Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2026, Тошкент вақти: 04:09

Украинада аҳоли квартираларда музлаб қолмоқда


Фавқулодда хизматлар ходимлари Киевда украиналиклар исинишлари ва мобил қурилмаларини қувватлашлари мумкин бўлган палаткаларни ўрнатди.
Фавқулодда хизматлар ходимлари Киевда украиналиклар исинишлари ва мобил қурилмаларини қувватлашлари мумкин бўлган палаткаларни ўрнатди.

Қиш миллионлаб украиналиклар учун даҳшатли синовга айланди: Россия томонидан энергетика объектларига қаратилган доимий ва мақсадли дрон ҳамда ракета зарбалари сабаб шаҳарларда иситиш ва электр таъминоти тизимлари ўчирилмоқда.

Дарьянинг квартирасидa шунчалик совуқки, исиниш учун у итини ёнига олиб, кўрпага ўралиб ётади. Газ плита духовкасида эса у ўтга чидамли қурилиш ғиштини қиздиради. Бу — паст ҳарорат шароитида тирик қолиш учун қўлланилаётган лайфхаклар.

«Бу шундай қизийди, кейин иссиқлик беради. Ичига стелькаларни ҳам қўйиш мумкин, ит оёқ кийимини ҳам қуритиш мумкин», — дейди Дарья. — «Уйда доим иссиқ кийимда юришга ва ухлашга тўғри келяпти: ҳарбий термобельё, икки жуфт треккинг пайпоқ, қалин кўрпа ва иссиқ чой. Ит ҳам иссиқ бўлгани учун мен билан кўрпа остига кўчиб ўтди».

Қиш доимий ва мисли кўрилмаган электр узилишлари билан юзлашаётган миллионлаб украиналиклар учун ҳақиқий даҳшатга айланди. Россия дронлари ва ракета зарбаларининг мақсадли ҳужумлари бутун мамлакат бўйлаб электр энергетикаси инфратузилмаси ва иссиқлик таъминоти объектларига оғир зарба бермоқда.

9 январдан — жорий йилдаги энг кучли Россия зарбаси берилган кундан бошлаб — авария хизматлари вайроналиклар оқибатларини бартараф этиш ва коммуникацияларни тиклаш учун фавқулодда, шошилинч режимда ишламоқда. Подстанциялар шикастланган. Электр узатиш линиялари устунлари қулаган. Иситиш ва иссиқ сув қувурлари ёрилган, электростанциялар тўхтаб қолган.

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, яқинда қарийб 300 та дрон ва ракета иштирокидаги ҳужумдан сўнг, 20 январь куни тунги ҳарорат минус 13 даражадан пастга тушган пайтда, бир миллиондан ортиқ одам қоронғиликда қолган. Эртанги куни эса пойтахтнинг қарийб 60 фоизи ҳали ҳам электр энергиясисиз қолган.

Киевдаги коммунал хизмат ходимларидан бирига кўра, ер музлаб қолгани учун коммуникацияларни таъмирлаш имконсиз бўлмоқда. — «Бу ҳақиқий қиш. Ерни, асфальтни, умуман ҳамма нарсани кавлаб тешиб ўтиш жуда қийин — анча оғир».

Ётоқда ит билан ухлаш — совуққа чидаш усулларидан бири. Хонани иситишнинг энг оммавий ва арзон йўли эса — ғиштлар: одамлар уларни газ плитада қиздириб, кейин стол устига қўяди, ғиштлар эса маълум вақт давомида иссиқлик тарқатиб туради.

«ЧИДАШ ИМКОНСИЗ»

Дарьянинг айтишича, унинг уйи бутун ҳафта давомида иситишсиз қолган. Кейин электр энергияси ва иссиқлик таъминоти тикланган, аммо кўп ўтмай яна ўчириб қўйилган. Квартирада ҳарорат 2 даражагача тушиб кетган.

«Дастлабки кунларда бу ерда бўлиш мутлақо чидаб бўлмас эди», — деди у Озодликка берган интервьюсида. Шу пайтда унинг ити норозилик билан ириллади. — «Мен сени тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Менга ҳам бу ёқмайди».

Киев мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, 20 январь куни пойтахтнинг «чап соҳил» қисми — Днепрнинг шарқий соҳилида жойлашган туманларнинг катта қисми электр энергияси ва сувсиз қолган.

Киевдаги жорий қиш сўнгги йиллардаги энг совуқ қишлардан бири.
Киевдаги жорий қиш сўнгги йиллардаги энг совуқ қишлардан бири.

Шаҳар бўйлаб ҳокимликлар авария иситиш тизимига эга палаткаларни ўрнатган. Кундузи эса World Central Kitchen — халқаро озиқ-овқат ёрдами ташкилоти волонтёрлари картошкали гўштли шўрва тарқатмоқда. Овқат олиш учун навбатлар пайдо бўлган.

«Биз кўп қаватли уйда яшаймиз, электр йўқ. Электр бўлмаса, плиталар ишламайди, иситиш ҳам йўқ. Шунда овқатни қандай қилиб иситамиз?» — дейди 6 ёшли набираси учун иссиқ овқат олишга навбатда турган пенсионерка Валентина Кирякова.

«Лекин ҳеч гап эмас, биз яшаб келяпмиз. Шикоят қилмаяпмиз — яшаяпмиз. Ва уруш кетаяпти, деб тушунамиз: сабр қилиш керак, омон қолиш керак», — дея тушунтиради у.

Иссиқ овқат учун навбатда Катя Прокопенко ҳам турибди. Унинг айтишича, электр йўқлиги сабаб электроплитада овқат тайёрлашнинг иложи йўқ.

«Болалар боғчага боради — боғчада, шукрки, уларни овқатлантиришади. Аммо дам олиш кунлари — мана, шу ердамиз», — дейди у.

«НИМА ҚИЛИШНИ БИЛМАЙМАН»

Болалар боғчалари ишламоқда, аммо Украина пойтахтидаги мактаблар февраль ойигача ёпилган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият электр энергиясини тежаш мақсадида шаҳардаги кўча ёритиш чироқларини хиралатиш бўйича кўрсатма берди.

Киев — Украинада Россия ҳужумларидан жабр кўраётган ягона шаҳар эмас. Россия зарбалари уч кишининг ҳаётига зомин бўлди ва фронт чизиғи билан бўлинган Запорожская областьнинг айрим туманларини электр энергиясидан маҳрум қилди. Мамлакатнинг шимолида эса электр таъминоти тармоқлари шикастланган, улар ишламай турган Чернобыл АЭС қолдиқларини электр билан таъминлаб турган эди. Бу эса фаолият юритмаётган объектда ёнғин ёки радиация чиқишининг олдини олувчи айрим фавқулодда тизимларни хавф остига қўйган.

Бу қишда Россия зарбалари натижасида Киевнинг энергетика тизими жиддий шикастланди, бу эса электр энергиясининг тез-тез ўчирилишига олиб келди.
Бу қишда Россия зарбалари натижасида Киевнинг энергетика тизими жиддий шикастланди, бу эса электр энергиясининг тез-тез ўчирилишига олиб келди.

10 январь куни Киевдаги биринчи қаватда жойлашган кекса пенсионер Татьяна яшайдиган квартирада иситиш ўчириб қўйилди. Жануб томонга қараган хоналарда ҳарорат тахминан 5 даража атрофида сақланган бўлса, қуёш тушмайдиган томонда у 2–3 даражагача тушган.

«Ҳозир бизда ҳеч нарса йўқ, ҳатто сув ҳам йўқ. Жуда совуқ, қишки кийимда юришга мажбурмиз», — деди у квартирини кўрсатар экан. Бу пайтда ташқарида ҳаво ҳужуми огоҳлантириш сиреналари овози янграб турарди. Ичкарида эса термометр 1 даражани кўрсатаётган эди. — «Ўзимни гўё карамдек ҳис қиляпман».

Татьяна ва яқинда юрагига операция қилинган эри совуқдан ҳимояланиш учун подоконникларга ёстиқлар қўйишган. Учта электр радиатори эса электр йўқлиги сабаб совуқлигича қолган.

Бир кун аввал улар эри билан қариндошлариникида туннашга мажбур бўлишган.

«Йўл излашга тўғри келяпти», — дейди у. — «Нима қилишни ростдан ҳам билмайман».

XS
SM
MD
LG