Линклар

Шошилинч хабар
11 ноябр 2025, Тошкент вақти: 22:36

"Душманлик ва нафрат кайфияти". Россияда кўчада намоз ўқийдиган мигрантлардан норозилик кучаймоқда


Москвадаги Марказий масжид ташқарисида мусулмонлар Қурбон ҳайити намозини адо этишмоқда.(Архив сурат)
Москвадаги Марказий масжид ташқарисида мусулмонлар Қурбон ҳайити намозини адо этишмоқда.(Архив сурат)

Россиянинг Узоқ Шарқдаги Хабаровск шаҳридаги бир автобус ҳайдовчиси ўтган ой йўловчилар автобус ичида кутар экан, терминалда намоз ўқигани учун тергов қилинди.

Марказий осиёлик мигрант бўлиши тахмин қилинаётган бу одам айбсиз деб топилди — чунки у дам олиш вақтида бўлган. Бироқ унинг намоз ўқиётгани акс этган видео интернетда катта ғазаб уйғотди.

Россияда, жумладан Марказий Осиёдан келган миллионлаб мусулмонлар яшайди. Улардан айримлари кўчаларда ва пиёдалар йўлакларида намоз ўқийдилар. Аммо кўчада намоз ўқиш амалиёти сўнгги пайтларда Россияда тобора ортиб бораётган мусулмон мигрантларга нисбатан душманлик ва зўравонлик кайфиятини кучайтириб, тобора кўпроқ норозилик уйғотмоқда.

Марказий осиёлик мигрантлар 2024 йил март ойида Москвадаги Crocus City Hallда содир этилган қонли террорчилик ҳужумидан сўнг Россияда кучайган полиция рейдлари, депортациялар ва турли таъқибларга дуч келмоқда. Ҳужум билан боғлиқ деб гумон қилинган бир нечта тожик фуқаролари қўлга олинган.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, йўлакда, автотураргоҳда ёки жамоат транспортида намоз ўқиш “бошқаларга нисбатан ҳурматсизлик” ёки ҳатто “провокация” деб қаралиши мумкин. Бироқ намозхонларнинг сўзларига кўра, Россиянинг кўплаб ҳудудларида, жумладан Москва ва Санкт-Петербургда ҳам масжидлар етарли эмас. Шу билан бирга мусулмонлар кунига беш маҳал намоз ўқишади, бу эса иш вақтида масжидга боришни қийинлаштиради.

Март ойида Россиянинг Тинч океани қирғоғида жойлашган Владивосток шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган: ижтимоий тармоқларда ҳайдовчининг ўз автомобили олдида намоз ўқиётган видеоси тарқалгандан кейин маҳаллий ҳокимият уни интизомий жавобгарликка тортди.

Владивосток шаҳар маъмурияти баёнотида шундай дейилган:

“Ҳайдовчига бошқаларга ноқулайлик туғдирмаслик учун диний маросимларини бажаришда муқобил, яъни сокинроқ ва ажратилган жойларни танлаш тавсия этилди.”

Москва шаҳрида мусулмон эркак масжид ташқарисида, тўхтаб турган автомобиллар орасида намоз ўқимоқда. (Архив сурати)
Москва шаҳрида мусулмон эркак масжид ташқарисида, тўхтаб турган автомобиллар орасида намоз ўқимоқда. (Архив сурати)

Мусулмон мигрантларнинг жамоат жойларида намоз ўқиши масаласи Россиянинг юқори даражали амалдорлари томонидан ҳам кўтарилди.

«Мен мусулмонларнинг намозига қарши эмасман, аммо кимдир метрода жойнамоз ёйса ёки микроавтобус ҳайдовчиси намоз ўқий бошласа — бу анча ғалати», — деган Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеев ўтган октябрда Ўзбекистонга ташрифи чоғида.

Кўчада намоз ўқиш амалиёти ҳатто мусулмонлар орасида ҳам баҳсли масала ҳисобланади.

Ислом таълимотига кўра, мусулмонлар паркда, аэропортда ёки иш жойида - агар улар покиза бўлса - намоз ўқишлари мумкин, аммо бошқаларга халал бермайдиган муносиб жойни танлашлари лозим бўлади. Шу билан бирга, қабристон ёки ҳожатхона каби жойларда намоз ўқиш жоиз саналмайди.

Тожикистонлик диний олим Адҳам Ҳайдарзода Озодлик билан суҳбатда шундай деди:

«Ислом ибодат қилувчиларга йўлларда, одамлар юрадиган ёки йиғиладиган жойларда намоз ўқишдан сақланишни тавсия этади».

Мигрантлар вазият ёмонлашишидан хавотирда

Россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Валентина Чупикнинг таъкидлашича, исломий ибодат амалиётларига нисбатан кучайган назорат Марказий Осиёлик мигрантларни янада кўпроқ камситишга олиб келиши мумкин.

Чупикнинг огоҳлантиришича, интернетдаги бундай воқеалар юзасидан пайдо бўладиган ғазаб кўпинча ҳаётда ҳам душманлик ва нафрат кайфиятига айланади, стереотипларни мустаҳкамлайди ва ижтимоий бўлинишни чуқурлаштиради.

Марказий осиёлик мигрантлар эса кўчада намоз ўқиш уларга қарши жавоб чоралари ёки тазйиқка сабаб бўлишидан хавотирдалар.

34 ёшли тожикистонлик такси ҳайдовчиси Далер (фақат исмини айтишни хоҳлади) шундай дейди:

«Мен кўчада ёки бинолар ёнида, ҳатто чиқиндихоналар ёнида намоз ўқиётган мигрантларни кўрганман. Улар асосан тожик, ўзбек ёки қирғиз таксичилар бўлиб, масжидга етиб боргунча намоз вақти ўтиб кетишидан қўрқишади».

«Бундай ҳолат одамларнинг эътиборини тортса-да, мигрантларга нисбатан нафратни кучайтиради. Мен диний эркинликни ҳурмат қиламан, лекин одамларга ноқулайлик туғдирадиган жойда намоз ўқиш орқали мигрантларга қарши душманликни яна кучайтириш керак эмас, деб ўйлайман», дея қўшимча қилади тожикистонлик мигрант.

Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) байрами муносабати билан Марказий масжид ташқарисидаги намозда. (Архив сурати)
Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) байрами муносабати билан Марказий масжид ташқарисидаги намозда. (Архив сурати)

Жамоат жойларида намоз ўқиш ҳақидаги баҳслар фақатгина Россия билан чекланмаган.

2011 йилда Франция ҳукумати пойтахт Париж кўчаларида намоз ўқишни тақиқлади. Кўчада намоз ўқиш масаласи ўнг қанот сиёсий гуруҳлар уюштирган норозилик намойишларидан кейин сиёсий мавзуга айланди.

Британияда ҳам бу масала баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. 2021 йилда Лондоннинг Тауэр кўпригида янграган азон кенг жамоатчилик танқиди ва интернетдаги миграция ҳақидаги тортишувларни келтириб чиқарди. Ваҳоланки, тадбир ташкилотчилар бунинг учун расмий рухсат олишган эди.

XS
SM
MD
LG