Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:25

Москва ва Санкт-Петербургда муҳожир патенти яна қимматлайди


Россияда бериладиган ишга рухсатнома (патент)
Россияда бериладиган ишга рухсатнома (патент)

2019 йил 1 январдан Москва шаҳрида ишга рухсатнома олиш учун ойлик тўлов 4,5 минг рублдан 5 минг рублга кўтарилади.

Москва шаҳар Думаси тўловни кўтаришдан тушадиган қўшимча маблағ, жумладан, “Москвага ишлагани келаётган меҳнат муҳожирларига шароит яратиб беришга” сарфланишини эълон қилди.

Патентлар нархи Москва вилояти, Санкт-Петербург ва Россиянинг бошқа қатор минтақаларида ҳам оширилиши кутилмоқда.

Мосгордума “Жисмоний шахслар мулкларига солиқлар тўғрисидаги” қонунга киритган ўзгартишга биноан, патент тўловлари 1 январдан ​11%, яъни​ 500 рублга ошириладиган бўлди ва тақрибан 75 АҚШ долларини ташкил этади.

Москва Думаси депутатлари ўз қарорларини ўтган йилнинг ўзида Россия пойтахтида ишлаётган хорижликлар сони 29 фоизга ошгани билан изоҳлади.

- Мигрантлар учун патент 4,5 минг рубль эди. Биз бир маротаба кўтарган эдик, энди яна ошираяпмиз, ва бу, энг аввало, бизга меҳнат қилгани келаётган ва тегишли маълумотга эга муҳожирлар сони билан боғлиқ. Бошқа томондан, биз шу тариқа бюджетимизни тўлдираяпмиз ва бу маблағлар ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, шаҳримизда меҳнат муҳожирлари учун қулайроқ шароит яратишга сарфланади,- деди Москва шаҳар Думасининг Иқтисодий сиёсат ва молия масалалари бўйича қўмита раисаси Людмила Гусева журналистлар олдида қилган чиқишида.

2017 йилда Россия бюджети меҳнат муҳожирларидан олинган солиқлар эвазига 160 млрд рубль ёки 2,8 млрд АҚШ долларига бойиди.

Хусусан, 2017 йилда Россия пойтахти бюджетига мигрантлардан 15,7 миллиард рубль (277 млн. долл.) йиғилди. 2018 йилнинг биринчи 5 ойи давомида Москва шаҳар ғазнасига ойлик патент тўловларидан 7,7 млрд рубль (~122,6 млн.долл.) даромад келиб тушганки, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 20% ортиқроқдир.

Айни дамда, ишга рухсатнома Москва шаҳрида ўтган йили 4200 рублдан 4500 рублга кўтарилганини эслатиш жойиз.

Шу билан бирга, Москва вилояти депутатлари ҳам патент нархларини 450 рублга оширганини маълум қилди. 2019 йил 1 январидан меҳнат мигрантлари Москва вилояти бюджетига патент учун ойига 4750 рубль тўлайди. Москва вилоят Думаси шу тариқа вилоят бюджети муҳожирлардан қўшимча 1 миллиард йиғиб олишини эълон қилмоқда.

Санкт-Петербургда ҳам 300 рублга оширилган патентлар нархи эндиликда 3800 рублни ташкил этади.

Санкциялар таъсири остида қолган ва бюджет муаммоларига учраётган Россиянинг бошқа минтақа ҳукуматлари ҳам ишчи-мигрантлар ҳисобига ўз бюджетларини қоплашга киришди ва патент нархларини оширгани маълум бўлди.

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин шу йилнинг октябрида шаҳар легал меҳнат қилаётган мигрантлардан тушаётган солиқлар ҳисобига бойиб бораётгани ва бу кўрсаткич йил охирида 16 миллиарддан рублдан (245,2 млн. АҚШ долл.) ошишини кутаётганини билдирди.

Бугунга келиб Россияда легал тарзда меҳнат қилаётган 1 миллион 900 мингдан зиёд ўзбекистонлик сон жиҳатидан Украина ватандошларидан кейинги ўринни эгаллаб келмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG