Халқаро ташкилотлар диний тақиқлар билан боғлиқ масалада Ўзбекистон амалиёти юзасидан аввал бир неча бор хавотир билдирган.
ДХХ раиси баёноти, Олий суд рўйхати
Олий суд матбуот хизмати 10 январ куни тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонда тақиқланган манбалар сони 1593тага етди.
- Telegram - 790;
- Instagram - 265;
- Facebook - 249;
- YouTube - 167;
- TikTok - 53;
- "Одноклассники" - 36;
- Шунингдек, рўйхатга 13та сайт, 20та китоб, маъруза ва нашидалар ҳам киритилган.
Уларнинг барчаси экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан қўғрилган деб топилган. Мазкур материалларни сақлаш, тарқатиш ёки оммалаштириш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Тақиқланган манбалар рўйхати ҳақидаги маълумот эълон қилинганидан уч кун ўтиб, 13 январда Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги баёнотида ушбу масалага тўхталди.
“Диний-экстремистик оқимлар томонидан интернет орқали радикал ғояларни тарғиб қилиши ва ёшлар, айниқса хориждаги мигрантларни ўз сафига ёллаши камаймоқда. Хусусан, ўтган йили Ўзбекистонда ва хорижда амалга ошириш режалаштирилган 11 та терактнинг олди олинди. Унга алоқадор 11 нафар Марказий Осиёлик шахснинг деструктив фаолиятига чек қўйилди. Бугунги кунда виртуал макон, айниқса ижтимоий тармоқлар, аҳоли орасида деструктив ғояларни тарқатишнинг асосий манбага айланиб, диний вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда” – деди Қурбонов. Аммо олди олинган “11та теракт” хақида қўшимча маълумот бермаган.
"Жавобгарликка тортишда тушунмовчиликлар учраб туради"
Ўзбекистонда тақиқланган диний ташкилотлар ва материаллар билан боғлиқ жавобгарлик Жиноят кодексининг 244-моддасининг 1 ва 3-қисмларида белгиланган. Экстремистик, сепаратистик ёки бошқа ноқонуний диний ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ёки иштирок этишда айбдор деб топилганлар 5 йилдан 15 йилгача қамалади. Қонунга хилоф диний материалларни тарқатганлар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Мазкур рўйхат ва уни қўллаш амалиёти юзасидан фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар турли мулоҳазаларини билдирмоқда.
“Олий суд томонидан экстремистик адабиётлар ва террористик ташкилотлар рўйхати доимий равишда янгиланиб бориши - табиий жараён, чунки дунёда янги адабиётлар пайдо бўлгани сари экстремистик ва радикал материаллар ҳам кўпайиб боради, шунингдек янги ташкилотлар тузилади. Кўриб турибмизки, дунёда вазият тинч эмас. Аммо давлат идораларида ишлаганларнинг диний радикал ташкилотлар ва экстремистик адабиётларни тушуниш даражаси, терговчиларнинг профессионаллиги ҳамда жамоатчиликнинг хабардорлиги - бу алоҳида масала. Чунки бу йўналишда Ўзбекистонда ҳали ҳам кўплаб муаммолар мавжуд. Масалан, тақиқланган диний адабиётлар ва диний экстремизм масаласини ҳаттоки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ҳам тўғри баҳолаш, ўрганиш ва бу асосда жиноий жавобгарликка тортишда муайян тушунмовчиликлар учраб туради” - дейди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда диний манбалар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларни тўплайди, Дин ишлари қўмитаси экспертиза ўтказади ва материаллар Олий судга тақдим этилади. Кейин суд қарори билан тақиқланган манбалар рўйхати тузилади ёки янгиланади.
Ўзбекистонда диний манбаларни тақиқлаш кўпинча уларнинг муайян ташкилот ёки мафкура билан боғлиқлигига асосланади. Суд қарорига биноан мамлакатда 22та диний ташкилот фаолиятига рухсат берилмайди, тақиқланган бир яримга яқин манба эса уларга алоқадор дейилади.
Ҳуқуқий саводхонлик муаммоси
Таҳлилчилар экстремистик ғоялар хавфини инобатга олган ҳолда диний манбалар устидан давлат назоратини асосли деб ҳисоблайди. Бироқ аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонлик етарли эмаслиги сабаб айрим ҳолатларда фуқаролар бундай материалларни тарқатиш жиноят эканини билмаслиги таъкидлашади.
Жамоатчилик фаоли Аслиддин Камолнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда мактаб ва олий таълим муассасаларида диншунослик фанлари мавжуд бўлса-да, улар етарли даражада ўқитилмайди, дин ва турли оқимлар ўртасидаги фарқлар эса ёшларга ўз вақтида ва тушунарли тарзда изоҳлаб берилмаяпти:
“Амалда кўп учратяпмизки, одамлар ижтимоий тармоқларда тақиқланган материалларга лайк босгани ёки уларни билмасдан тарқатгани учун жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлар бор. Бу, аввало, ватандошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслигини ва тарғибот‑тушунтириш ишлари камлигини кўрсатади. Маълум идоралар тақиқланган манбалар рўйхатини эълон қилади, аммо бу ҳақда жамоатчиликка етарлича тушунтириш берилмайди. Қайси мезонлар асосида ва нима учун тақиқлангани очиқ баён қилинмайди. Кўпчилик лайк босиш ёки материални тарқатиш жиноят ҳисобланишини билмайди. Лекин бу ҳақда билмаслик ҳам жавобгарликдан озод қилмайди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, тақиқланган манбаларни қарасангиз, деярли барчасининг номи Ислом дини билан боғлиқ. Шунинг учун бу рўйхатни “тақиқланган диний манба” деб эмас, “Ислом динига боғлиқ тақиқланган манбалар” деб қўйишса, тўғри бўларди. Бу ҳолат, аввало, ҳукумат томонидан мусулмонларга етарлича исломий билим берилмагани ва ўтган 35 йил давомида ислом динига нисбатан турли чекловлар қўйиб келингани билан боғлиқ”.
2023 йилда Тошкентдаги иқтисодиёт университети талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов Телеграмда диний мазмундаги қўшиқ – нашида ҳаволасини тарқатгани учун уч йилга қамалиб, кейинчалик унинг жазоси озодликни чеклаш турига алмаштирилган.
2024 йили Самарқанднинг Нуробод туманида 19 ёшли йигит Телеграмда нашида тарқатгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилган. У судда араб тилини тушунмаслигини, бошқаларга улашган материаллари экстремистик эканлигини билмаганини айтган.
2025 йили Сурхондарёда 18 ёшли йигит “Ислом давлати” экстремистик ташкилоти байроғи акс этган видеони сторисга жойлагани учун уч йилга қамалган.
Ўтган йили Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонда қамалган диний олим ва блогер, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга қўйилган айбловлар орасида ҳам тақиқланган диний материалларни тарқатиш ҳолати бор. Аммо у аввал фаолият юргизган Azon.uz ёки Azon Global каналлари Олий суд тақиқлаган манбалар рўйхатига киритилмаган.
Дин соҳасидаги ислоҳотлар, Халқаро ташкилотлар баҳоси
Ўзбекистон Конституциясига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
Ҳозирда 38 миллион аҳолиси бор мамлакатда Ислом Каримов даврида дин давлатнинг қаттиқ назоратида бўлиб, масжидлар фаолияти чекланган, азон тақиқланган ва ҳукумат танқидчилари ҳам кўп ҳолларда диний экстремизмда айбланган.
Экспертлар фикрича, қатъий назорат шароити айрим фуқароларнинг диний маълумотни яширин манбалардан излашга мойиллигини кучайтирган ва бу ҳолат баъзан уларнинг турли ноанъанавий оқимларга қўшилиб кетишига ҳам замин яратган.
Бироқ бундай қатъий сиёсат ҳам жамиятнинг айрим қатламини халқаро экстремистик гуруҳлар таъсиридан тўлиқ ҳимоя қила олмаган. 2014–2016 йилларда Сурия ва Ироқнинг айрим ҳудудларини эгаллаб олган “Ислом давлати” экстремистик ташкилоти сафига баъзи ўзбекистонликлар қўшилган. Уларнинг сони расман очиқланмаган бўлса-да, 2019 йилдан буён ҳукумат “Меҳр” гуманитар миссиялари орқали асосан аёллар ва болалардан иборат 531 нафар фуқарони мамлакатга қайтарди.
2016 йил охирида Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, дин борасида муайян юмшашлар кузатила бошлаган. Президент админстрацияси хабарига кўра, сўнгги йилларда 30та янги масжид қурилган, 150таси қайта қурилиб, 500таси капитал таъмирдан ўтган.
Аммо халқаро ташкилотлар индексида Ўзбекистон эътиқод эркинлиги юқори давлатлар қаторига қўшилмаган. Human Rights Watch ташкилоти 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистондаги диний тақиқлар билан боғлиқ ҳолатга ташвиш билдирган. БМТнинг махсус маърузачилари 2021 йилда Ўзбекистон қонунчилигида “экстремизм” тушунчасининг жуда кенг талқин этилиши сўз ва дин эркинлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирган.
Ҳукумат дин соҳасида ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва эътиқод эркинлиги таъминланаётганини таъкидлаб келади. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда баъзан эркакларнинг соқолини мажбурий тарзда олдириш ёки хотин-қизларнинг ҳижоб ўраш услуби танқид қилингани ҳақидаги хабарлар ҳам учраб туради.
2025 йил 25 февралда қабул қилинган виждон эркинлиги ва диний сиёсат концепцияси эса дин-давлат муносабатларини қайта шакллантиришга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида баҳоланган.
АҚШнинг Халқаро Эътиқод эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) янги ҳисоботида Ўзбекистонни Махсус кузатув рўйхатига киритишни тавсия этган.
Форум