Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:09

Фермерлар: 70 км узоқда уй қуришни истамаганимиз учун Пахтаобод ҳокими бизни жазоламоқда


Пахтаобод тумани ҳокимлиги
Пахтаобод тумани ҳокимлиги

Андижон вилоят, Пахтаобод туманидаги фермерларнинг айтишича, туман ҳокими уларни Пахтаободдан 70 километр узоқликдаги Хонобод шаҳрида “дала ҳовли” қуришдан бош тортгани учун жазоламоқда.

Фермерларнинг иддао қилишича, туман ҳокими уларни буғдой ва пахтадан уруғлик етиштирувчилар танлаб олинадиган тендердан ўтказмаслик ҳақида қишлоқ хўжалик бошқармасига оғзаки топшириқ берган.

Туман ҳокими Озодлик билан суҳбатда, уруғлик етиштирувчи фермерларнинг бу иддаосини инкор қилмади, "ҳолатни ўрганиб хабар беришини" айтди.

Пахтаобод тумани
Пахтаобод тумани

Маълум бўлишича, ҳар йили тендер ўтказилиб, унда келаси йили буғдой ва пахтадан уруғлик етиштирувчи фермер хўжаликлари танлаб олинади.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, бу йилги тендерга Пахтаобод туманидаги уч фермер хўжалиги туман ҳокимининг буйруғи билан қўйилмаслиги мумкин:

“Хонобод” шаҳридаги “дала ҳовли”лардан 54 тасини қуриш Пахтаобод тумани чекига тушган. Туман бўйича олти нафар фермер бу қурилишни бўйнига олишдан бош тортди. Шулардан биттаси менман. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчидан, бу “дала ҳовли”нинг қурилишига қарийб юз миллион сўм пул кетаркан. Менинг ортиқча бунча пулим йўқ. Иккинчидан, уйимиздан 70 километр масофадаги “дала ҳовли” менга керак эмас. Ўзи қишлоқда яшасак, ҳамма томонимиз дала бўлса, ҳовлимиз бўлса, бошимга ураманми мен уни. “Дала ҳовли” одатда қишлоқда уйи бўлмаган шаҳарликлар учун қурилмасмиди?”

Фермернинг айтишича, бу қурилишдан у бош тортгани учун туман ҳокими уни уруғчилик билан шуғулланиш тендеридан ўтказмаслик ҳақида қишлоқ хўжалиги бошқармасига оғзаки топшириқ берган:

“Биз пахта ва буғдой уруғчилиги билан шуғлланамиз. Тумандаги рентабелли фермерлармиз, режалар доим 120-130 фоиз. Ҳар йили уруғлик етиштирадиган фермерларни аниқлаш бўйича тендер бўлади. Биз тажрибамиз ва кўрсаткичларимиз бўйича ҳар йили ютиб келамиз. Кеча ҳокимиятга борсам, таниш ходимлар “ҳокимдан кечирим сўраб қўйинг, Хонободда уй қурмаганларинг учун сизларни тендердан ўтказмаслик ҳақида бошқарма бошлиғига топшириқ берди”, деди. Бошқарма бошлиғига кириб сўрасам, шундай топшириқ бўлганини тан олди”.

Ҳокимият тазйиғидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермер ҳам ҳоким Хонободдан “дала ҳовли” қурмаган фермерларни тендердан ўтказмаслик ҳақида топшириқ берганини исботловчи аудиоёзув борлигини айтди:

“Мен ҳокимлик мулозимларидан бири билан телефонда гаплашиб унинг овозини ёзиб олдим. Мулозим ҳоким уй қурмаганларни ўтказмайсан деб топшириқ берганини айтади. Ҳокимга борган эдим, қабул қилмади. Жуда қизиқ ишлар бўляпти. Масалан, туман ҳокимлигида ишлайдиган ўринбосар ва қишлоқ хўжалигига тааллуқли барча раҳбарларнинг яқин одамларида фермер хўжалиги бор. Ажабланарлиси шундаки, уларнинг бирортасига Хонободдан дача қурасан, деб айтилмаган. Одам ажратиш бўляпти”.

Пахтаобод туман ҳокими Маҳмуджон Бозоров Озодлик саволига жавоб бераркан, уруғчилик билан шуғулланадиган фермерларнинг танловдан ўтказилмаслиги ҳақида топшириқ берганини инкор қилмади:

“Хабарим йўқ, бундан. Ҳозир аниқлаб туриб бир соатдан кейин сизга ахборотини берамиз. Бир соатдан кейин қўнғироқ қилинг”.

Аммо, Озодликнинг бир соатдан кейин қилган қўнғироқларига ҳоким жавоб бермади.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қарори билан 2019 йил “Обод қишлоқ” дастури доирасида Қирғизистон билан чегарадош Хонобод шаҳрида 1400 та уй қуриш режаланган.

Аввалига “кам таъминланган оилалар учун” деб тақдим этилган икки сотих ерда қуриладиган икки хонали бу уйлар лойиҳаси¸ Озодлик гаплашган андижонликларга кўра¸ кўп ўтмай “дала ҳовли” деб атала бошланган. Ҳеч қандай инфратузилма йўқ қир-адирда қуриладиган бу уйларга харидор топилмагани ортидан¸ уларни сотиб олиш ўзи шундоқ ҳам асосий вақти далада ўтадиган фермерлар бўйнига қўйилган.

Андижон вилоят ҳокимлиги 1400 та ер участкасини туманларга тақсимлаб берган. Туман ҳокимликлари эса, ўз навбатида фермерлар ва тадбиркорларни ўз ҳисобидан уй қуришга мажбурлаяпти.

Бу йил июлда бошланган қурилишларга аввал фермерларнинг ҳисобидан 45 миллион сўмдан мажбурлаб пул ўтказиш тадбири бўлиб ўтди.

Озодликка 18 июль куни мурожаат қилган фермерлар, бу йилги буғдойдан тушган даромад ҳисобига Хонобод шаҳрида қурилаётган 2 хонали уйлардан сотиб олишга мажбурлангани ҳақида шикоят қилган эди.

Аммо, орадан қарийб икки ой ўтаётган бўлса-да, фермерларнинг банкдаги ҳисобига буғдой пули тушмади ва қурилишга маблағ ўтказилмади.

Энди, ҳокимлар фермерларни "дала ҳовли"ларни ўз ҳисобидан қуришга мажбурлай бошлади.

Бу ҳақда Озодлик 20 август куни "Фермерларга мажбуран сотилган дала ҳовлиларни қуриш ҳам уларнинг ўзига юкланди" сарлавҳали мақоласида хабар қилди.

Айни пайтда Хонободда тадбиркорлар ўтказган пул ҳисобига қурувчилар "дала ҳовли"ларни қурмоқда, пул ўтказолмаган фермерлар эса ўзлари бориб, қурилиш материаллари олиб бермоқда.

Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар
Хонободда қурилаётган "дала ҳовли"лар

Хонободдаги "дала ҳовли" деб аталаëтган икки хонали уйлар, Озодликка юборилган суратларда, тап-тақир адирликда қурилаëтгани кўрилади.

XS
SM
MD
LG