиш ўзи шундоқ ҳам асосий вақти далада ўтадиган фермерлар бўйнига қўйилган.

Андижон вилоятининг ҳар бир туманига лойиҳага киритилган 1400 та шундай уйни қуриш ва олиш маъмурий режа бўйича тақсимлаб берилган.

Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар
Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар

Озодликка келган хабарларга кўра, бу уйларни сотиб олиш фермерлар баробарида тадбиркорларга ҳам юкланмоқда.

“Бананза”, “Мўъжиза”, “Карамел” емакхоналари, “Боғишамол” меҳмонхонаси ва бошқа тадбиркорлар Хонободдаги уйлар қурилишида иштирок этишга мажбурланган ва 45 миллион сўмдан пул ўтказган”, деб ёзди Озодликка андижонлик тадбиркорлардан бири.

Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"ларда фермерлар усталарга овқат қилмоқда
Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"ларда фермерлар усталарга овқат қилмоқда

Хонободда қурилаëтган "дала ҳовли" деб аталаëтган икки хонали уйлар қурилишидан Озодликка юборилган суратларда уларнинг тап-тақир адирликда қурилаëтгани кўрилади.

Қурилиш жараëнида бевосита қатнашаëтган Озодлик суҳбатдошлари уйлар деворининг¸ асосан, шлакоблок (цемент, тош ва қум қоришмасидан тайёрланган ғишт)дан кўтарилаëтгани¸ шифер остидаги томларнинг эса лой билан сувалаëтганини билдирди.

XS
SM
MD
LG