Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:13

Фарғоналик оила Олмаотадаги тартибсизликлар пайтида бедарак кетган яқинини қидирмоқда


Бедарак кетгани айтилаётган Зиёджон Қўчқоров 6 фарзанднинг отаси. (Сурат Зиёджон Қўчқоров оиласи томонидан тақдим қилинган)
Бедарак кетгани айтилаётган Зиёджон Қўчқоров 6 фарзанднинг отаси. (Сурат Зиёджон Қўчқоров оиласи томонидан тақдим қилинган)

Қозоғистонда январь ойи бошида содир бўлган оммавий норозилик ва тартибсизликлар пайтида бедарак кетган фарғоналик 43 яшар ўзбек муҳожирининг яқинлари унинг тақдиридан хавотир билдирмоқда. Олти фарзанднинг отаси бўлган Зиёдбек Қўчқоров 5 январь куни ишга чиқиб кетганича оиласи ундан бошқа хабар олмаган.

Қозоғистон ҳукумати тартибсизликларга алоқадор шахсларни қидириш давом этаётганини айтмоқда. Қозоғистон полицияси биргина Нур-Султон шаҳрида ўтган ҳафта 17, бу ҳафта яна 18 нафар Ўзбекистон ватандоши миграция қонунчилигини бузгани учун ушланганини маълум қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳозирга қадар қўшни мамлакатдаги воқеаларга алоқадорликда ўзбек фуқаролари ушлангани тўғрисида маълумот йўқлигини айтган.

"Зиёджоннинг йўқолганига 20 кун бўлди"

Яқинларига кўра, шу йилнинг 5 январь куни ўзининг Олмаота яқинидаги уйидан чиқиб кетган 43 яшар Зиёджон Раҳмонович Қўчқоровнинг қаердалиги ҳозиргача номаълум қолмоқда.

Зиёджон аслида Фарғона вилоятининг Фурқат туманидан. У анча йил олдин Қозоғистонга ишлагани кетиб, у ерда қозоғистонлик Светлана Сарсенбаева билан турмуш қурган ва ҳозирда 6 нафар фарзандни бирга тарбия қилиб келишади.

Озодлик билан суҳбатда Светлана 20 кундан буён эрининг қаерда эканини аниқлай олмаётганини айтди:

Светлана Сарсенбаева
Светлана Сарсенбаева

- 5 январь куни ишга бораман деб, эрталабки соат 9ларда чиқиб кетганди. Унда Ўзбекистон гражданлиги бор, менда Қозоғистонники. Олтита фарзандимиз бор, шу болаларимнинг отаси бўлади. У Олмаотада қурилишларда ишлаб юрарди. Тушлик пайтида қўнғироқ қилиб, “Қалқамандаги блокпостда одамларни чиқармаётир”, деди. Шундан бери дараги йўқ. Мен Олмаотанинг барча туман ИИБларига мурожаат қилдим. Йўқ бизда, деган жавоб оляпман, -деди ўзбек муҳожирининг аёли.

Озодлик Зиёджон Қўчқоровнинг Россияда ишлаётган жияни Азимжон билан ҳам боғланди. Азимжон ҳозирча оила-аъзолари фақат қозоқ полициясига мурожаат қилгани, Ўзбекистон расмийларига амакиси йўқолгани тўғрисидаги маълумотни қандай етказишни билмаётганини айтди.

Озодлик журналистлари ҳам Ўзбекистоннинг Олмаотадаги консулхонасига кун давомида боғлана олмади.

Нур-Султондаги Ўзбекистон элчихонасининг Озодлик боғланган ходими Зиёджон Қўчқоров масаласини ўрганишга ваъда берди.

- Қўчқоров масаласида биз маълумотни текшириб кўрамиз. Эртага (25 январь куни - таҳр.) ходимимиз сизга алоқага чиқиб, натижалар бўйича хабар беради, - деди исмини айтмаган элчихона ходими.

"Ташқи кучлар" ва қўшни давлат фуқаролари

Қозоғистон расмийлари 2 январь куни мамлакат ғарбида бошланган ва оммавий норозилик намойишлари ҳамда тартибсиликларга айланиб кетган воқеаларда "ташқи кучлар"ни айблашган. Президент Тоқаев ҳодисаларда Марказий Осиё ҳамда Яқин Шарқдан келган қуролли жангарилар қатнашганини даъво қилган, аммо ҳозирга қадар бу даъволарни тасдиқловчи далиллар ошкор этилмаган.

Қозоғистондаги "террорчилик ҳаракатлари"да иштирок этиш учун ёллангани айтилган шахслардан бири қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рузахунов бўлиб чиқди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилик нотаси ортидан Рузахунов Олмаотадаги ҳибсхонадан озод қилиниб, ватанига юборилди.

Қирғиз расмийларига кўра, Олмаотадаги ҳодисалар вақтида қўлга олинган ва полиция бўлимида қаттиқ калтакланган яна бир қирғиз фуқароси Чўлпонбек Сидиқов ҳозирда касалхонада қолмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги воқеаларга алоқадорликда мамлакат фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқлигини маълум қилган эди.

17 январь куни Қозоғистон чегарачилари жанговар ўқдан жароҳатланган Ўзбекистон ватандошини қўлга олгани ҳақида хабар тарқатди. Ўзбекистон Республикасининг Олма-ота шаҳридаги Бош консулхонаси бу маълумотини рад этиб, қўлга олинган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслигини билдирди.

24 январь куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистон пойтахтидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ҳужжатсиз ушланган 17 нафар Ўзбекистон ватандошлари сақланаётгани тўғрисида хабар берди.

Қозоғистон ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони бўйича иккинчи ўринда туради, ҳар йили юз минглаб ўзбекистонликлар пул топиш илинжида мавсумий ишлар учун Қозоғистонга сафар қиладилар.

Ўзбек томони 15 январдан бошлаб икки давлат фуқароларининг Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикаси билан Давлат чегарасини кесиб ўтиши вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.

Чеклов коронавируснинг янги - омикрон штамми тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилингани айтилди.

Мамлакат ғарбида газ нархларининг оширилишидан бошланган ва президент Тоқаев "давлат тўнтаришига уриниш" деб таърифлаган воқеаларда, расмийларга кўра, камида 225 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ одам жабрланган.

10 мингга яқин одам воқеаларга алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган, юзлаб жиноят ишлари қўзғатилган.

Расмийларга кўра, ҳозирда 450 га яқин одам ҳибсда қолмоқда.

Қозоғистон ҳукумати Европа парламенти депутатларининг халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириғини рад этган.

XS
SM
MD
LG