Грознийда ЙТҲдан сўнг Чеченистон раҳбари Адам Қодировнинг ўғли олиб келинган республика шифохонаси ходимларининг телефонларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари текширган. Манбаларга таянилган ҳолда **Кавказ.Реалии** хабар беришича, муассаса персонали журналистлар ва мухолиф пабликлар билан мулоқот қилиш оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Нашр суҳбатдошининг айтишича, 17 январь куни бир гуруҳ полиция ходимлари шифохона бўйлаб юриб, нафақат тиббиёт ходимлари, балки беморларнинг ҳам телефонларини текширган.
«Ўзларини хушмуомалалик билан тутдилар, бу уларга топширилган вазифа эканини айтдилар. Телефонларда аниқ нима излаётганларини айтмадилар. Шифокорлар, бошқа ходимлар ва ҳатто беморларнинг ҳам телефонларини кўришди. Аммо беморларга унча қизиқишмади, асосан кўзга тушганларни текширишди», — деди манба.
Аввалроқ оммавий ахборот воситалари ва NIYSO мухолифат ҳаракати Чеченистон раҳбари ўғли кортежи иштирокидаги аварияда бир киши ҳалок бўлганини хабар қилган эди. **«Новая газета Европа»** маълумотларига кўра, ҳалок бўлган шахс — Адам Қодиров кортежидаги автомобил уриб кетган машина ҳайдовчиси. Нашр ёзишича, ЙТҲ «кортежнинг бош машинаси ҳайдовчиси чорраҳада қизил чироқ сигналига эътибор бермагани» сабабли содир бўлган. Бош машинада Чеченистон раҳбарининг ўғли ва уч нафар қўриқчи бўлган. Уларнинг барчаси Грознийдаги республика шифохонасига ётқизилган.
**«Новая газета Европа»** хабар беришича, Қодиров-кичикнинг қўриқчиси — Апти Ирасхановда бўйин умуртқасининг сингани аниқланган, қолганларида, жумладан Адам Қодировда эса ҳаёт учун хавфли бўлмаган жароҳатлар (бош мия чайқалиши, кўкаришлар, юз ва қўлларда кесилишлар, шунингдек, кам миқдорда қон йўқотиш) қайд этилган. Шунга қарамай, ҳудудий ҳокимият Қодиров ва унинг қўриқчиларини МЧСнинг тиббий самолёти орқали Москвага олиб кетишга қарор қилган.
**Кавказ.Реалии** манбаларига кўра, ЙТҲдан кейин Грознийдаги шифохонага яна тахминан 20 нафар одам олиб келинган.
«Асосан булар Адам Қодиров кортежидан бўлган шахслар эди. Ҳеч кимда жиддий жароҳат бўлмади, тонгга яқин уларнинг ҳеч бири шифохонада қолмади», — деди нашр суҳбатдоши.
Адам Қодиров кортежи иштирокидаги ЙТҲ ҳақида 16 январь куни маълум бўлган, ўша кеча уни самолётда Москвага олиб кетишган. **«ВЧК ОГПУ»** лойиҳасига кўра, Чеченистон раҳбарининг ўғли ҳозир Москвадаги Боткин номидаги касалхонада даволанмоқда.
**Кавказ.Реалии:** Полиция ЙТҲдан сўнг Қодировнинг ўғли олиб келинган Грознийдаги шифохона ходимларининг телефонларини текширди