Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:03

"Петербург аэропортида муҳожирлар суғурта полиси олишга мажбурланмоқда"


Муҳожирлардан фақат "Пулково"да тиббий суғурта полиси талаб қилинмоқда
Муҳожирлардан фақат "Пулково"да тиббий суғурта полиси талаб қилинмоқда

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига аэропорт орқали кириб келган муҳожирлар суғурта полисини олишга мажбурланаяпти. Бу ҳақда Озодликка ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари хабар қилди. Мутахассислар эса Россияга кириб келишда мигрантларга тиббий суғурта полиси зарур эмаслигини таъкидлашди.

“”Пулковода” полис олишга мажбурлашаяпти!”

Озодликка Телеграм тармоғи орқали боғланган 41 ёшли Маҳмуджон исмли ўзбек муҳожирларидан бири яқинда Петербургнинг “Пулково” аэропортида суғурта полиси билан боғлиқ содир бўлаётган ноҳақликка гувоҳ бўлганини сўзлаб берди:

- Яқинда икки кишини аэропортда кутиб олдим – акамни ва ўртоғимни. Чиқиб, мендан 1600 рублдан пул олишди, 3 ойлик “страховой полис”га. “Связной”га келсангиз, 500 рублга қилиб беради! Ўзингиз жуда яхши биласиз – у полис ишламайди, уни чиқиб, отворсангиз ҳам бўлади. Документларини олиб қўйиб, “Пул топасан, страховой қилдирасан, кейин чиқасан аэропортдан”, деб. Чамамда, шу божхонадагилар ҳам олаяпти – ҳаммаси шерик. Ёзаётганлар ҳаммаси ўзбек боллар! Петербургда ҳамма жойда полиция регистрация билан “страховой” сўрайди дарров, дейди Маҳмуджон.

Суҳбатдош аэропортнинг багаж бериладиган жойда туриб олган аэропорт ходимлари ташқарига чиқаётганлардан аввал суғурта полисини расмийлаштириш, кейин уларга кўрсатиб, ўз юкини олиб кетишга рухсат олмоқда, дейди.

Маҳмуджон бундан бир йил олдин Петербургга поездда келганида ҳам суғурта полиси билан боғлиқ муаммога дуч келганини айди. “Мен Россияга кириб келганимдан уч кун ўтиб полис расмийлаштирдим, аммо миграция ходимлари ушлаб олиб, 5 минг рубл жаримага тортганди “Сен чегарадан кириб келаётган кунинг қилишинг керак эди полисни”, деб”, деди у.

Озодлик сўровига “Пулково” аэропорти транспорт полициясида полициячилар аэропорт ичкарисида муҳожирларнинг ҳужжатини текширишга ваколати йўқлиги – бу ишлар билан миграция полицияси шуғулланишини билдиришди:

- Биз аэропортда ҳеч кимни текширмаймиз – бу билан миграция масалалари бўйича ходимлар шуғулланади. Полиция бу текширувларга алоқаси йўқ, чунки аэропорт ичкарисида ҳеч кимни тўхтатишга ҳаққи йўқ, деди Петербург аэропорти полиция навбатчи офицери.

Youtube каналида питерлик ўзбек блогерлари Петербургда ишлагани келаётган Ўзбекистон ватандошлари талабларига биноан “Пулково” аэропортида фаолият олиб бораётган суғурта компанияси вакиллари билан учрашгани борасида видеолавҳалар пайдо бўлди.

(Блогер Рустам Раҳмонов видеоси)

Унда ўзини Нажотбек деб таништирган сервис ходими блогер саволига “суғурта қилиш мажбурий ёки шарт эмаслиги” тўғрисида аниқ-тиниқ жавоб бераётганини кўриш мумкин.

У ишлагани келаётган муҳожирларга қуйидаги нархда суғурта полислари тайёрланишини айтади: ишга келаётган муҳожирларга 1600 рублдан;

ўқишга, сайёҳликка ёки хусусий масалалар билан Россияга кириб келаётган шахсларга 900 рублдан.

““Связной” салонида полис 499 рубл туради!”

“Пулково” аэропорти ва Санкт-Петербургнинг “Московский” темир йўл вокзалидаги суғурта полиси бўлмаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари дуч келаётган муаммолар борасида Озодлик олдин ҳам хабар берган.

Пулково аэропортидаги мажбурий суғурталашга оид бу вазият мавжудлигини Озодликка яна бир нечта ўзбекистонлик муҳожир гапирди.

Озодлик суғурта полислари аэропортдагидан анча арзон нархда ҳар бир “Евросеть” ва “Связной” салонида ҳам сотилаётганини аниқлади

- Энг ками 4 ойгача бўлган муддатга бизда 499 рублга полис расмийлаштириш мумкин, деди Петербургдаги “Связной” салони ходими.

“Тиббий суғурта полисини олиш меҳнат муҳожири учун мажбурийми?”

Озодлик суғурта сотилишининг меҳнат мигрантлари учун қанчалик зарур экани масаласида мутахассисларга ҳам мурожаат қилди.

Москвалик юрист, migrant.mobi портали асосчиси Ботиржон Шерматов Россияга визасиз мамлакатлардан кириб келаётган меҳнат муҳожирларига ҳеч қандай суғурта полиси шарт эмаслиги тўғрисида гапирди. У мигрантлар ишга рухсатнома расмийлаштирмоқчи бўлганида усиз ҳам Россия қонунчилигига мувофиқ “страховка” олишга мажбур, дейди:

- Страховка ишлаётган одамгагина керак. Ўз ишлари билан юрган одамга қонунда белгиланмаган. Патент олинаётганида талаб қилинади у. Виза режими жорий қилинган мамлакатлардан келаётганларга эса суғурта полиси олиниши шарт, деди Ботиржон Шерматов.

Аммо давлат шартномалари мавжудлигига қарамасдан, рус полицияси ва суд тизими ходимлари Россия 114-ФЗ қонунининг 27- моддаси 5- бандига ноҳақ равишда асосланиб ўзбек муҳожирларига жарима солаётгани ва ҳатто Россиядан чиқариб юбораётгани ҳолатлари учрамоқда.

Айни пайтда, Санкт-Петербургдаги “Проверки.нет” адвокатлик бюроси олиб борган махсус текширув давомида ҳам визасиз мамлакатлардан, хусусан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан Россияга кириб келаётган гражданлар учун тиббий суғурта полисини расмийлаштириш зарур эмаслигини аниқлаган.

Петербурглик ҳимоячилар суд ва полиция Россия қонунчилигини юзаки таҳлили асосида ҳукм чиқараётгани, зеро Россия ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ўртасида давлатлараро шартномалар мавжудлигига эътибор қаратди.

Адвокатларнинг саволларига жавоб берган Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик департаменти директори муовини А.Фроловга кўра, Россия Федерацияси қатор мамлакатлар билан халқаро шартномалар имзолаганки, бу давлатлар гражданлари Россияга кириб келаётганида суғурта полисларини сотиб олмасликлари мумкин.

Россия ҳукумати 1998 йил 11 декабрда қабул қилган 1488-сонли “Хориж гражданларини тиббий суғурталаш тўғрисида Низоми”нинг 2- моддасига биноан, Россия ҳудудида вақтинчалик қолаётган МДҲ давлатлари ватандошларининг тиббий суғурталаниши бу давлатларнинг Россия Федерацияси билан имзоланган халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.

Яъни, давлатлараро шартномаларга мувофиқ, ҳар қайси мигрант Россиядаги ҳар бир давлат тиббий муассасаларида ҳеч қандай суғурта полисисиз бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эгадир!

Демак, МДҲ давлатларидан визасиз келаётган ватандошлар Россияга кириб келаётганида тиббий суғурта полисини расмийлаштириши мажбурий эмас.

Шунингдек, “Проверки.нет” адвокатлари таъкидлашича, 2000 йилнинг 30 ноябрида Минскда Россия ва Ўзбекистон республикалари ўртасида гражданларнинг ўзаро борди-келди борасида имзоланган Келишувнинг моддасида “Ўзбекистон ватандошларига Россияга кириб келиш учун ягона МИЛЛИЙ ПАСПОРТ зарурлиги”гина кўрсатилган.

Мазкур ҳужжатга биноан, ўзбекистонликлар учун бошқа ҳужжат расмийлаштириш зарурати йўқ.

XS
SM
MD
LG