Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 18:12

Россияга Миграция агентлиги жўнатган ўзбекистонлик "ярим қул"га айлантирилганини айтди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Ростов шаҳрига Тошкентда тузилган шартнома асосида ишга жўнатилган ўзбек муҳожири Россияда яна бир шартнома тузилгани, натижада ўзбекистонликлар "ярим қуллик ҳолатида ишлашга мажбур бўлаётганидан" арз қилди. Ўзбекистонликларни Ростов вилоятига жўнатган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Тошкент вилоят бўлими ​вакили оғир аҳволда қолган ватандошларига "агентлик юристига арз қилиш"ни тавсия қилиш билан чекланди.

Россиянинг Ростов вилоят, Шахти шаҳридан Озодликка мурожаат қилган андижонлик Ҳасанбой Шамсиддиновнинг айтишича, у Россияга Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ёлланиб, жўнатилган.

Суҳбатдош бу ишга жойлашиш учун Миграция агентлигига "2,5 миллион сўм атрофида маблағ бергани", аммо унга ваъда берилган шароитлардан қониқмаганини айтди.

- Улар Ростов шаҳрига тикув цехига жўнатди. "35-40 минг рубл ойлик, иш “сдельний”, яъни ишбай асосида қилган ишингизга пул беради", деб ваъда қилишган. Бу ерда эса, қилган ишни эмас, соат ёзаяпти, норма қўйяпти: нормани эплолмасангиз соатингиздан кесаяпти. “Сдельний” унақа бўлмайдику! Мен неча йиллардан бери бошқа жойларда ишлаганман, биламан. Улар “4 минг рублли ойлик патентни ҳам тўлайсан, 13 фоизли солиқ ҳам ушлаб қолинади ойлигингдан”, деяпти. Ётоқ, овқат бераяпти, аммо уларга ҳам пул ёзилаяпти. Бу нарсалар ҳақида нега бизга айтилмаган Тошкентда? Тахминларим бўйича, 20-25 минг рубл пул чиқади, деб ўйлаяпман. Чиқиб кетсам мени депорт бўлишим билан қўрқитаяпти иш берувчи, дейди Ҳасанбой.

Андижонлик йигитнинг сўзларига кўра, Миграция агентлигига у берган 2,5 миллион ўзбек сўмидан 900 минги йўл кирага, 100 минг сўм махсус форма тикилишига ва қолган пул турли бож-тўлов ва агентликнинг "хизмат ҳақи"га сарфланиши айтилган.

Муҳожир Шахти шаҳридаги “БТК” корхонасида ўзбек муҳожирлари ҳарбий кийим, асосан, солдатлар формасини тикаётганини маълум қилди.

"БТК Текстил" - ярим ҳарбий корхона бўлиб, унинг раҳбарияти ўзбек Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Андижонлик Ҳасанбой Шамсиддиновнинг айтишича, у билан бирга Шахтига Тошкентдан яна 40 киши шартнома асосида 1,5 ой олдин келган.

Ҳасанбой келганидан кейин улар билан Тошкентда имзоланганидан ташқари яна бир шартнома имзолангани ва барча бундан норози бўлаётганини билдирди.

Маълум бўлишича, уларни Ростов вилоятига ёллаб келтирган “Стандарт” ширкати раҳбарияти рухсатисиз ўзбек ишчилари ҳатто ташқарига чиқишга ҳаққи йўқ экан.

- Ҳозир булар айтаяпти: “Агар кетадиган бўлсанг, қилган расходларимни тўлайсан, кейин хоҳлаган томонга кетавер”, деяпти. Қизиғи, шартнома тузилганидан кейин мен яна чегарага чиқиб келишим керак экан. Акс ҳолда бошқа патент қила олмас эканман. “Тошкентдаги гапларни унут – бу ҳаммаси лохотрон! Сизларга у ерда нима ваъда берилган билмадим – бизнинг хизматимиз шу: хоҳласанг ишла, бўлмаса – чиқ!”, деяпти, деди Ҳасанбой.

Андижонлик йигит уларни ишга жўнатишга масъул Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ходимлари телефон рақамлари ишламаётганини ҳам айтди.

Маълум бўлишича, Ростов вилоятидаги тикув цехларига ўзбекистонлик ишчиларни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Тошкент вилоят бўлими жўнатган.

Бўлимнинг бош мутахассиси Шаҳбоз (фамилиясини айтишни истамади) Озодлик сўровига “шартнома бузилсагина чора кўрилиши мумкинлигини” билдириб, деди:

- Шартнома тузилганидан кейин у бузилсагина бизга мурожаат қиласиз. Ростовдаги фуқароларга тушунтирилган: у ерда объёмга қараб иш берилар экан. Фуқаро шу объёмни бажарсагина ойлигини вақтида олади. Уларнинг ҳеч қандай ҳуқуқлари поймол этилмаяпти!

Озодлик: “Бизга тўғри келмаяпти, тирикчилигимиз ўтмайди, уйга пул жўнатишимиз керак”, деб айтса, “Рухсатимсиз ҳеч қаёққа кетмайсан!”, деяпти экан...

- Тўғри! Чунки шартнома бор-да. Шартнома бузилган бўлса, агентлигимиз юридик бўлимига телефон қилинглар – юристларимиз ҳал этишга мажбур! деди Миграция агентлиги вакили.

Ҳасанбой Шамсиддинов эса, у билан бирга келган бошқа ўзбекистонлик ёлланма ишчилар биринчи маошни олиб кетишга шай эканини билдирди.

- Буларда ҳозир пул йўқ – кетадиган кўп. Пул йўқлиги учун “Бир ойча ишлаймиз”, деяпти. Ўзбекистон, Тошкентдан ҳали биров чиқиб, хабар олгани ҳам йўқ. Бизни ёллаб келган ташкилот “Тошкентдаги ҳолатни унутинглар! Ким шу нарсани ковлайдиган бўлса – сурсин бу ердан”, деяпти. Фақат патент пулини тўлаб кетсин экан, деди Ростовга меҳнат контракти асосида келган Ҳасанбой Шамсиддинов.

Ҳасанбой шу кунларда маош бермаса ҳам ишдан бўшаб, чегарадан “кирди-чиқди” муҳрини бостириб, Москвага иш излаб кетишини ҳам суҳбат сўнггида маълум қилди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмий сайтида Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси ватандошларини ишга қабул қилиш давом этаётганини кўриш мумкин.

XS
SM
MD
LG